Ўзбекистон: Блогер Отабек Сатторий 6 ярим йиллик қамоққа ҳукм қилинди - video, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, facebook/sattoriy
Музробот туман суди сурхондарёлик блогерни 6 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди. Блогернинг иши халқаро миқёсда акс-садо берган. Унинг ҳали "шубҳали жиноятлар билан қамалишининг ўзиёқ Ўзбекистондаги сўз эркинлигига берилган жиддий зарба" экани айтилганди.
Маълум бўлишича, Отабек Сатторий Ўзбекистон Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича оқланган.
Аммо "Туҳмат" (3-қисм, "а", "г" бандлари) ва "Товламчилик" (3-қисми, "а" банди) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг "енгилроқ жазо тайинлаш", "бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш" ва "жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари"га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан блогерга "узил-кесил 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган".
Тайинланган жазони эса, умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди расман хабар берган.
Шу соатларда Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, блогернинг адвокати суд ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқишини маълум қилган.
Сурхондарёлик 40 ёшли блогер жорий йилнинг 29 январь куни қўлга олинган.
Бунинг ортидан, Сурхондарё вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари бошланган.
Аммо блогер адвокати мижозига қарши ишнинг "уйдирма" эканини айтганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Блогернинг "иши" халқаро миқёсда жиддий акс-садо берган.
Унинг ҳибсидан саноқли кунлар ўтиб, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси бу масалага эътибор қаратган, твит қилган.
"Агар, товламачилик тўғрисида ишончли далиллар бўлмаса, бу ҳибс нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига путур етказувчи яна бир амал" эканини ёзган.
Британ элчиси ортидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ҳам бу "иш"га тўхталган.
У ўз твитида, БМТ, "Сатторийнинг иши бўйича қонунни адолатли ва холисона қўллашга чақирувни мамнуният билан қабул қилиши"ни айтган.
10 февраль куни блогер масаласи юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий мурожаат билан чиққан.
"Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш - тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланиши ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши" билан огоҳлантирган.

Сурат манбаси, kun.uz
Кун ўтиб, бу хусусда Ўзбекистон Бош прокуратруаси ҳам ўзининг расмий баёнотини эълон қилган.
"Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган"ини маълум қилганди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзининг расмий баёнотида, "Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 (Туҳмат), 41 (Ҳақорат қилиш), 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш) лари билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган"ини ҳам маълумот тариқасида илова қилган.
"Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда "Денов кўмир омбори" ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган"ини билдирганди.
Орада унинг тақдиридан хавотир билдириб, Халқаро Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва Хьюман Райтс Вотчнинг ҳам баёнот билан чиққани кўрилган.
Ҳар икки ташкилот ҳам, блогер "жиноий қонунбузарликлар тўғрисида ишончли далилларни тақдим эта олишмаса, унинг зудлик билан қўйиб юборилиши, иш тўхтатилиши керак"лигини айтишган.
Отабек Сатторийнинг товламачиликда айбланиб қўлга олиниши бугун Ўзбекистондаги матбуот эркинлигига доир хавотирларни яна бир бор ўртага чиқарганди.
Отабек Сатторий ким ўзи?

Сурат манбаси, Facebook
Термиз шаҳрида яшовчи 40 яшар Отабек Сатторий Сурхондарё вилоятидаги муаммоларни ёритиб келиши, айниқса, маҳаллий амалдорларни танқидга тутувчи чиқишлари ортидан танилган.
У маҳаллий аҳоли юзлашган уй-жой, йўл, энергия таъминоти муаммолари, коррупция ҳолатларини кўтариб чиққан.
Отабек Сатторий муаммоларни ёритиш давомида, асосан, маҳаллий ҳокимлар ҳамда раҳбарларни танқидга тутган.
Блогер билан Сурхондарёдаги муаммоларни ёритишда ҳамкорлик қилган журналист Фазлиддин Меҳмонов орада Би-би-сига Сатторий ҳибсга олинишидан аввал босимларга учраётгани ҳақида гапирганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























