Отасининг қизлари: Саида Мирзиёева ва Иванка Трамп - аёллар қудрати, Ўзбекистон ва дунё O'zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, facebook/official
Саида Мирзиёева ва Иванка Трамп, қиёслар қанчалик тўғри? - Ўзбекистон Президенти тўнғич қизининг Иванка Трамп билан Дубайдаги ўтган йилги учрашуви кибер фазода берган акс-садолар худди шу каби фикрларга замин яратган.
Яна бир бор президентлар ва улар фарзандларининг қудрати, мамлакат сиёсий ҳаёти ва келажагида тутган ўрнига оид саволларни пайдо қилганди.
Шундай экан, улар қанчалик ўринли ва асосли? Вашингтондан асли ўзбекистонлик журналист Навбаҳор Имамова ўз кузатувлари билан:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон ва Шавкат Мирзиёев: Сизни Аллоҳ асрасин ёки айтган гаплари амалида бўлиб юрсинлар...
- Ўзбекистонда аёл киши ҳоким бўлди, янгилик билан Саида Мирзиёева ҳам бўлишди - янги Ўзбекистон ва Мирзиёев - O'zbekiston
- Ўзбекистон, сиёсат: Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева лавозимларидан кетдилар O'zbekiston
- Ўзбекистон, Тошкент - Лондон: Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёевадан табрик: Би-би-си Ўзбек хизматига
Саида Мирзиёева АҚШ Президенти қизи ва маслаҳатчиси билан учрашган ўзбекистонлик биринчи аёл, биринчи президентнинг қизи бўлган.
Икковлон ўртасидаги илк мулоқот яна глобал минбар - бутунжаҳон аёллар форуми теграсида амалга ошган.
Бошқа томондан, бу Саида Мирзиёева сиёсий саҳнага чиққан қисқа вақтнинг ичида иштирок этган дунё миқёсидаги энг нуфузли тадбирлардан бири бўлган. Биринчи глобал платформа ролини ўтаган.
Америка сиёсий доираларида Иванка Трамп ва унинг турмуш ўртоғи президент отаси берган ҳар бир қарор ортида тургани ишонилган.
Икковлоннинг Президент Дональд Трампга таъсири катта, деб билинган.
Дональд Трамп ҳам қизининг қанчалик суюкли эканини ошкора намоён этувчи президент ота экани кўрилган.
Аммо Иванка Трамп президент отасига маслаҳатчи этиб тайинланганидан буён танқидлар тиғида бўлиб келган.
Саида Мирзиёева эса, жорий пайтда Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари вазифасини бажаради.
Бундан ташқари, Президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи яна Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш комиссияси аъзоси ҳам саналади.
Аммо Саида Мирзиёева бунгача Президент администрацияси қошидаги Оммавий ахборот ва коммуникациялар агентлиги директори (в.б)нинг ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.
Мазкур агентлик Мирзиёев даврига келиб Президент администрациясига бўйсундирилган ва мамлакат ахборот сиёсати учун масъул этиб белгиланган.
Худди шу мавқеида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таъсис этилган янги - Мактабгача таълим вазирлигида ишловчи синглиси Шаҳноза Мирзиёева билан бирга маълум муддат ҳукумат амалдори мавқеида ҳам намоён бўлган.
Президент отаси қудратга келишидан қисқа вақт ўтмаёқ, икковлон мамлакат сиёсий саҳнасига кириб келган.
Улар турмуш ўртоқларининг ҳам кетма-кет янги лавозимларга тайинлангани кузатилган.
Бу ҳам Президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви давридаги янги тайинловлар билан боғлиқ кибер фазода қарама-қарши муносабатларга сабаб воқеъликлардан бирига айланган.

Сурат манбаси, official
Бу каби анъана деярли барча Марказий Осиё давлатларига бирдек хос эса-да, айнан Ўзбекистон уларнинг орасидан биринчи президенти тўнғич қизининг коррупцияга боғлиқ можаролари билан ҳатто халқаро миқёсда тилга тушгани бўлади.
Худди шу боис ҳам ислоҳотчи эканини аввалбошдан баён қилган, кенг қамровли ислоҳотларини эълон қилиб улгурган эса-да, янги Ўзбекистон Президенти икки қизининг ҳам қисқа вақтнинг ўзида мамлакат сиёсий саҳнасида пайдо бўлиши қарама-қарши талқин, баҳо ва муносабатларга сабаб бўлган.
Бир томондан, Ўзбекистонда яна ўша тарихнинг такрорланишига оид хавотирлар бўй кўрсатган. Ҳозирда марҳум биринчи президент қизлари билан паралеллар чизилган.
Бошқа тарафдан, айниқса, аллақачон реформатор президент отаси ислоҳотларининг тарғиботчиси сифатида танилиб улгурган Саида Мирзиёеванинг Ўзбекистондаги кенг ислоҳотлар, Ўзбекистонни дунёга очиш, демократлаштириш жараёнида муҳим ўрин тутишига оид фикрларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Таъбир жоиз, ана шу "мерос" фонида бу каби масъулият улар зиммаларидаги тарихий синов эканига оид баҳолар янграган.
Аммо Ўзбекистондаги эркинликлар, шаффофият ва демократик жараёнлар билан боғлиқ вазиятни назарда тутаркан, икковлоннинг бу синовдан қанчалик муваффақиятли ўта олиши ҳозирча вақт ихтиёридаги масаласи эканига оид башоратлар ҳам аллақачон бўй кўрсатиб бўлган.
Президент Мирзиёев икки қиз ва бир ўғилнинг отаси бўлса, фарзандлари орасидан айнан Саида Мирзиёева ўзининг фаоллиги билан яққол кўзга ташланиб туради.
Лекин эгаллаб турган мақомлари, тайин этилган лавозимлари манзарасида президент ҳар икки қизининг ҳам таржимаи ҳолларига оид тафсилотлар ҳали-ҳануз кенг матбуотга деярли имконсизлигича қолаётгани кузатилади.
Уларнинг қай бир олий ўқув юртида таҳсил олганлари ва малакаларига оид аниқ маълумотлар ҳам кўзга ташланмайди.
Аммо ўтган яқин йиллар ичида қилган чиқишларидан президент тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг ҳар уч - ўзбек, рус ва инглиз тилларида равон сўзлаша олиши кўрилади.
Саида Мирзиёева Дубайдаги бутунжаҳон аёллар форумида қилган илк чиқишида ҳам соф инглиз тилида сўзлаган. Нутқ ирод қилган. Бу чиқишида ҳам янги Ўзбекистондаги вазият қанчалик ижобий томонга ўзгариб бораётгани ҳақида гапирган. Ўз хулосаларини комил ишонч билан изҳор этган.
Агентлик раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган қарийб бир йил давомида ўзини отаси Президент Мирзиёев эълон қилган очиқлик сиёсатининг ҳимоячиси сифатида тақдим этиб келган.
Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги имижини яхшилашга масъул шахс бўлган.
Мустақил Ўзбекистон тарихида бу каби масъулият юкланган вазифа бўлмаган.

Сурат манбаси, facebook/official
Ўзининг сўнгги ойлардаги чиқишларидан янги Ўзбекистон Президенти тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг ҳам кибер фазодаги, таъбир жоиз, гап-сўзлардан яхши хабардор экани кўрилган.
Саида Мирзиёева ўзи мустақил Ўзбекистон биринчи Президенти(ҳозирда марҳум - таҳр.) тўнғич қизи Гулнора Каримовага қиёс берилган баҳоларни расман ва ошкора рад этган.
Бу шу ой бошида Ўзбекистонда янги ташкил этилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг тақдимот маросими чоғида ҳам кўзга ташланган.
Айни шу тадбирда ҳам Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, ўзига бўлаётган танқидларга алоҳида тўхталиб ўтган.
У ўз сўзида тарихни яхши билиши ва у такрорланмаслигини айтган.
"Мен давлат лавозимида ишлаганимда ва бугун янги фондда иш бошлаётганимда турли танқидий ўхшатишларга учрадим. Имкониятдан фойдаланиб, сизларни ишонтириб, шуни айтмоқчиманки, мен ўзимдаги бутун масъулиятни яхши тушуниб турибман. Мен отам олиб бораётган ислоҳотларда фойдали бўлиш учун максимал даражада ҳаракат қиламан", деган.
Саида Мирзиёева ўз сўзида давом этаркан, тарихдан хулоса чиқарганини ҳам алоҳида қайд этган.
"Биз тарихни ўргандик, хатоларни ҳам. Улар бизни асл мақсаддан чалғитмаслиги керак. Бир нарсани айта оламан: Президентнинг қизи бўлиш алоҳида имконият эмас, у жавобгарлик. Мен буни яхши англайман", деб айтган.
Ҳали Оммавий ахборот ва коммуникациялар агентлиги директори (в.б)нинг ўринбосари лавозимида экан, давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятидан ўз норозилигини ҳам изҳор этган.
Айнан улар фаолиятининг сустлиги ва кўпгина давлат органлари раҳбарлари оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш заруриятини англаб етмагани оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ислоҳотлар жараёнидан етарлича бохабар эмаслигини айтган.
Уларни етарли даражада идрок эта олмаётгани, Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва тафсилотларини тўлалигича англай олмаётганини ҳам бу гапларига қўшимча қилган.
Худди шу сабаб туфайли, давлат томонидан амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолаётганини таъкидлаган.
Бунинг ортидан давлат органларида айнан агентлик тасдиғидан ўтган матбуот котиблари фаолият юритишни бошлагани кузатилган.
Иш тажрибасида матбуот котибларининг хорижликлари илова оммавий-ахборот воситалари билан мулоқотлари яққол фаоллашгани сезилган.
Бу ҳам Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ аҳвол ижобий томонга қараб ўзгараётганига оид фикрларни пайдо қилмай қўймаган.
Бунинг ортидан ҳам, маҳаллий блогерлар билан учрашувлару чет элликларини Ўзбекистонга таклиф қилиш билан ҳам бу йўлдаги саъй-ҳаракатларини давом этдирган.
Блогерлар ва блогерлик билан боғлиқ ҳалиям бир қадар ҳассос фазода бу ҳам Ўзбекистон ичкарисию ташқарисида озмунча аҳамият касб этмаган воқеълик сифатида баҳо топган.

Сурат манбаси, facebook/official
Саида Мирзиёева Ўзбекистонда асосан расмий минбарлардан нутқ сўзлайдиган давлат раҳбарининг ҳозиргача кўрилмаган инсоний қиёфасини, таъбир жоиз, кенг оммага очиш ва намоён этишга муваффақ бўлган инсон ҳам саналади.
Унинг ўз мақомларида экан, турли хайрия лойиҳаларига бошчилик қилаётгани, Ўзбекистон ташқи имижини яхшилашга қаратилган тадбирларга қўл ураётгани, ўз оиласини янада халққа яқинлаштириш саъй-ҳаракатида экани кўрилади.
Президент отаси, мамлакат биринчи хоними бўлган онаси ва қолган оила аъзоларини ижтимоий мулоқот тармоқларида таваллуд кунлари билан табриклаган, Ҳайит кунларида яқинларининг кундалик ҳаётдаги суратлари билан бўлишиб, Ўзбекистон ичкарисию ташқарисида кўпчиликнинг ҳайратларига сабаб бўлган, дунёнинг янги Ўзбекистонга ўзгача кўз билан қарашига сабаб бўлаётган шахс ҳам айнан Саида Мирзиёева бўлади.
Саида Мирзиёева ўзининг турли ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари - аккаунтларини ҳам анчайин фаоллик билан юритади. Таъбир жоиз, буларнинг барчаси, ҳамда бунга қўшимча ўзи ва идораси қилаётган ишлар борасида энг аввало айни шу акаунтлари орқали маълумот бериб боради.
Президентнинг кичик қизи бўлган Шаҳноза Мирзиёева эса, ҳозир Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси бошлиғи бўлади.
Шаҳноза Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлигида опасидан аввалроқ иш бошлаган. Шавкат Мирзиёев расман қудратга келишидан йил ўтиб, вазирлик тизимида Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб тайинланган.
Телевидение орқали намойиш этилувчи хабарлар ва вазирлик сайтида Шаҳноза Мирзиёева асосан боғчалар очилиши, мактабгача таълим борасидаги анжуман ва тадбирларда иштирок этаётган қиёфада намоён бўлади.
Маҳаллий кузатувчилар орасида эса, президент кичик қизининг бу лавозимга тайин этилишини янги вазирлик фаолиятини юриштириб олиш, вазирликка аввалбошдан кенг жамотчилик ишончини уйғотиш ҳаракати сифатида баҳо берганлари ҳам йўқ эмас.
Шаҳноза Мирзиёева ижтимоий мулоқот тармоқларидаги постларининг ҳам асосан шахсий экани кузатилади.
Президент Мирзиёевнинг бир ўғли ҳам бор. Миралишер ҳали вояга етмаган.
Қизларининг бу лавозимларга тайинланишига Президент Шавкат Мирзиёев ҳалича расман ошкора бир муносабат билдирмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев қизларининг ўз вазифаларида қанча маош олишлари ёки олиш-олмасликлари борасидаги расмий маълумот ҳозирча кенг матбуотга имконли эмас.
Эслатма: Мақола ўтган йилги Дубай форуми манзарасида тайёрланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek






























