Оммавий тартибсизлик ташкилотчилари қўлга олинди - Қорақалпоғистон раҳбарияти баёноти O'zbekiston, yangiliklar

Published

Нукусдаги намойиш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот чиқарди. Унда "иғвогарлар йиғилган фуқароларга таянган ҳолда ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга урин"гани айтилади.

Баёнотда оммавий тартибсизликлар ташкилотчиларининг бир гуруҳи ҳамда ҳуқуқ тартибот органи ходимлари фаол қаршилик кўрсатган шахслар қўлга олинганини маълум қилинди.

Баёнотнинг тўлиқ матнини келтирамиз:

"Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган очиқлик ва хоҳиш-иродани эркин ифода қилиш сиёсатига қарамай, 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида бир гуруҳ жиноятчи шахслар Қорақалпоғистон Республикасининг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни ташкил этди.

Популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғдилар.

Иғвогарлар йиғилган фуқароларга таянган ҳолда ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уриндилар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қабул қилинган қатъий чоралар билан ташаббускорларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари тўхтатилиб, оммавий тартибсизлик уюштиришга уринишлар тарқалишига чек қўйилди.

Шуни ишонч билан айтамизки, давлатимиз вазиятни янада беқарорлаштирилишига йўл қўймаслик учун барча зарур салоҳиятга эга. Оммавий тартибсизликлар ташкилотчиларининг бир гуруҳи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга фаол қаршилик кўрсатган шахслар қўлга олинган. Ҳозирда уларга нисбатан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча иғвогарларнинг шахси аниқланади ва улар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши таъминланади.

Республикадан ташқаридаги носоғлом кучларнинг Қорақалпоғистондаги вазият ривожига, шу жумладан аниқ йўналтирилган ахборот хуружлари ва рўй бераётган воқеаларни қасддан бузиб кўрсатиш орқали таъсир қилишга уринишлари қайд этилмоқда.

Юзага келган вазиятда жамоат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда, фуқароларни ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан огоҳлантириб, юзага келган масалаларни қонун доирасида ҳал қилишда биргаликда саъй-ҳаракат қилишга чақирамиз".

Би-би-си жума куни тушдан сўнг Нукус шаҳрида бир гуруҳ норози кишилар шаҳар марказидаги Деҳқон бозори ёнида намойиш ўтказгани ҳақида хабар берганди.

Уларнинг нима талаб қилгани Би-би-сига номаълум, аммо олдинроқ бир гуруҳ шахслар Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардан норози эканлиги хабар берилганди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда шовқин кучли бўлгани сабаб одамларнинг нима талаб қилаётганини тушуниш қийин.

Бир тасвирда кичик юк машиналардан махсус кийинган, қўлига резина тўқмоқ ва қалқон ушлаб олган махсус кучлар ходимлари тушаётгани акс этган.

Яна бир видеода эса одамлар тўпланиб бир томонга юраётгани уларнинг қаршисида махсус кийимли ҳуқуқ тартибот органи ходимлари турганини кўриш мумкин.

Ижтимоий тармоқларга кейинроқ қўйилган тасвирларда одамлар бир жойга тўплангани ва уларнинг орасида кимдир микрофонда гапираётгани акс этган.

Видеоларнинг бирида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камаловнинг намойишчилар қаршисига чиққани акс этганини кўриш мумкин.

1 июль куни Тошкент вақти билан соат 21:25 да Ўзбекистон ИИВ ҳолат юзасидан баёнот чиқарди.

"Жорий йилнинг 1 июль куни соат тахминан 15.00 лардан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар, республикамизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишлари оқибатида, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилиб, Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштиришган.

Мазкур ҳолат юзасидан, жамоат тартибини бузилишини олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида, деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.

Ҳозирда жамоат тартиби тикланиб, фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликлари ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда", дейилади унда.

Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳақида

Қорақалпоғистон аҳолисининг бир қисмида юзага келган норозилик кайфияти давом этаётган бир вақтда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу республикада амалга оширилган ижобий ишлар ҳақида гапирган.

"Икки эл бир бўлганмиз, меҳримиз меҳримизга қўшилган, қону қариндошмиз. Орол денгизи муаммоси бўйича БМТнинг иккита резолюцияси қабул қилинди. Аввал вилоятлар Қорақалпоғистоннинг кўчаларини ҳам, Нукусни ҳам билмасди, ҳозир бир халқ бўлиб ҳаракат қиляпмиз, Қорақалпоғистон ёшлари катта натижаларга эришмоқда.

Қорақалпоғистонни ривожлантириш стратегияси қабул қилганмиз, ҳар бир овулини ривожлантириш учун алоҳида маблағ ажратганмиз", деган Мирзиёев 30 июнь куни Ёшлар кунига бағишланган нутқида.

Бироқ давлат раҳбари айрим қорақалпоғистонликларда кузатилаётган норозилик кайфиятини тилга олмаган.

Хавотир нимада?

24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасини бир овоздан маъқулладилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Қонун лойиҳаси 25 июнь куни умумхалқ муҳокамасига қўйилган.

Лойиҳада Бош қомуснинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартириш киритиш таклиф этилган ва улар орасида энг муҳими 90-моддага тааллуқли - президентнинг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш.

Бир вақтнинг ўзида, таклиф этилган таҳрирда Қорақалпоғистон мақомига оид 70-модданинг жорий таҳриридаги "суверен" сўзи чиқариб ташланганини кўриш мумкин.

Амалдаги Конституциянинг 70-моддасида ёзилишича, "Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади".

Мазкур моддани қуйидагича шаклда ўзгартириш таклиф этилган: "Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади".

Шунингдек, 74-модданинг амалдаги таҳриридаги "Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга" жумласи айни модданинг янги таҳририга киритилмагани ҳам кузатилади.

Ушбу ҳолат эса ижтимоий тармоқда қорақалпоғистонлик фойдаланувчилар томонидан Қорақалпоғистонни "республика даражасидан оддий вилоят даражасига туширишга ҳаракат" сифатида ҳам тасвирланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek