You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ҳиндистонда яшовчи ўзбеклар нималарни кўришмоқда? Video Hindiston O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar
Ҳиндистон АҚШ билан бирга дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттасига айланди. Янги Ковид инфекциялари сони расман 20 миллиондан ошди. Ҳозир Деҳлида бўлган асли ўзбекистонлик суҳбатдошимизнинг айтишича, икки ҳафтадирки шаҳар қатъий изоляция остида, комендантлик соати амалда.
Ҳиндистон АҚШ билан бирга дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттасига айланди. Янги Ковид инфекциялари сони расман 20 миллиондан ошди. Экспертлар эса, ҳатто ҳақиқий рақамлар расман айтилаётганидан кўп эканини таъкидлашмоқда.
Ўлим кўрсаткичи эса, қарийб икки ҳафтадирки, уч мингдан пастга тушмаётир, бу ҳам Ҳиндистон учун рекорд ҳолатлар бўлади.
Ҳиндистон ҳукумати сўнгги икки ҳафтада мамлакатни ўз забтига олган қақшатқич Ковид инқирози сўнгги кунларга келиб, сал бўлса-да, юмшаганини айтмоқда.
Аммо, ҳукуматнинг расмий баёнотларига қарамай, Ҳиндистонда коронавирус ўчоғи бўлган биргина пойтахт Деҳлининг ўзида аҳвол ҳамон танглигича қолаётир.
Шаҳарда ҳануз кислород, касалхоналарда эса, жой тақчил.
Бунга эълон қилинган сўнгги расмий маълумотларнинг ўзи далолат қилган, кеча, душанба куни Деҳлида 448 киши коронавирусдан ўлган, бу шаҳар учун яна бир антирекорд бўлган.
Инқирозий вазиятни ўнглаш учун Деҳли масъуллари бу ишга энди ҳатто ҳарбийларни жалб қилишмоқчи.
Ковид касалхоналари ва жонлантириш бўлимларини уларнинг ихтиёрига топширишмоқчи.
Ҳиндистон дунёнинг Ўзбекистон орада мунтазам ҳаво парвозларини қайта тикланган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Тошкент-Деҳли йўналишидаги парвозларнинг ҳали-ҳануз ҳафтасига икки маротаба давом этаётгани кўрилади.
Сўнгги йилларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун Ҳиндистонни афзал билаётган ўзбекистонликлар сонининг ҳам ортгани кўрилади.
Ҳиндистондаги сўнгги қақшатқич Ковид инқирози манзарасида Деҳлида бўлган ўзбекистонликлар нима дейишмоқда? Улар қанчалик хавфсиз?
У ерга даволаниш учун бораётган ўзбеклар нима қилишади?
Ҳозир Деҳлида бўлган асли ўзбекистонлик журналист Зарина Бухорий ўзи шоҳид бўлган аҳвол ва манзарани тасвирлайди.
Огоҳлантириш: Видеода кўнгилни хира қилувчи тасвирлар бор.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, икки ҳафтадирки Деҳли қатъий изоляция остида, шаҳарда комендантлик соати жорий этилган.
У ўзининг Би-би-сига нега уйи балконидан туриб, интервью бераётгани сабабини ҳам худди шу нарса билан изоҳлайди.
"Одатда гавжум Деҳли кимсасиз шаҳарга айланди. Одамлар коронавирусни ҳаводан юқтириб олишларидан чўчиб, кундалик харид учун ҳам ташқарига чиқмай қўйишди", - дейди суҳбатдошимиз.
Журналистнинг айтишича, ҳукумат одамларни ҳатто хонадонларда, уй ичида ҳам маска тақишга чақирмоқда.
"Имкони борлар кислородни қора бозордан топишаяпти, кам таъминланган оилалар эса, рикшаларда, йўлларда, касалхона дарвозаси остида охирги нафасларини олишмоқда", - дейди суҳбатдошимиз.
Унинг айтишича, пандемиянинг шиддат билан тарқалиши Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш тизимини инқирозга учратаётгандек тасаввурни пайдо қилмай қўймаган.
"Бунга бевосита гувоҳ бўлиш эса, мен учун ажабланарли ҳол", - деркан, журналист бунинг боисини, "ўзи туғилиб ўсган Ўзбекистон, шунингдек, Тожикистон ва Афғонистон каби қатор давлатлар учун Ҳиндистон етакчи тиббиёт маркази сифатида танилган"и билан изоҳлайди.
Марказий Осиё мамлакатларидан йилига минглаб беморлар Ҳиндистонга даволаниш учун мунтазам равишда қатнашади, пандемия даврида уларнинг сони бирмунча камайди, дейди журналист.
Суҳбатдошимизнинг мутахассисларнинг фикрларига таяниб айтишича, Ҳиндистонда ҳатто ҳозиргидек бир вазиятда ҳам коронавируснинг иккинчи тўлқини ҳалича ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилмаган ва у май ойининг ўрталарига тўғри келиши мумкин.
"Уларнинг қайд этишича, вазият яхшиланмасидан аввал ёмонлашади", - дейди журналист.
Ўзбекистон ўтган йил май ойида Деҳли, Дубай, Сеул ва Минскдан мингга яқин фуқаросини чартер рейслар ёрдамида ортга қайтарган.
Ундан аввал айрим етакчи маҳаллий нашрларда Ҳиндистонга даволаниш учун борган, бироқ пандемия туфайли чегаралар ёпилиб, авиақатновлар тўхтатилгани боис, Ўзбекистонга қайтолмаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлар чоп этилган.
Улар суҳбат чоғида "аҳволлари тобора оғирлашиб, пуллари ҳам тугаб бўлгани"дан шикоят этишган.
Бу каби чиқишлар ортидан, Ҳиндистондаги ўзбеклар масаласига Олий Мажлис Сенати эътибор қаратгани, уларни қайтариш учун чартер рейс ташкил этишни сўраб, мутасадди ташкилотларга хат билан чиққанига оид хабарлар олинган.
Ўзбекистон глобал коронавирус пандемияси боис, дунёнинг бошқа давлатлари билан мунтазам ҳаво қатновларини айрим истиснолар билан ўтган йилнинг март ойида расман тўхтатган, фақат 4 сентябрга келиб, уларни қайта тиклай бошлаган.
Шу пайтгача дунёнинг ўнга яқин давлати билан мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.
Аммо ўтган йил октябрида муайян эпидемиологик шартлар асосида барча турдаги транспорт қатнови учун ҳам ўз чегараларини расман очган.
Ҳиндистон билан бу ҳақда бир келишувга эришишгани шу йилнинг февраль ойида хабар берилган.
Тўғридан-тўғри мунтазам авиқатновларни "International Air Travel Bubble" битими асосида амалга оширишга келишилгани айтилган.
Ҳиндистонда 2 май куни кундалик коронавирусга чалиниш кўрсаткичи 400 мингдан ошган. Дунёда антирекордни янгилаган.
Пандемия тарихида жаҳоннинг қолган бирор бир давлатида бу каби ҳолат қайд этилмаганди.
Худди шу манзарада Ўзбекистон Ҳиндистонга инсонпарварлик кўмагини юборган биринчи минтақа давлати бўлган.
Кўмак шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан амалга оширилган.
Ўзбекистон пандемия давридаги ташқи сиёсати билан аллақачон халқаро миқёсда эътибор ва эътироф топиб улгурган.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга инсонпарварлик ёрдами, бошқа томондан, мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига ҳам тўғри келган.
Кўмак Ҳиндистон жорий пайтда жуда эҳтиёж сезаётгани кўрилган мобил кислород концентраторлари тўпламлари ва турли дори воситаларидан таркиб топгани айтилган.
Маълум бўлишича, ҳинд ҳукумати юборган кўмаги учун Ўзбекистон томонига аллақачон ўз миннатдорчилигини ҳам билдирган.
Ҳиндистон Хитой билан бирга дунёнинг аҳолиси энг катта давлати бўлади. Имконли бўлган рақамларга таянилса, Ҳиндистон аҳолисининг сони ҳозир қарийб миллиард 400 миллион кишини ташкил қилади.
Қақшатқич Ковид инқирози фонида Ҳиндистонга кўмак берган ва бераётган давлатларнинг сони ҳозирга келиб бир неча ўнга етган.
Ҳиндистон билан парвозларни вақтинчалик чеклаётган ва у ердан келаётган йўловчилар учун махсус эҳтиёт чораларига қўл ураётган мамлакатларнинг сафи ҳам кенгайган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek