Ўзбекистон: Қўнғироқ билан мақолани ўчиртиришади – мамлакатда матбуот эркинлиги ҳамон ёмон аҳволдами? Video O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Allamjonov/telegram
Ўзбекистонда матбуотда эълон қилинган мақолаларни юқоридан қўнғироқ билан ўчиртириб ташлаш одати ҳали ҳам мавжуд.
20 апрель куни Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мамлакатдаги матбуот аҳволига ана шундай мазмунда баҳо берган.
Алламжонов бу фикрларни Ўзбекистоннинг мавқейи жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида пастлагани тўғрисидаги хабар ортидан билдирган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўтган ҳафтада «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти дунёдаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият тадқиқ қилинган анъанавий рейтингни эълон қилган.
Ташкилотнинг янги ўрганишларига кўра, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ҳали ҳам қониқарли аҳволда эмас.
- Ўзбекистон: Энди мансабдорлар блогер ва журналистларни қамоқ билан қўрқита олмайдими?
- Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёевадан табрик: Би-би-си Ўзбек хизматига
- Каримов даврида ухлаган матбуотни Мирзиёев қизи уйғотадими?
- Солиқчилар блогерни солиққа тортишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотсин - Комил Алламжонов
- Мирзиёев собиқ матбуот котиби Алламжонов агентликни бошқаради
Бир поғона пастга

Сурат манбаси, Screenshot
Ўзбекистон жаҳон матбуот эркинлигининг 2021 йилги рейтингида бир поғонага пастлаган.
Ташкилот экспертлари Ўзбекистонни 180 давлат ичидан 157-ўринга муносиб кўрганлар.
Рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни 2018 йилдан буён илк бор пастлагани кўринади.
Ўтган йили 156-ўринда бўлган Ўзбекистон 2021 йил рейтингида сиёсий репрессиялар авж олгани иддао қилинувчи Руанда ва амалдаги президентга қарши норозилик намойишлари давом этаётган Беларусь ўртасидан жой олган.
Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг таъкидлашича, Ўзбекистонда жонли эфирлар ва айрим журналистлар коррупция ва мажбурий меҳнат каби нозик мавзуларни ёрита бошлаган бўлсада, ҳокимиятнинг юқори қатламини танқидга тутиш ҳамон имконсиз бўлиб қолмоқда.
«Расмийлар эса матбуотни жиловлаб турган қонунларни ислоҳ қилишга шошилмаётир. Кузатувлар, цензура ҳамда ўзини ўзи цензура қилиш ҳали ҳам мавжуд ва ҳукумат матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб турибди», дейилади рейтинг изоҳида.
Шунингдек, блогерлар таҳдидга учраётгани ёки ҳибс этилаётгани ҳам тилга олинган.
Узоқ йиллар давомида ушбу рейтингда матбуот эркинлиги энг абгор ҳолда бўлган давлатлар қаторида бўлиб келган Ўзбекистоннинг мавқейи 2018 йилдан буён қаторасига 4-5 поғона юқорига кўтарилиб келаётган эди.

Сурат манбаси, Screenshot
Юқоридан қўнғироқлар
Бундан аввал президент матбуот котиби ва ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқишга ваколатли бўлган агентлик - АОКА директори лавозимларида ишлаган Комил Алламжонов янги рейтинг ҳақида фикр билдира туриб, матбуотга масъул бўлган мутасаддиларни танқид остига олган.
«Ҳар йили шу пайтда Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги рейтинги ошаётганини айтиб мақтаниб қўярдим. Бу йил эса ушбу соҳага МАСЪУЛ бўлган барча мутасаддиларга машаққатли, сермазмун, ижодий ва тинимсиз меҳнатлари учун катта «раҳмат» айтмоқчиман.
Барака топинглар, ҳурматлилар. Рейтинг-пейтингга бало борми, тоже мне. Тушди нима, кўтарилди нима, тўғрими? Ота-бобонг қилган ишни қилсанглар бўлмайдими, дейдиган одам йўқ», ёзган у ўзининг Facebook саҳифасида.
Кейинроқ Алламжонов интернет сайтларига бўлувчи босимлар ҳақида ёзган.
Ушбу постида у интернет нашрларини хусусий тадбиркорларга тенглаштирган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
«Баъзида давлат идораси ходимлари хусусий тадбиркорлар, яъни оммавий ахборот воситаси фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга қўнғироқ қилиб, улар қонун доирасида яратаётган маҳсулотларини (мақолани) ўчириб ташлашни талаб қилишади.
Агарда хусусий тадбиркор бўлмиш сайт буни бажармаса уни чақиришади, қўрқитишади. Аслида бу ноқонуний ҳаракат, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳисобланади. Соддароқ айтганда, тадбиркорнинг фаолиятига асоссиз аралашишдир», таъкидлаган у.
«Чегара билмас мухбирлар»нинг янги рейтинги Ўзбекистонда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган бир вақтда катта аудиторияга эга сайтлардан бири «мунтазам тазйиқлар остида фаолият юритишга мажбур бўлаётгани» тўғрисида хабарлар чиққан.
Бу борада қарашларини ёзган депутат Расул Кушербаев матбуот ва сўз эркинлигини бўғишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни кескин қоралашини таъкидлаган.
Ўзбекистон блогосферасида машҳур бўлган Файзбоғ канали муаллифи мамлакатдаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият янада ёмонлашиши эҳтимолидан хавотир билдирган.
«Бизга ҳар доим «президент иродаси» ва «ташқи имидж" туфайлигина эркинлик берилгани эслатиб туриларди. Яъни, бу гаплардан хулоса чиқарадиган бўлсак, Ўзбек мулозимларига фикр эркинлиги ҳам, шахс қадр-қиммати ҳам, фуқаролик жамияти ҳам умуман қизиқ эмас, уларни фақат юқоридаги иккита ҳолатгина ушлаб турибди. Бугун ана шу барьерни енгиб ўтиш учун барча нарса тайёр. Якуний буйруқ берилса кифоя», дейилади каналда эълон қилинган фикрларда.
Президент Шавкат Мирзиёев журналист ва блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаши ҳақида йиллардан буён таъкидлаб келаётган бўлсада, мамлакатнинг турли бурчларидан матбуот вакилларининг тазйиққа учраётгани тўғрисидаги хабарлар ҳамон чиқиб турмоқда.
Январь ойида товламачиликда айбланиб қўлга олинган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг шов-шувли суди ҳали ҳам жамоатчилик эътиборида бўлиб келмоқда.
16 апрель куни эса Daryo.uz нашри мухбири Қарши шаҳрида ички ишлар органлари босимига учрагани хабар қилинган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek


































