Марказий Осиё иқтисодий марказга айланмоқдами? Ўзбекистон бу жараёнда қандай ўрин тутяпти?

Бир қарорда расмийлар ўтиришибди. Қарор мрказида эса Шавкат Мирзиёев ва Мишустин ўтирибди. ТХИФ‑2026 тадбирда иштирок этган жараёндан лавҳа.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Умумий активлари тахминан 42 триллион долларга тенг компаниялар мазкур тадбирда иштирок этганини ҳисобга олиб, ТХИФ‑2026 нафақат глобал қизиқиш кўламини, балки Ўзбекистоннинг барқарор энергетика, саноат ишлаб чиқариши ва логистика алоқалари бўйича минтақавий хабга айланишга бўлган интилишини ҳам намоён этди.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

ТРАСЕКА транзит коридори: рақамли ҳаб ташаббуси

Жасурбек Чориев тадбирда креслода ўтириб, камерага қараяпти

Сурат манбаси, ТХИФ матбуот маркази

Сурат тагсўзи, Чориев таъкидлашича, Ўрта коридор бугунги кунда Ўзбекистон иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайдиган логистика тармоғига айланган.

ТРАСЕКА ҳукуматлараро дастури Ўзбекистонда Транспорт коридорларига рақамли трансформация ва интеграция марказини ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Транскаспий (Ўрта) коридорига бағишланган панел сессиясида ТРАСЕКА бош котиби, Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев маълум қилди. Унга кўра, мазкур марказ ягона транспорт ҳужжатини жорий этиш ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш учун муҳим платформага айланиши мумкин. ТРАСЕКА ҳозирда 14 та давлатни бирлаштириб, Европа ва Осиё ўртасида транспорт тизимини ривожлантирмоқда.

Чориев таъкидлашича, Ўрта коридор бугунги кунда Ўзбекистон иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайдиган логистика тармоғига айланган.

«Бугун бу коридорни Ўзбекистон иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Ўзбекистон мамлакат ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам янги транспорт инфратузилмасини барпо этмоқда. Гап Хитой чегарасидан бошланиб, барча аъзо давлатлар, Каспий денгизи, кейин Қора денгиз орқали Европа Иттифоқигача бўлган йўналиш ҳақида кетмоқда», деди у.

Ўзбекистон эса ички ва ташқи транспорт инфратузилмасини кенгайтириш орқали ушбу тизимдаги ролини мустаҳкамлаб бормоқда. Натижада, коридор бўйлаб юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ортмоқда, айниқса контейнер ва қуруқ юк сегментларида ўсиш қайд этилган.

ТХИФ матбуот маркази
O‘zbekiston Xitoy chegarasidan boshlanib, Kaspiy dengizi, keyin Qora dengiz orqali Yevropa Ittifoqigacha yangi transport infratuzilmasini barpo etmoqda.
Jasurbek Choriyev
O‘zbekiston transport vaziri o‘rinbosari (Batafsil: BBC.COM/UZBEK da o‘qing)

Сўнгги йилларда логистик самарадорлик ҳам ошди. Агар 2024-йилда Осиё ва Европа ўртасида юк етказиш муддати тахминан 18 кунни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 15 кун атрофида. Бу инфратузилма ривожи, инвестициялар ва трансчегаравий ҳамкорликнинг кучайгани билан изоҳланади. Шу билан бирга, янги юк турлари, жумладан дон ва ўғитлар, коридор орқали фаол ташилмоқда, бу эса йўналишнинг иқтисодий аҳамиятини кенгайтираётганини кўрсатади.

Жасурбек Чориев лойиҳани зарур молиявий ва институционал қўллаб-қувватлашни таъминлаши мумкин бўлган халқаро банклар ва институтлар билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.

Бу ҳақда gazeta.uz нашриёти ёзган.

Жаҳон Банкининг REMIT дастури: минтақавий электр энергияси бозори

Суратда теэлфонда Жаҳон Банкининг номи ва логотипи кўрсатилган. Орқа фонда эса яшил рангда ҳар ҳир банкга оид белгилар.

Сурат манбаси, Getty Images

2026-йилда Жаҳон банки Марказий Осиёда энергия ўзаро боғлиқлигини кучайтиришга қаратилган Минтақавий электр энергияси бозорини ўзаро боғлаш ва савдо (REMIT) дастурини тасдиқлади. Дастур 10 йил давомида уч босқичда амалга оширилади. У кўп босқичли ташаббус сифатида Марказий Осиёда тарихда илк бор минтақавий электр энергияси бозорини яратиш, электр энергияси савдосини кенгайтириш, узатиш қувватларини ошириш ҳамда йирик миқёсда қайта тикланувчи энергияни интеграция қилиш учун пойдевор яратишни назарда тутади. Дастур электр энергияси узатиш тизимларини модернизация қилиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларини интеграция қилиш учун асос яратади.

Биринчи босқич доирасида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳамда минтақавий диспетчерлик марказига жами 143,2 миллион доллар ажратилади. Маблағларнинг асосий қисми Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) орқали, қолган қисми эса Марказий Осиё сув ва энергетика дастури (CAWEP) грантлари орқали тақдим этилади. Ушбу молиявий кўмак минтақада энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Марказий Осиёда электр энергияси савдоси ҳануз чекланган бўлиб, умумий электр энергияси талабининг атиги тахминан 3 фоизини ташкил этмоқда. Ўзгарувчан қайта тикланувчи энергия манбалари умумий электр ишлаб чиқаришнинг фақат 4 фоизини ташкил қилади, гарчи минтақа бой ва ўзаро тўлдирувчи тоза энергия ресурсларига эга бўлса-да, улардан ҳали ҳам тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

REMIT дастури минтақадаги ўзаро тўлдирувчи энергия активларидан фойдаланишни мақсад қилади, яъни Қирғиз Республикаси ва Тожикистонда гидроэнергетика, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда иссиқлик энергетикаси, шунингдек Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида ўсиб бораётган қуёш ва шамол энергетикаси ишлаб чиқариш салоҳиятини оширади.

Келгуси ўн йил ичида REMIT дастури йиллик электр энергияси савдосини камида 15 000 ГВт·соатгача оширишни мақсад қилади. Бу ўз ўринда Марказий Осиё бўйлаб миллионлаб инсонларнинг йиллик эҳтиёжларини қондиришга етарли бўлади. Шу билан бирга, электр узатиш қувватини уч баравардан зиёд 16 ГВтгача ошириш ва 9 ГВтгача бўлган тоза энергия ресурсларини ишга тушириш режалаштирилган. Лойиҳа минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш янада мувозанатли ва барқарор электр тизимини яратишга, узилишларни камайтиришга ҳамда аҳоли ва бизнес учун энергия харажатларини пасайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Бу хабар Жаҳон Банки ҳисоботи асосида тайёрланган.

АҚШ ташаббуслари ва ТХИФ‑2026 натижалари

Расмда ТХИФ бўлиб ўтган бино, кун ёруғ, катта баннерларда тадбир номланиши Ўзбек ва инглиз тилларида  битилган

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek

Сурат тагсўзи, ТХИФ‑2026 бўйича якуний келишувлар ҳажми ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлса-да, унинг кўлами анча катта экани қайд этилмоқда.

Ўзбекистон АҚШ компаниялари учун махсус иқтисодий зона ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган АҚШ-Ўзбекистон бизнес-форумида маълум қилди. Унга кўра, ушбу зона Марказий Осиёда Америка инвестициялари, технологиялари ва ишлаб чиқаришини ривожлантириш учун амалий платформага айланиши керак.

Вазир таъкидлашича, зона шунчаки ажратилган ҳудуд эмас, балки АҚШ компаниялари учун қулай бизнес муҳитини яратиши лозим. Бунга аниқ қоидалар, замонавий инфратузилма, ишончли коммунал хизматлар, соддалаштирилган маъмурий тартиблар, логистика қулайлиги ва давлат томонидан тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш киради.

Кудратов ушбу ташаббусни биргаликда ривожлантириш учун АҚШ ва Ўзбекистон компанияларини ҳамкорликка чақирди. Улар келажакдаги зона учун устувор соҳалар ва лойиҳаларни таклиф қилишлари мумкинлиги айтилади. Шунингдек, феврал ойида ташкил этилган қўшма инвестиция платформаси ҳақида ҳам маълум қилинди. Мазкур платформа америкалик молия институтлари ва ўзбек фондлари томонидан молиялаштирилади ҳамда лойиҳаларни танлаш учун алоҳида веб-сайт ишга туширилиши режалаштирилган.

Бу жараёнлар Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ‑2026) доирасидаги кенг қамровли иқтисодий кун тартиби билан ҳам уйғунлашади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Тошкент халқаро инвестиция форумида минбарда сўзламоқда.

Сурат манбаси, ТХИФ матбуот маркази

Сурат тагсўзи, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган АҚШ-Ўзбекистон бизнес-форумида Ўзбекистон АҚШ компаниялари учун махсус иқтисодий зона ташкил этишни таклиф қилганини маълум қилди.

Жорий йилги форумда асосий эътибор муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликка қаратилди, айниқса глобал таъминот занжирлари ўзгариб бораётган шароитда. Ўзбекистон - АҚШ бизнес форумида рекорд даражада - 193 та америкалик компания иштирок этди, бу эса ушбу соҳага қизиқишнинг тобора ортиб бораётганини кўрсатди, дея хабар беради бир қатор халқаро нашрлар.

Уларга кўра, музокаралар геологик қидирув, қайта ишлаш ва муҳим хомашёни глобал қиймат занжирларига интеграция қилиш масалаларига қаратилди. Бу йўналишлар тоза энергия ҳамда юқори технологияли ишлаб чиқаришнинг асосий омиллари сифатида қаралмоқда.

ТХИФ‑2026 бўйича якуний келишувлар ҳажми ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлса-да, унинг кўлами анча катта экани қайд этилмоқда. Ҳукумат томонидан тахминан 75 миллиард евро қийматга эга инвестиция лойиҳалари тақдим этилди, бу эса хорижий сармоялар учун очиқ имкониятлар ҳажмини кўрсатади.

Таққослаш учун, ТХИФ‑2025 натижасида 30,5 миллиард доллардан ортиқ келишувлар имзоланган эди. Бу эса форумнинг минтақадаги йирик инвестицион битимлар майдони сифатида аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатиши айтилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати форумдан инвесторлар учун таклифларини янада мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланди дея ёзади globaltimes.cn нашри. Очиқ бозорлар, кучайтирилган ҳуқуқий ҳимоя ва сиёсатнинг барқарорлиги, шунингдек мамлакатни глобал қиймат занжирларига интеграция қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларини бунга мисол сифатида келтирилади.

Халқаро ва маҳаллй нашрларга кўра, умумий активлари тахминан 42 триллион долларга тенг компаниялар мазкур тадбирда иштирок этганини ҳисобга олиб, ТХИФ‑2026 нафақат глобал қизиқиш кўламини, балки Ўзбекистоннинг барқарор энергетика, саноат ишлаб чиқариши ва логистика алоқалари бўйича минтақавий хабга айланишга бўлган интилишини ҳам намоён этди.