Дайжест. Ўзбекистон, миграция: Кореяга юборишга танланаётган аёллар, 18 йил бедарак кетган ўзбекистонлик қаерда эди? O'zbekiston, migrant Koreya

Сурат манбаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги
- Кореяга ишга юборилаётган аёллар ёш ва соғлом бўлиши керак
- ЕОИИ нинг ягона иттифоқ бозори масаласидаги анжумани
- Бир кунда икки муҳожирнинг вафоти ҳақидаги хабар
- Оғир аҳволдаги ўзбеклар қайси давлатлардан қайтишди?
Танлов онлайн эфирга узатилади
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Корея Республикасида ишлаш истагида бўлган ўзбекистонлик аёллар ўртасида танлов бошланганини эълон қилди.
Агентлик хабарига кўра, мазкур танлов Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономарказида ўтказилиб, унда Корея Республикасида 5 ойлик мавсумий ишларда вақтинчалик ишлашга талабгор аёллар қатнашиши мумкин.
«Танловда иштирок этиш мутлақо бепул. Танлов жараёни Youtube канали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади», дейилади хабарда.
Шунингдек, Кореяда ишлашни истовчи аёллардан 27-40 ёш оралиғида, соғлом, юқумли касалликларга чалинмаган: судланмаган ва қишлоқ хўжалиги ишларида тажрибаси бўлиши, ҳамда корейс тилни билиши талаб этилади.
Номзодлар аллақачон танловда қатнашиш учун агентликка мурожаат қила бошлашган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Телеграмдаги расмий саҳифасида Кореяда ишлаш учун танловга келган 50 дан зиёд хотин-қизларнинг бино ҳовлисида ва 20 га яқин номзодларнинг хонада ўтказилаётган суҳбат жараёнлари тасвирларини эълон қилди.

Сурат манбаси, official
ЕОИИ раҳбарларининг видеоанжумани
21 май куни Евроосиё иқтисодий иттифоқининг Олий иқтисодий кенгаши (ВЕЭС) мажлиси видеоанжуман шаклида бўлиб ўтади, дея маълум қилмоқда Россия расмий ОАВлари. Хабарларга кўра, мазкур анжуманда ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам иштироки кутилмоқда.
ЕОИИ аъзолигига эга мамлакатлар вакиллари учрашувида Иттифоқнинг муҳим ҳамкорлари билан савдо-иқтисодий алоқалар ҳамда интеграция масалалари муҳокама қилинади, дея очиқланган кун тартиби. Шунингдек, COVID-19 пандемияси оқибатларини енгиб ўтиш борасида ҳам тўхталиниши кўзда тутилган.
«Ягона иттифоқ бозорининг самарадорлигини ошириш имконини берувчи қарорлар қабул қилиш режалаштирилган», дейилади хабарда.
Видеоанжуманда Россия, Беларус, Қирғизистон президентлари, Қозоғистон биринчи президенти Нурсултан Назарбаев, Арманистон бош вазири в.б. Никол Пашинян, ЕИК раиси Михаил Мясниковичлар иштирок этади.
Ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Куба президенти Мигел Диас-Канелнинг ҳам иштироки кутилмоқда.
Ўзбекистон ва Куба 2020 йилнинг декабр ойидан бошлаб ЕОИИда кузатувчи мақомини олган.
Санкт-Петербургдаги Маринский касалхонасида ўзбекистонлик муҳожир вафот этди. У бир ой олдин ҳаёти учун ҳавфли бўлган кўплаб жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган эди.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, 21 апрел куни 50 ёшли эркак касалхонага ётқизилган. У Санкт-Петербургдаги энг йирик савдо-кўнгилочар марказларидан бири - "Галерея"да босимли ускуна остида қолган.
Муҳожирни касалхонага қабул қилиш пайтида унга қўл ва оёқ суяклари синиши сингари ташхис қўйилган. Аммо кейинчалик аниқланишича, мигрантда қорин бўшлиғинининг эзилиши каби ички жароҳатлар ҳам бўлган.
Шифокорлар бир ой давомида унинг ҳаёти учун курашдилар, аммо унинг ҳаётини сақлаб қололмадилар. Айни пайтда ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари текширув ўтказилмоқда, дейилади хабарда.
Йиқилдию жон берди
Татаристондаги қурилиш майдонларининг бирида ўзбекистонлик талаба вафот этди.
20 май куни Набережний Челни шаҳрида 21 ёшли талаба-ишчи бешинчи қават баландлигидан йиқилиб ҳаётдан кўз юмди. Прокуратура текшируви ўтказилди, деб хабар қилди вилоят ИИБ матбуот хизмати.
Ҳодиса 33-микрорайонда қурилаётган уйнинг қолипларини демонтаж қилаётганда содир бўлган.
21 ёшли Ўзбекистон фуқароси бешинчи қават баландлигидан йиқилиб тушган ва олган жароҳатлар оқибатида шу заҳоти жон берган.
Аниқланишича, у Челни университетида талаба бўлиб, ётоқхонада яшаган. Бир кун олдин амалиётни ўташ учун қурилиш майдончасига ишга келган.
Ҳодисанинг сабаблари ва ҳолатлари текширилмоқда. Жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳал қилинмоқда, деб ёзади ИИБ матбуот хизмати.
Хужжатсиз, ишсиз ва бошпанасиз қолган

Сурат манбаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги
Россияда 18 йил бедарак йўқолган ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилди, дея хабар берди қилди Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Агентлик маълумотига кўра, тошкентлик муҳожир 2003 йилда Россияга ишлаш мақсадида кетади. Маълум бир вақтдан кейин саломатлиги ёмонлашиб, инсульт бўлиши натижасида яқинлари билан алоқаси узилади.
Орадан 18 йил ўтиб, Самара шаҳридан топилган ўзбекистонлик ҳужжатсиз, ишсиз, бошпанасиз кўчада яшаб юрганлиги аниқланган.
Хабарга кўра, яна бир сурхондарёлик муҳожир Самара шаҳрида соғлиги ёмонлашиб, ишлолмай қолгани ва паспорти йўқолгани ортидан қийин вазиятга тушиб қолгани ҳақида мурожаат келиб тушган.

Сурат манбаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги
"Ушбу фуқароларга мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан "Ватанга қайтиш гувоҳномаси" расмийлаштириб, Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда Қозон-Тошкент авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтарилди", дейилади хабарда.
Ватанга қайтарилган мигрантларни Тошкент халқаро аэропортида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Халқаро миграция ташкилоти масъул ходимлари ва яқин қариндошлари кутиб олган.
Миграция агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг Би-би-си Ўзбек хизматига маълум қилишича, йил бошидан бери 133 нафар мураккаб вазиятларга тушиб қолган ўзбекистонликлар Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Яман, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирлиги, Туркия каби мамлакатлардан қайтариб олиб келинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek




































