You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Толибон ҳамон учоқлар қайтарилишини талаб қилмоқда ва вазир ягона мактаб формаси тўғрисидаги сўзларида собитми? O'zbekiston Yangiliklar
- Толибон яна учоқлар мавзуси ҳақида гапирди;
- Ягона мактаб формаси тўғрисидаги баёнот ҳукумат қарори билан тасдиқланади - вазир
- "Дарахтлар қирғини" ортидан пойтахтда экорейдлар бошланди;
- Ўзбекистон ва Беларус автоташувларга рухсат бериш тизимини бекор қилмоқчи;
- Ўзбекистонда "Оқила аёллар" ҳаракати ташкил этилди;
Яна учоқлар можароси
Толибон 2021 йилнинг августида Афғонистон ҳарбийлари Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочган ҳарбий вертолётлар "яқин келажак"да қайтариб олинишини таъкидлаган.
"Вертолётлар афғон халқи мулкидир", дея Афғонистон муваққат ҳукумати Мудофаа вазирлиги сўзчиси Инаятуллоҳ Хоразмийдан иқтибос келтирган ToloNews нашри.
Нашр Хоразмий Ўзбекистон ва Тожикистонда қолаётган вертолётлар "қайтарилиши ва ҳисобга олиниши"ни таъкидлагани ҳақида ёзган.
Толибон Афғонистон собиқ ҳукумати ҳарбийлари қўшни давлатларга олиб қочган 50 га яқин ҳарбий учоқларнинг қайтарилишини бир неча бор талаб этиб чиққан.
Апрель ойида Америка Овози билан суҳбатлашган президент Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев авиатехникалар Кобулга қайтарилмаслигини билдирган эди.
"Улар учун АҚШ ҳукумати пул тўлаган. АҚШ аввалги Афғон ҳукуматини ҳам молиялаштирган. Шундай экан, авиатехника масаласини ҳал этиш бутунлай Вашингтоннинг ихтиёрида эканига ишонамиз", деган Эргашев ўшанда.
Алоқадор мазвулар:
- Толибон Ўзбекистонга ҳам таҳдид қилдими? Афғонистон-Ўзбекистон
- Ўзбекистон: Тошкент Афғон анжумани меҳмони Толибон - Видео
- Диққат, Ўзбекистон: Конституцияни ўзгартиришдан мақсад нима?
- Ўзбекистон: Қодиров Gazeta.uz мақоласини ёлғон деб атади, ички ишлар ходимлари энди депутатларга ҳисоб беради ва энг “бюрократ” ташкилотлар
Мактаб формаси бўйича ҳукумат қарори
Ягона мактаб формаси мажбурий бўлмаслиги яқин вақт ичида ҳукумат қарори билан тасдиқлаб қўйилади, деган халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 8 август куни ўтган матбуот анжуманида.
Вазирнинг сўзларига кўра, қарорни ишлаб чиқишга маълум вақт талаб этилади.
Янги ўқув йилида ягона мактаб формасининг жорий этилиши тўғрисидаги хабар кенг жамоатчилик муҳокамаси ва маълум норозиликка сабаб бўлган эди.
27 июль куни вазир Саидов ушбу хабарларни рад этиб, ягона мактаб формаси ҳали жорий этилмаганини маълум қилган эди.
Саидов ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилиши, айни вақтда ягона мактаб формасида дарсга келган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътироз билдирилмаслиги ҳамда ўқувчи-қизларга мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари ман этилмаслиги ҳақида гапирганди.
Бироқ вазирнинг ушбу сўзлари жамоатчиликда у қадар ишонч уйғота олмагани кўзга ташланган.
"Мен ҳам вазир сифатида ҳукумат аъзоси ҳисобланаман. Ҳам вазир, ҳам ҳукумат аъзоси сифатида ўша баёнотни қилдим.
Баёнотда айтилган гаплар ҳам Вазирлар Маҳкамасига бошқа қарорлар лойиҳаси киритилганда, албатта, ўз аксини топади. Бу ишлар қилиниб бўлинган, яқинда бу ҳақда эшитасизлар, деб ўйлайман. Яъни бу қонуний тусга эга бўлиб, ҳужжатда ҳам акс этади", деган Саидов 8 август куни.
Эрта тонгдан экологик рейд
9 август куни эрта тонгда пойтахт Тошкентда экологик рейд бошланган.
Давлат экология қўмитаси рейдни ўтказувчи экопатрул инспекторлари экология, Миллий гвардия, ички ишлар ходимларидан иборат эканини маълум қилган.
Экорейдлар давомида назорат ишларидан ташқари инспекторлар "аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш борасида" тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориши ҳам хабар қилинган.
Экологик рейдлар Тошкентнинг Чилонзор туманидаги йўл кенгайтириш ишлари вақтида юздан зиёд дарахтга шикаст етказилгани тўғрисидаги хабарлар қизғин жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлгани ортидан старт олган.
8 август куни Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов дарахтларга шикаст етказилгани юзасидан селектор ўтказган.
Маҳаллий матбуот мазкур ҳолат селекторда кескин танқид қилингани ҳамда президент топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва туман прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилгани ҳақида ёзган.
Бир вақтнинг ўзида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан эълон қилинган билдирилган.
Беларус билан келишув
Ўзбекистон ва Беларус автоташувлар бўйича рухсат бериш тизимини бекор қилиш юзасидан иш бошлашга келишиб олган.
Бу ҳақда Беларус Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Минскда ўтган учрашувда томонлар халқаро автомобилларда юк ташишни амалга оширишга рухсат бериш тизимини бекор қилиш масаласи бўйича иш олиб боришда якдил тўхтамга келган.
Хабарда ушбу ишлар қачон якунланишига ойдинлик киритилмаган.
"Оқила аёллар" ҳаракати
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан "Оқила аёллар" ҳаракати ташкил этилган.
Қарорда ҳаракатнинг асосий вазифалари нималардан иборат экани кўрсатиб ўтилган.
Улардан энг муҳимлари:
- маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, ибратли ота-она бўлишнинг аҳамияти, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналарнинг ролини кенг тарғиб қилиш;
- аёллар, айниқса, ёш қизларда оилага ва Ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик туйғуларини сингдириш, "одобли қиз" ва "маърифатли она" қиёфасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
- хотин-қизларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларга қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқчил тильда тушунтириш.
- фарзанд, айниқса, қизлар тарбияси, оила, оналар маънавиятини юксалтириш, оилаларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш.
Ҳаракат, қоида тариқасида, Қўмитада — 50 нафар, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларида — 35-40 нафардан, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларида — 30 нафардан фаол ва ташаббускор аёллардан иборат таркибда шакллантирилади.
Бунда туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан ҳар бир маҳаллада 15 нафар фаол ва ташаббускор аёллардан иборат Ҳаракатнинг бошланғич гуруҳлари ташкил этилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek