Москвага билет тугаб кетди - Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Аэропорт

Сурат манбаси, DMITRY SEREBRYAKOV/TASS

Published

Хабарларга кўра, Душанбедан Москвага мунтазам парвозлар бошланмоқда. Биринчи рейсга билетлар аллақачон тугаб кетган. Айрим авиакассаларда одамлар кўплигидан, ҳатто, навбатларга ёзилишгани, "қарзга бўлса ҳам", билет олиш учун у ерга келишгани айтилмоқда.

Бу ҳақда Душанбе авиакассаларидаги сўнгги кунлардаги вазиятни кузатиб, Тожикистондаги етакчи Азия-Плюс нашри хабар берган.

Маълум бўлишича, Душанбедан Москвага илк йўловчи самолёти эртага, 3 апрель куни учади.

Биринчи мунтазам рейсни Россиянинг Utair авиакомпанияси амалга оширади.

Ширкат вакилининг нашрга билдиришича, эртанги рейсга билетлар аллақачон сотилиб кетган.

"Билетга талаб жуда катта бўлган, аммо учажак самолётда жой камлик қилган".

Utair вакилининг маълум қилишича, Тожикистондан Россияга илк мунтазам рейсни Боинг 767-200 учоғи амалга оширади. Бу самолётга бор-йўғи 249 йўловчи кетади.

"Самолёт 3 апрель куни маҳаллий вақт билан тунгги соат 02:00 да учади".

Utair самолётлари

Сурат манбаси, САВОСТЬЯНОВ СЕРГЕЙ

Utair вакилининг сўзларига кўра, Душанбедан Москвага авиачипталарнинг минимал нархи 3983 сомоний - $349 долларни ташкил этади.

"Москвадан Душанбегача эса, 1640 сомоний - $143 доллар этиб белгиланган".

Аммо вакил нашрнинг билетлар аниқ қайси авиакассаларда сотилгани саволига, "ваколатига кирмаслиги"ни айтиб, жавоб бермаган.

Маълум бўлишича, Тожикистоннинг ўз ҳаво ширкати - Сомон Эйр Душанбедан Москвага илк мунтазам парвозни 6 апрель куни амалга оширади.

Бу рейсга билетлар эса, кеча, 1 апрель куни савдога чиқарилишини айтган.

Азия-Плюс нашрининг мазкур авиакомпания матбуот хизматига таяниб хабар беришича, бу рейсга билетлар кеча, 1 апрель куни сотувга чиқарилган.

Кўрилишича, Сомон Эйрнинг чипталари нархи ҳам Utairникидан фарқ қилмаган, бир хил этиб белгиланган.

Тожикистонлик авиация масъуллари орада авиачипталар қиммат сотилганига оид хабарлар чиққанини ҳам рад этишмаган.

Тожикистон аэропорти

Сурат манбаси, SVETLANA KHOLYAVCHUK/TASS

Аммо бунга йўл қўймаслик учун ўзлари ва қолган масъул ташкилотлар авиачипталар савдосини "синчковлик билан назорат этишаётгани"ни билдиришган.

Жумладан, Тожикистон Фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари Азия-Плюс нашрига айтишича, мунтазам рейслар учун икки томонлама авиачипта нархи $500 доллардан ошмаслиги керак.

Шунингдек, у фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида фуқароларга чипталарни фақат Utair ва Сомон Эйр авиакомпанияларининг расмий кассаларидан сотиб олиш тавсия қилинаётганини ҳам билдирган.

Икром Субхонзода Россияга учаётган йўловчиларнинг Covid-19 га 72 соат ичида ПЗР тести топширган бўлишлари лозимлигини ҳам эслатган.

Бундан аввал Азия-Плюс нашри Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси маълумотига таяниб, ҳар икки давлат авиация мулозимларининг келишувига мувофиқ, Москва ва Душанбе ўртасидаги мунтазам рейслар ҳафтасига икки марта амалга оширилиши ҳақида ёзган.

Кейинчалик мунтазам рейслар сони яна ошиши мумкинлиги эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Бу рейслардан Тожикистоннинг исталган фуқароси, Тожикистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга инсонлар ва россияликлар ўзларининг ҳам фойдаланишлари мумкинлиги айтилган.

Икки томон масъуллари ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, тожикистонлик талабаларнинг ҳам маълум шартлар асосида Россияга киритилиши маълум бўлган.

Тожикистон Ўзбекистон билан бирга Россия энг сўнггида мунтазам ҳаво қатновларини тиклашга қарор қилган олтита давлатдан биттаси бўлади.

Россия ҳукумати расмийси 25 март куни 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон билан ҳам мунтазам рейсларнинг қайта тикланишини маълум қилган.

Сўнгги янгилик мунтазам парвозлардаги бир йиллик танаффусдан сўнг ўртага чиққан.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистондан ҳалича Тожикистондагисига ўхшаш хабарлар олинмаган.

Россия ҳукуматининг расмий хабарида ўзаро авиапарвозларнинг ҳафтасига бир марта фақат Москва-Тошкент йўналишида амалга оширилиши айтилган.

Дейлик, худди шу хабарнинг ўзида Германия ҳақида сўз кетганда, ўзаро асосдаги мунтазам парвозларнинг Франкфурт-Майн-Москва-Франкфурт-Майн йўналишида бўлажаги кўрсатилган.

Россия томони айрим давлатлардаги эпидемиологик вазият таҳлили натижаларига асосланиб ва Бош вазир билан келишилган ҳолда бу каби қарорга келишганини маълум қилган.

Ўзбекистонлик авиация масъуллари Россия билан авиапарвозларнинг одатий тартибда қайта тикланганини ҳалича расман тасдиқлашмаган.

Россия томонининг сўнгги қарорига расмий муносабатлари ҳозирча кўзга ташланмаган.

Россия глобал коронавирус пандемияси сабаб, Ўзбекистон билан ҳам мунтазам ҳаво қатновларини ўтган йил март ойида тўхтатган.

Орада кечган бир йил вақт давомида икки давлат ўртасида фақат чартер ва махсус рейслар амалга ошириб келинган.

Rossiya

Сурат манбаси, official

Россия чегараси Ўзбекистон фуқаролари учун ёпиқлигича қолган.

Элчилар, Ўзбекистоннинг дипломатик консулхоналари вакиллари ва уларнинг оила аъзолари, даволаниш учун келаётган шахслар, хорижда яқин ёки касал қариндоши бор инсонлар, дипломатик ваколатхоналар сўрови билан транзит ўтаётган йўловчилари каби муайян тоифа шахсларнинг Россияга киришларига изн берилган.

Яна Россия ҳукумати қошидаги тезкор штаб томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган ўзбекистонликлар Россия Федерацияси ҳудудига киритилган.

Ана шу муайян тоифа ўзбекистонликларнинг ҳам ПЗР тест топширишлари ва "Роспотребнадзор" сайти орқали рўйхатдан ўтишлари талаб қилинган.

Стюардессалар

Сурат манбаси, AFP

Ўзбекистонликлар якка тартибда на самолёт, на поезд, на автобус ва на машинада Россияга кира олишган.

Ўзбекистонлик талабалар Россия Таълим вазирлигининг ўтган ҳафта эълон қилган янги рўйхатига ҳам тушишмаган, уларнинг ўз таҳсилларини давом этдиришлари учун Россия ҳудудига киришларига яна изн берилмаган.

Россия шу йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон билан ўзаро асосда қайта тиклаётган мунтазам парвознинг ҳафтанинг айнан қайси куни, қачон, қай бир аэропорт ва қайси ширкат томонидан амалга оширилиши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас, бу ҳақда ҳукуматнинг расмий хабарида айтилмаган.

Бир рейсда қанча йўловчининг парвоз қилиши кўзда тутилаётгани тафсилотлари ҳам очиқланмаган.

Сўнгги янгилик манзарасида айрим минтақавий ва маҳаллий нашрлар Россиянинг Аэрофлот ширкати расмий веб саҳифасидаги парвозлар жадвалига ҳам эътибор қаратишган.

Бу жадвалда 1-8 апрель оралиғида айрим иш кунларида Тошкент-Москва йўналишида рейслар кунига ҳатто икки маҳал амалга оширилиши кўзда тутилгани ҳақида ҳам ёзишган.

Россия ўтган йил август ойидан бошлаб, халқаро авиарейсларни яна босқичма-босқич йўлга қўйишга киришган.

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Сентябрь ойидаёқ Марказий Осиё давлатлари орасидан Қирғизистон ва Қозоғистон билан мунтазам ҳаво қатновларини қайта тиклаган.

Шу йил 15 февралдан бошлаб эса, Қирғизистон билан мунтазам парвозлар сонини янада кўпайтирган, ҳафтасига биттадан учтага оширган.

Россия билан мунтазам авиапарвозларнинг қайта тикланиши, бир йилдирки, ўзбекистонликларни энг кўп қизиқтираётган саволлардан бири бўлади.

Глобал коронавирус пандемияси боис, Ўзбекистон ҳам ўтган йил март ойида мунтазам халқаро парвозларни тўхтатган, худди ўша йилнинг 4 сентябридан қайта тиклашга киришган.

Шу пайтгача дунёнинг ўнга яқин давлати билан мунтазам ҳаво қатновларини тиклашга муваффақ бўлган.

Ўтган йил октябрида эса, муайян эпидемиологик шартлар асосида барча турдаги транспорт қатнови учун ҳам ўз чегараларини расман очган.

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Россия дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Ҳар икки томондан олинган хабарлар мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш масаласининг шу пайтгача икки давлат масъуллари орасида муҳокама мавзуларидан бири бўлиб келганига далолат қилган.

Орада бўй кўрсатган умидбахш баёнотлар эса, амалга ошмаган.

Ўзбекистонлик масъуллар коронавирус билан боғлиқ санитария-эпидемиологик вазият тўғрисида талаб этилган барча маълумот белгиланган тартибда Россия томонига тақдим этилгани, айни пайтда уларнинг жавоби кутилаётганини ҳам айтишганди.

Сўнгги бор бу масалани Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири шу ой бошида Москвада россиялик ҳамкасби билан музокаралари чоғида кўтарган.

Россия томони авиақатновларни тиклашда ўзаро розилик тамойилига асосланишаётгани, яна хавфсизлик критерияларидан келиб чиқиб, қарор беришаётганини айтиб келган.

Мигрантлар

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони 34500 миллиондан ортади.

Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.

Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.

Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek