Ўзбеклар ҳам энди чигиртка ейдими, кўпаяётган “террорчилар” ва Ўзбекистонга четдан ким миллиардлаб пул юбормоқда? Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Published
  • Ҳадис: Чигиртканинг ўлгани ҳам ҳалол;
  • Самарқандда яна "террорчилар" қўлга тушдими?
  • 5 ой ичида Ўзбекистонга қанча пул жўнатилди?
  • Вазирликлар, ҳокимликлар, танловлар ва миллиардлар;

Фатво ҳайъати: Чигирткани бемалол ейиш мумкин

"Ҳадисга кўра, чигиртканинг ўлгани ҳам ҳалол, кўнгли кўтарган бемалол ейиши мумкин".

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фатво ҳайъати ушбу ҳашаротни ейиш мумкинми, деган саволга ана шундай мазмунда жавоб қайтарган.

Ҳайъатга бундай саволнинг юборилишига Ўзбекистонда истеъмол учун мўлжалланган чигирткалар кўпайтирилаётгани борасидаги гап-сўзлар туртки берган.

Spot.uz нашри эълон қилган мақола маълумотларига таянилса, бундай миш-мишларда жон бор.

Нашр Сингапур компанияларидан бири Ўзбекистон дохил бир неча Осиё ва Европа мамлакатларида тановул қилиш мумкин чигирткалар етиштираётгани ҳақида хабар берган.

Spot.uz ушбу компания вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда, Ўзбекистонда чигиртка фермаларини яратиш бўйича "бутун бошли дастур" ишга туширилганини ёзган.

Мазкур компания вакилининг расмий тақдимотида келтирилган маълумотларга кўра, оқсил ва бошқа минерал ҳамда витаминларга бой чигиртка унидан снек, кулча ва, ҳатто, шоколад тайёрлаш мумкин.

Қўлга тушган янги гуруҳ кимлар?

"Ургут туманида "Ҳизб ут-Таҳрир" террористик ташкилотининг 6 нафар аъзоси қўлга олинди", дея хабар бермоқда Самарқанд вилоят ИИБ.

Хабарда улар орасида муқаддам "террористик ташкилот ғояларини тарғибот қилгани боис жазога маҳкум қилинган шахслар" борлиги аниқлангани таъкидланади.

Бироқ расмий хабарда бу шахсларнинг айнан қандай фаолият билан шуғулланиб келганига ойдинлик киритилмаган.

Ўтган ҳафтадан бери ҳуқуқ-тартибот органлари "экстремистик" ёки "террорчи ташкилотлар таъсирига тушиб қолган шахслар" қўлга олингани ҳақида, камида, икки бор хабар тарқатган.

Хусусан, 10 июнь куни Самарқанд вилоят ИИБ "Самарқанд шаҳрида Яқин Шарқдаги террористик ташкилотлар таъсирига тушиб қолган шахслар аниқланди", дея хабар берган.

16 июнь куни Сирдарё вилоятида "экстремистик ва террорчи ташкилотлар аъзоларининг таъсирига тушиб қолган 20 киши аниқлангани" маълум қилинган.

Хориждан келган пул

Йил бошидан бери Ўзбекистонга хориждан $2,6 миллиард пул ўтказмаси кириб келган.

Марказий банкнинг хабар қилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 43 фоизга кўпроқдир.

Коронавирус пандемияси авж олган 2020 йилнинг илк беш ойида Ўзбекистонга хориждан $1,8 миллиард пул юборилган.

Бош регулятор хорижий пул ўтказмалари мамлакат аҳолисининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилаётганини билдирган.

Танловлар ва миллиардлар

Ўтган икки ой давомида бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 100 миллиард сўмдан зиёдроқ 324 та танловда қонун талаблари бузилишига йўл қўйилган.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги давлат харидларига оид эълонлар бўйича ўтказилган масофавий мониторингга кўра, қатор ҳокимлик ва вазирликлар қонун талаблари бузилгани аниқланганини маълум қилган.

Хусусан, давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилган қиймати 24,6 миллиард сўмлик 72 та танловлар туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳисобига тўғри келган, дейилади КҚКА хабарида.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги каби бир қанча вазирлик ва идоралар қиймати ўнлаб миллиард сўмлик танловларда қонунчилик талабларини бузганлиги таъкидланган.

КҚКА ушбу танловларни бекор қилиш ҳақида тегишли вазирлик ва идораларга тақдимнома киритилганини қўшимча қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek