Ўзбекистон: Президент Мирзиёев Шоввозсой кимники эканини айтди - video, O‘zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Шавкат Мирзиёев Шоввозсой кимга қарашли эканини айтди. Ўзбекистон президенти бу борада журналист Азиза Қурбонованинг саволига берган жавобида таъкидлаган.
Ўзбекистондаги аксарият нашрлар тарафидан Шоввозсой дам олиш маскани ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган масала сифатида тилга олинди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Шоввозсой ҳақида Озодлик радиосининг махсус лойиҳаси шу йил 23 февраль куни чоп этилганди.
Унда бу дам олиш маскани Ўзбекистон раҳбари ва унинг оиласи ҳордиқ чиқариши учун қурилгани ҳақидаги расман тасдиқланмаган қатор тахминлар илгари сурилган.
Озодлик радиоси суриштирувларида дам олиш мажмуаси 2017 йил бошида - президент Мирзиёев ҳокимиятга келишидан ҳеч қанча вақт ўтмай қурила бошлангани ҳам иддао қилинган.
Аммо мазкур суриштирувнинг, асосан, сунъий йўлдошдан олинган тасвирлардан иборат экани кўрилганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Орадан кун ўтиб, "Ўзбекистон темир йўллари" "Шоввозсой" дам олиш маскани борасида расмий баёнот билан чиққан.
Компания ўз изоҳида бу ҳақдаги турли хабарларнинг "асоссиз" ва "нохолис" эканини айтганди.
Савол-жавоб
Президент Шавкат Мирзиёев Шоввозсой дам олиш маскани ҳақидаги саволга ана шу лойиҳа чоп этилишидан қарийб бир ой ўтиб, жавоб берган.
Мирзиёев бир вилоятга ташрифи мисолида иккинчи бор журналистларнинг саволларига тўғридан-тўғри жавоб берган.
Ўзбекистон президентининг Қуйи Чирчиқдаги кластерга ташрифи чоғида блогер Азиза Қурбонова унга шу хусусда савол билан мурожаат қилган.
Президент блогернинг саволига жавоб бераркан, Шоввозсой дам олиш маскани "Ўзбекистон темир йўллари"нинг давлат корхонаси" эканини айтган.
"Ҳеч ким у ерда туриб, яшаб ёки бировга ўтказиб қўйилгани йўқ. У давлатнинг жойи", - деркан, бунинг ортидан, "Президентнинг нима алоқаси бор унга?", - дея савол қўйган Ўзбекистон раҳбари.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, "Президент ҳам Ўзбекистонга фойдаси тегадиган мартабали меҳмон келса, боради".

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президенти ўша ерда ҳозир бўлган журналистларга мурожаатан, "айтмайсизларми, "биз президент билан пиёда юрамиз, сизлар ҳам келиб, бир марта пиёда юриб кўринглар", деб. Кейин президент беш йилда неча марта дам олибди экан, деган саволни нимага бермайсизлар?" - дея блогернинг саволига берган жавобини якунлаган.
Ушбу савол-жавоб маҳаллий вақт билан анчайин кечки соатларда бўй кўрсатган эса-да, ўша вақтнинг ўзидаёқ Ўзбекистондаги аксарият йирик интернет нашрлари эътиборига тушган, сарлавҳаларга чиққан хабарига айланган.
Расмий баёнот тафсилотлари

Сурат манбаси, ozodlikradiosi
"Ўзбекистон темир йўллари" ҳам ўзининг 24 февраль кунги расмий баёнотида "Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги қарорига асосан, Угам-Чотқол миллий табиат боғи тасарруфидаги "Шоввозсой" ўрмон хўжалиги ерлари компанияга темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари, хорижий ҳамкорлари, мамлакат аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар учун замонавий экотуризм масканини барпо этиш ва мавжуд экотизимни сақлаб қолиш мақсадида ажратилган"ини билдирган.
Бу масканнинг неча йил ичида ва қандай маблағлар ҳисобига қурилганига ҳам тўхталган.
Жами "495 миллиард сўм" эканини айтиб, унинг қурилишига сарфланган инвестициялар ҳажмини ҳам очиқлагани кўрилган, баёнотида миллий боғ ҳудудида кичик сув омбори барпо этилганини ҳам тилга олиб ўтган.
Энг сўнггида эса, "Шоввозсой" дам олиш маскани биргина темирйўлчиларга эмас, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, турли вазирлик, идора ва давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, республика аҳолиси ва чет эллик инвесторларга ҳам хизмат кўрсатиши"ни баён қилганди.
Би-би-си лойиҳаси ортидан, "Озодлик Радиоси мазкур масканнинг шахсан президент ихтиёри учун махсус қурилганига нега ишонмоқда? Радио ихтиёрида бу иддаони дастаклай оладиган қандай далиллар мавжуд?" - деган саволлар билан унинг муҳаррири Карл Шрекга мурожаат қилган.
Карл Шрек ўз жавобида, "ҳужжат йўқ"лиги, "лекин у Мирзиёев учун қурилган"ини иддао қилганди.
Би-би-си Озодлик радиоси суриштируви ортидан кўтарилган айрим саволлар, жумладан, ходимлар ва аҳоли учун қурилган дам олиш маскани экани айтилган "Шоввозсой" мажмуасини бориб кўриш масаласи юзасидан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга мурожаат йўллаган. Ҳозирча ўз мурожаатига жавоб олмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek



































