You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия, мигрантлар: Ўзбек аёллари пандемиядан қандай чиқмоқда? - Video, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar
Ўзбекистонлик юзлаб аёллар пандемия даврида ишсиз ва пулсиз қолишига қарамай, Россиядан кетишмаган. «Кетсак, қайтиб келолмаймиз», деган xаёлда Москвада қолиб кун кўришга ҳаракат қилди, дейди ўзбекистонлик фаол.
Ўзбекистонлик аёллар меҳнат муҳожирлигига энг кўп борадиган мамлакат ҳамон Россия бўлиб турибди.
Айни дамда бу ерда ярим миллионга якин ўзбекистонлик аёллар бор. Уларнинг катта қисми хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашади. Пандемия даврида улар учун қандай кечди?
Би-би-си Ўзбек хизмати бу борада Москвада меҳнат муҳожирлигида бўлган фаол Лейла Мустафасайар билан суҳбатлашди.
70 фоиз аёллар ишсиз қолди
- Карантин чекловлари даврида муҳожир аёлларнинг ҳаёти оғир кечди. Шу Домодедово ҳудуди мисолида оладиган бўлсак, 70 фоиз аёлларнинг ишлаб турган жойлари пандемия сабабли ёпилгани учун ишсиз қолишди, - дейди ўзбекистонлик фаол.
Москва вилоятининг Домодедово шаҳарчаси меҳнат муҳожирлари билан гавжум ҳудудлар сирасига киради. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари раҳбарияти қуйи ишларга асосан мигрантларни ёллайди.
Карантин чекловлари боис, ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб қатор корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятини кескин чеклаган эди.
- Мигрант аёллар ишсиз қолганини ортидан ижара уйсиз қолишди (тўлашга пуллари йўқлигидан). Ойлик тўхтагач, оддий xаражатлари учун ҳам пул топа олмай қолган аёллар бўлди.
Лейла Мустафасайарнинг айтишича, Домодедово аэропорти ҳудудидаги ошхоналарда асосан ўзбекистонлик аёллар иш қисқаришига тушган.
«Кетсак, қайтиб келолмаймиз» дейишди
Ўзбекистонлик кўплаб аёллар пандемия даврида ишсиз ва пулсиз қолишига қарамай, Россиядан кетишмаган.
- Аёлларимизнинг кўпчилиги «Кетсак, қайтиб келолмаймиз», деган xаёлда Москвада қолиб кун кўришга ҳаракат қилди. Эълон бердик, яхши инсонлар кўмак берди. Ишсиз қолган аёлларимизни яқин атрофдаги тикув цехлари, карантин даврида очилган янги озиқ-овқат дўконларига ишга жойлаштиришга ҳаракат қилдик. Ҳозиргача у ерда ишлаётганлар бор,- сўзлаб берди фаол.
Россияда пандемия xавфи билан боғлиқ вазият тобора «юмшаб» бораяпти.
Таҳлилчилар ёзга бориб, карантин чекловлари ҳам қисқартирилишини, кўплаб халқаро авиақатновлар тикланишини тахминлашмоқда.
Ўзбекистонлик фаолга кўра, у ишлайдиган Домодедово аэропортида яна янги ходимлар ишга қабул қилиниши бошлаб юборилган.
- Одам кўпайган сари тўланадиган иш ҳақи тушиб бораяпти. Самолёт бортига чиқариладиган овқатларни қадоқлаш цехлари ўзбекистонлик аёлларни ишга олаяпти. Кунига 12 соатлик иш, дам олиш ишчининг ўз ҳисобидан. Ишнинг бир соатига 120 рубль ҳақ тўланади. Патент ва ижара уйга тўлайдиган аёлларимиз учун бу жуда кам, - дейди Лейла Мустафасайар.
Ўзбек аёллари ҳар кун ишлайди
Фаолга кўра, россиялик иш берувчилар ишга ўзбек аёлларини қабул қилишни исташади.
- Биронта иш берувчи билан гаплашиб қолсам, уларни бир мен яхши кўрадиган жумлалари бор. Ҳар кун ишга чиқишига ишонганим учун ўзбек аёлларини ишга олишни афзал кўраман, яна қўшимча ишни ҳам рад этишмайди, дейишади. Аёлларимиз учун хурсанд бўлиб кетаман.
Кейин бизнинг миллат аёлларини ҳар доим айтаман, улар туғма ошпаз. Улар бир ерга бориб ўқиши керакмас, тайёргарлик шартмас. Бир марта кўрсатиб берсангиз, ўзи қилиб кетаверади. Шу томонларимизни севаман, - дейди Лейла Мустафасайар.
Айни пайтда Ўзбекистондан Россияга кириш чекловлари боис, олти юз мингга яқин муҳожирлар йўллар очилишини кутмоқда.
Улар орасида минглаб ўзбекистонлик хотин-қизлар оила боқиш, рўзғор тебратиш учун муҳожирликка отланишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek