You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россиядан яхши хабар ёки Путин ўзбекистонликларни ҳам ўйладими? Россия ва Ўзбекистон O'zbekiston, Rossiya, миграция
Владимир Путин муҳожирларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинчалик ёки доимий яшаш муддатларини жорий йилнинг 30 сентябригача узайтиришга қарор қилди.
Россия ҳудудидаги ўзбекистонлик мигрантларнинг муддати 15 июнда тугайдиган миграция ҳисоби (регистрация) 30 июнга қадар автоматик равишда узайтирилди.
Шу вақт оралиғида патент ва лозим бошқа ҳужжатларини қилиб олишлари учун яна имкон берилиши айтилди.
Путин ноқонуний мавқеъдаги чет элликларнинг Россияда қолиш муҳлатини ҳам чўзди.
Уларнинг 30 сентябргача депортация, тақиқ ёки жаримага юз тутмасликлари маълум бўлди.
Россия Президентининг янги фармони кеча, сешанба кунининг ўзидаёқ Ўзбекистондаги кўпчилик интернет нашрларининг ҳам эътиборига тушди.
Россиянинг ўзидаги Марказий осиёлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган аксарият фаолларнинг олқишлари, изоҳ ва талқинларига сабаб бўлгани кўрилди.
Президент Владимир Путиннинг янги фармони Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият яна издан чиқиб бораётган, мамлакатнинг йирик шаҳарлари яна карантин чораларига қайтаётган бир пайтга тўғри келди.
Айнан глобал коронавирус пандемияси боис, Россия президенти сўнгги бир ярим йилча вақт ичида мамлакатда қолаётган мигрантларга енгилликлар яратган, уларнинг қолиш муддатларини устма-уст узайтириб келаётган ва якуний муҳлат қилиб сўнгги бор 15 июнни белгилаганди.
- Россия: Ўзбекистонликларнинг ишга келиши чекланадими?
- Россия, мигрантлар: 'Доставка'да билмай наркотик ташиганлар кўп
- Мигрантлар қайтмоқда: Ўзбекистон учун бу ижтимоий портлаш хавфими?
- Россия мигрантлар: очликдан ўлишдан ҳам ёмони йўқ
- Россия: Ҳукумат ўз режасини деб инсонлар ҳаётини хавфга қўйдими?
- Россия: Далада яшаётган ўзбеклар нима бўлади, қайси мигрант қандай ёрдам олиши мумкин?
- Россия, мигрантлар, коронавирус: Карантин деб бир ой ишсиз ва пулсиз қолдик
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг куни-кеча эълон қилган расмий маълумотларга таянилса, ўтган бир йил ичида Россия ҳудудида вақтинча меҳнат қилаётган 50 мингдан зиёд ўзбекистонликнинг мақоми қонунийлаштирилган.
Агентлик худди шу билдиришномасида Россия томони билан ҳамкорликда яна ҳуқуқий мақоми қонунийлаштирилиши керак бўлган 300 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг рўйхати шакллантирилганини маълум қилганди.
Сўнгги янгилик Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эътиборидан ҳам четда қолмаган.
Агентлик Россия президентининг янги фармони билан боғлиқ устма-уст хабар билан чиққан.
Дастлаб "фармонга киритилган ўзгартиришлар асосида Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига 2021 йилнинг 30 июнига қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилгани" ҳақида ёзди.
Бунинг ортидан эса, "Россия президентининг 2021 йил 15 июндаги 364-сонли фармони билан ушбу давлат ҳудудида ноқонуний бўлиб турган меҳнат мигрантларига жорий йилнинг 30 сентябрига қадар ўз мақомларини қонунийлаштиришга рухсат берилгани"ни билдирди.
Россия президентининг янги фармони айни шу саналар боис кўпчилик ўзбекистонликларнинг тушунмовчиликларига ҳам сабаб бўлгани кўрилди.
Россиядаги Марказий осиёлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи фаоллар ҳам президент Путиннинг янги фармонини шарҳларкан, масаланинг худди шу жиҳатига эътибор қаратишди.
Асли ўзбекистонлик юрист Зарнигор Омониллаева янги фармон чиқиши ортидан, ўзининг Telegram каналида Россияда "ноқонуний юриб, энди ҳужжат расмийлаштирмоқчи бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари 30 июнга қадар патентга топширишлари мумкин"лиги ҳақида ёзди.
Уларнинг "30 июндан кечиктирмай, қонунийлашиб олишлари керак"лигини таъкидлади.
Юрист ўз постида фармоннинг "Транспорт алоқалари бошланган давлатлар фуқаролари учун енгилликлар "чегаралар очилган кундан бошлаб 90 кун амал қилиши" айтилган нуқтасига ўзининг эътиборини қаратди.
"Ўзбекистон ва Тожикистон билан мунтазам рейслар 1 апрелдан бошланган. 1.04.2021+90 кун = 30.06.2021. Демак, яна 15 кун вақт бор, холос", - дея ўзи қилган ҳисоб-китобларини ҳам постига илова қилди.
Москвада фаолият юритувчи асли ўзбекистонлик бошқа бир юрист Ботиржон Шермуҳаммад ўзининг сешанба кунги изоҳида 30 сентябрни, "терроризм, экстремизмга алоқаси бўлмаган, ҳар хил митингларда қатнашмаган, қамоқ жазосини ўтамаган,.. ноқонуний мақомдаги мигрантларнинг депортация ва ёки яна бошқа тақиқларсиз Россияда қола олишлари билан боғлиқ якуний муҳлат" экани билан изоҳлади.
Яъни, янги фармонга асосан, мазкур санагача уларга нисбатан Россиядан маъмурий равишда чиқариб юбориш, депортация қилиш, вақтинча қолиш муддатини қисқартириш, қочқинлик мақомидан маҳрум қилиш, вақтинчалик бошпана бериш, илгари берилган визаларни бекор қилиш, ишлашга рухсатнома ва патент бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинмаслиги маълум бўлди.
Худди шу фармон шарҳидан неча йил бўлишидан қатъиназар, Россияда ҳужжатсиз юрган, тақиқ ёки депортация остига тушмаган ноқонуний муҳожирларнинг ҳам 30 сентябргача ўз мавқеъларини қонунийлаштириб олишлари мумкинлиги англашилди.
Бу гал худди шу санага қадар уларнинг ўз мақомларини қонунийлаштиришлари ва ё мамлакатдан эркин чиқиб кетишлари мумкинлиги айтилди.
Юрист буни Россия президентининг янги фармонидаги учинчи асосий жиҳат ўлароқ изоҳлади.
Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Россияда биргина меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари ўзининг сони пандемиягача миллионларга нисбат бериб келинган.
Улар юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар, йилларки, Ўзбекистонда ижтимоий тангликни юмшатиб, мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.
Россия, йилларки, Ўзбекистон фуқаролари учун дунёдаги энг йирик меҳнат бозори бўлиб келади.
Агар, ўтган ойги маълумотларга таянилса, пандемия ортидан, турли сабабларга кўра, 600 мингга яқин ўзбекистонлик Россиядан ортга қайтган.
Айни пайтда 400 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг Россияга кира олмаётгани айтилади.
Карантин боис, бир йилдан буён муҳожирларнинг Россияга киришига чеклов ўрнатилган, икки ўртадаги мунтазам ҳаво қатновлари фақат шу йилнинг 1 апрелига келибгина расман қайта тикланган.
Икки ўртада ҳафтасига тўрт марта ва Россия рўйхатидаги учинчи давлатлар орқали амалга оширилаётган мунтазам парвозлар ҳозирча барча ўзбекистонликларнинг бирдек Россияга киришларининг ягона йўли, имконияти бўлиб турибди.
Ўзбекистон томони сўнгги ойларда минглаб фуқароларини шартнома асосида Россияга яна ишга қайтариш ҳаракатида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek