Ўзбекистон: Мирзиёев Тожикистонга расмий ташрифини бошлади - O‘zbekiston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари

Сурат манбаси, official

Published

Бу Ўзбекистон президентининг ўзи қудратга келган ўтган тўрт йил ичида Тожикистонга иккинчи ташрифи бўлади. Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Тожикистонга амалга ошган, "тарихийси" экани айтилган илк ва бир давлат ташрифининг ўзидаёқ томонлар ораларида "ҳал этилмаган бирор бир муаммо қолмагани"ни расман баён қилиб бўлишган.

Тожикистон Ислом Каримов даври Ўзбекистони ўзини энг кўп иҳоталаган икки минтақа давлатидан биттаси бўлади.

Чуқур дарз етган ўзаро муносабатларга ўша пайтда турли геосиёсий ва шахсий омиллар сабаб қилиб келтирилган.

Чегара олди ҳудудлари миналаштирилган, йўллар ёпилган, ўзаро борди-келдилар деярли имконсиз бўлиб қолган.

Шавкат Мирзиёев қудратга келишидан қисқа вақт ўтмаёқ ўзаро муносабатларнинг бу қадар тикланиши ҳатто Ўзбекистон расмий матбуотининг ўзида ҳам "музларнинг эриши"га қиёс берилганди.

President.uz

Сурат манбаси, President.uz

2018 йилдагиси бир Ўзбекистон раҳбарининг чорак асрдан кўпроқ вақт давомида Тожикистонга қилган илк давлат ташрифи бўлган.

Ўзбекистон томонининг ўзи ҳам бунинг "узоқ кутилган ташриф" эканини эътироф этган.

Ўшанда Душанбе аэропортида Шавкат Мирзиёевни Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг шахсан ўзи кутиб олган.

Ўзбекистон президентини қарши олиш учун пойтахт Душанбе кўчаларига минглаб тожикистонликларнинг чиққани кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган алоҳида воқеъликка айланган.

Ўзбекистонда Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида минтақада йиғилиб қолган муаммолардан айримлари эса, ҳатто уруш эҳтимоли билан огоҳлантириш даражасига ўсиб етганди.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча минтақа давлатлари билан бевосита чегарадош ягона мамлакат бўлади.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги энг асосий ютуқларидан бири ҳам айнан Шавкат Мирзиёевнинг қудратга келиши билан боғланади.

Расмий Тошкент ўтган тўрт йилнинг ўзидаёқ қолган минтақа давлатлари билан ўзаро алоқаларини қайта йўлга қўйишга муваффақ бўлган.

Сув, чегара, энергетика, йўл ва виза билан боғлиқ узоқ йиллик муаммоларнинг илк ва бир давлат ташрифларининг ўзидаёқ ўз ечимини топгани, топаётгани шахсан минтақа давлатлари президентларининг ўзлари томонидан расман ва ошкора эътироф этилган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ўз мамлакатини қайта ташқи дунёга очиш, минтақавий интеграцияни кучайтириш саъй-ҳаракатида бўлган президенти сифатида сиёсат саҳнасига чиққан.

Президент Мирзиёевнинг янгича минтақавий сиёсати халқаро миқёсда ҳам эътирофларга сабаб бўлган, Ғарбнинг нуфузли нашрлари эътиборига тушган.

Президент Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан биргаликда Душанбеда Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмасини очишган.

Сурат манбаси, official/president.tj/news.tj

Тожикистон ўшанда Ўзбекистоннинг янги президенти ўзининг илк давлат ташрифини амалга оширган сўнгги минтақа мамлакати бўлган.

Аммо томонлар узоқ кутилган ташрифнинг узоққа чўзилиши сабабини ўшанда икки ўртадаги чегара муаммолари билан изоҳлашган.

Икки қўшни давлат президентлари пойтахт Душанбеда кечган юзма-юз музокаралари ортидан барча муаммо ва масалалар бўйича ижобий натижаларга эришилганини баён қилишган.

Ўзбекистон раҳбари икки томонлама алоқалар йўлида "тўсиқ бўладиган биронта ҳам масала қолмаган"ини таъкидлаган.

Ўз навбатида Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифини "тарихий", деб аташгача борган.

Ташриф арафасидаёқ ўзбек-тожик чегарасидаги 10 та назорат-ўтиш нуқталари қайта очилган.

Ўзбек томони икки давлат фуқаролари учун ўттиз кунгача визасиз тартиб жорий этилганини тасдиқлаган.

Ташриф давомида чегара ва икки томонлама ҳамкорликка доир жами 30 га яқин ҳужжат имзоланган.

President.uz

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон раҳбарига кўра, икки томонлама алоқалар йўлида "тўсиқ бўладиган биронта ҳам масала қолмаган"
President.uz

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Президент Раҳмон Мирзиёевнинг ташрифини "тарихий" деб атаган

Олий даражадаги музокаралар ортидан имзо чекилган ҳужжатлар орасида Дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма баёнотнинг ҳам борлиги айтилган.

Томонларнинг ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ҳам 1 миллиард долларга олиб чиқиш истагида эканликлари маълум бўлган.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги миналарнинг эса, 2019 йилнинг охиригача тозаланиши айтилганди.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи бу гал глобал коронавирус пандемияси фонида амалга ошади.

Тожикистон Ўзбекистон коронавирусга қарши курашида энг кўп кўмак бериб келаётган иккита минтақа давлатидан биттаси ҳам бўлади.

Ўзбекистон президенти 10-11 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда бўлади.

Томонлар бу галги расмий ташриф чоғида 30 дан ортиқ ҳужжат имзолашмоқчи.

Ўзаро борди-келдиларни янада кенгайтириб, енгиллаштиришмоқчи.

Ҳали расмий ташриф арафасидаёқ Бохтар шаҳрида биринчи Ўзбекистон - Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форуми бўлиб ўтгани хабар берилган.

Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, биргина шу форумнинг ўзида имзоланган ҳужжатларнинг умумий қиймати 730 миллион долларни ташкил этган.

Тадбирда яна иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш масаласига ҳам эътибор қаратилгани маълум бўлган.

Худди шу мақсадда 50 миллион долларлик устав капиталига эга Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция жамғармасининг ташкил этилгани тилга олинган.

Ўзбекистон президентининг расмий ташрифи Қирғизистон-Тожикистон чегарасида келиб чиққан ва бу яқин йилларда кузатилмаган энг ёмони экани айтилган қонли низолардан саноқли ҳафталар ўтиб амалга ошади.

Ўзбекистон ўшанда мавжуд вазиятдан жиддий хавотир изҳор этиб чиққан.

Сўнгги қирғиз-тожик можароси оқибатлари

Расмий Тошкент "томонларни зудлик билан можарога чек қўйиш, биргаликда вазиятни барқарорлаштириш ва тангликни янада кучайтириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш"га чақирган.

Ўзбекистон томони мавжуд келишмовчиликка фақат музокаралар йўли билан барҳам бериш мумкинлигини баён қилган.

Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни тезроқ ўнглаш учун ўзлари ҳам ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирганди.

Қирғизистон ва Тожикистон орасидаги муносабатларнинг ҳали-ҳануз анчайин танглигича қолаётгани кўрилади.

Шу соатларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга жўнаб кетгани расман хабар берилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek