Ўзбекистон дунёга ишчи кучи экспорт қилувчи давлатга айланяптими? Video Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, COURTESY
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, ББС, Москва
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Ўзбекистон сўнгги йиллари миграция сиёсатини ўзгартира бошлади. Аввало, миллионлаб фуқароси чет элда ишлаб, оила боқаётганини тан олди. Кейин марҳум Каримов дангасалар, деб номлаган мигрантларни Мирзиёев фарзандларимиз, деб атади.
Зотан бу мигрантлар Ўзбекистондаги ишсизликни ҳам, камбағалликни ҳам "ёпиб" - ҳар йили Ватанга миллиардлаб доллар пул жўнатишади. Бироқ ҳозирги бош савол - Ўзбекистон миграция сиёсатида айнан қандай ўзгаришлар кечмоқда ё кутилмоқда?
Бу борада Хельсинки университети тадқиқотчиси Шерзод Эралиев билан суҳбатлашдик.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си: Ўзбекистондаги миграцияга оид жараёнлар ҳақида эксперт сифатида фикрингиз қандай?
Шерзод Эралиев: 2014 йилдан бери миграция масалалари бўйича тадқиқотлар олиб бораман. Докторлик дессертациям ҳам Россиядаги миграция масалаларига бағишланган.
Бу соҳани кузатиб бораётган мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистонда давлат сиёсати 180 даражада ўзгарганини кўришимиз мумкин.
Авваллари миграция - бу таҳдид, одам савдоси ёки дангасалик, "ўзга юртда мўмай даромад топиш илинжида" каби мазмунларда ишлатиларди. Яъни, одамлар дангаса бўлгани учун даромад топишга ўзга юртга кетгандек муносабат бўларди.
Ҳозир давлатда миграция ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатларига эга воқелик, кундалик ҳаётимизнинг бир қисми сифатида қаралаяпти.

Сурат манбаси, courtesy
Би-би-си: Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасида турли мамлакатларнинг тажрибалари ўрганилаяпти экан. Сизнингча, қайси давлат тажрибасини қўллаш Ўзбекистон учун нисбатан мос келади ва нега?
Шерзод Эралиев: Менимча, бир мамлакатникини мос келади, дейиш жуда қийин.
Агар категорияга бўладиган бўлсак, биз меҳнат муҳожирлари юборувчи мамлакат тоифасига кирамиз.
Дунёда 270 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожирлари ўз юртида эмас, бошқа мамлакатларда яшаб, ишлайди.
Ҳар бир мамлакат ўз миграция сиёсатини ишлаб чиқишда у ёки бу мамлакат тажрибасига таянади.
Бунда мамлакатнинг аҳоли сони, иқтисодиёти ҳажми, географик жойлашуви каби бир қатор омилларини ҳисобга олиш керак.
Бундай тоифадаги давлатлар кўп, улар ўз шароитидан келиб чиқиб сиёсатини белгилайди.
Кўпчилик халқаро ташкилотлар ва илмий доираларда Филиппин миграция сиёсатини ўрнак қилиб олишади.
Ўзларига тўғри келган қайсидир жиҳатларини ўз мамлакатларида жорий қилишади ёки қайсидир бир жиҳатларидан воз кечишлари мумкин.
Менинг билишимча, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги сўнгги йилларда қатор давлатлар, жумладан, Филиппин тажрибасига мурожаат қилган кўринади.

Сурат манбаси, official
Би-би-си: Туркия ҳам четга юз минглаб, ҳатто миллионлаб меҳнат муҳожири чиқарган. Аммо, мисол учун, четга ишлашга кетадиган турк мигрантлари ҳуқуқсиз аҳволга тушмайдилар. Туркия тажрибаси Ўзбекистонга тўғри келмайдими?
Шерзод Эралиев: Биламизки, Туркия ҳам транзит, ҳам муҳожир қабул қилувчи ва шу билан юборувчи мамлакат ҳисобланади.
Яқин 50 йиллар аввал Туркия асосан меҳнат муҳожири юборувчи мамлакат эди.
У Европа мамлакатларида Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги даврда иқтисодиётнинг тикланишида ўша пайтларда юзага келган меҳнат ресурсларига бўлган тақчилликдан яхши фойдаланган. Бу турк муҳожирлари учун жуда фойдали бўлган.
Кўпчилик балки эътибор бермаган бўлса керак, Туркия ўтган асрнинг 80-йилларида нефтга бой бўлган Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги кўп мамлакатларга жуда катта ҳажмда меҳнат муҳожирлари юборган.
Бугунги кунга келиб, Туркиянинг иқтисодий тикланиши ва унинг энг катта омилларидан бири бўлган географик жойлашуви мамлакатни ҳам транзит, ҳам мигрант қабул қилувчи давлатга айланишига сабаб бўлди.
Бундан ҳам Ўзбекистон, албатта, ўрганса арзийдиган жиҳатлар бор.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Би-би-си: Ўзбекистон четга ишчи кучи чиқарадиган давлат бўлиш йўлини тутгандан кўра, ўз фуқароларини ичкарида иш билан таъминлашга ҳаракат қилса бўлмайдими?
Шерзод Эралиев: Бугун Ўзбекистонда вазият шундайки, иқтисодиётини ҳажми 34 ярим миллионга эга аҳолининг меҳнат ресурсларини иш билан таъминлаб беролмайди.
Иқтисодиёт жуда яхши суръатларда 8-10 фоизга ўсган тақдирда ҳам, йилига борингки, 300-400 минг янги иш ўрни яратиши мумкин.
400 минг янги иш ўрни - 1000 тадан одам ишлатадиган 400 та янги завод демакдир.
Ёки кичик бизнес субъектларини айтадиган бўлсак, бир неча ўн минглаб янги кичик бизнес субъектлар очилиши керак деганидир. Бу жудаям мушкул иш.
Ўзбекистон фуқароларини хорижга ишлашга чиқишга эҳтиёж қолдирмайдиган даражада иш ўринлари яратиш биринчи навбатда давом этаверади.
Шу билан бирга меҳнат муҳожирларига имкон қадар кўпроқ маош оладиган жойга бора олишлари учун ва у ерда ҳуқуқий-ижтимоий таъминланиши учун Ўзбекистон барибир маълум бир сиёсатни олиб бориши ва чора-тадбирларни кўриши керак.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


































