Каримов, Назарбоев, Мирзиёев: Энди Марказий Осиё Иттифоқи барпо этиладими? Россия, Хитой ва минтақа, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Islom Karimov, Vladimir Putin va Nursulton Nazarboyev

Сурат манбаси, official

Published

Каримов, Назарбоев, Мирзиёев: Энди Марказий Осиё Иттифоқи барпо этиладими? Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиё давлатлари келажагида ҳам ёки бирлашиш, ёки бошқалар томонидан ютилиш танлови бор, холос. Учинчи йўл кўринмайди.

Уларнинг айтишларича, келажак - глобаллашувни, минтақавий ва глобал ҳамкорликни, йирик ўзликлар атрофида бирлашишни назарда тутади. Бунинг муқобили йўқ.

Марказий Осиё Иттифоқини тузиш мавзуси кеча, 4 март куни яна ўртага чиққан.

Alter Egо интервьюси чоғида Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосаридан худди шу савол ҳам сўралган.

Савол, "Нима учун минтақа давлатлари қандайдир Марказий Осиё Иттифоқини яратиш масаласини кўриб чиқмайди? Нима учун бизга доимо қандайдир катта оға керак?", - тартибида қўйилган.

Содиқ Сафоев ҳозир қандайдир минтақавий иттифоқлар ҳақида гапиришга эрта эканини айтган.

У бунинг сабабини минтақа давлатларида, "интеграциянинг асосий таркибий қисми бўлмиш умумий тамойиллар, қадриятлар ва давлат иқтисодий тузилишининг умумий мос механизмлари мавжуд эмас"лиги билан изоҳлаган.

Sodiq Safoyevning Alter Ego bilan suhbati

Сурат манбаси, Screenshot

Аммо Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, "шунга қарамасдан, бунга жуда катта қизиқиш борлиги"ни ҳам қўшимча қилган.

"Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги энг асосий ютуқларидан бири - сўнгги 4 йил ичида минтақа мамлакатларининг ишончли ҳамкорлигини тиклашга муваффақ бўлгани, деб ўйлаши"ни айтган.

"5−6 йил олдин ҳавода душманлик, шубҳа ва қандайдир агрессия ҳиди эсиб турар эди. Ҳозирда биз диалогни тиклашга эришдик. Одамлар гаплаша бошлади, улар муросага ҳам тайёр. Бугунги кунда одамлар йиллар давомида чегаралар бўйлаб тўхтаб қолган масаланинг вариантларини муҳокама қилмоқда. Бу одатда муҳокама қилиш учун табу бўлган", - дея ўз сўзларида давом этган.

Марказий Осиё Иттифоқи номи остида минтақавий интеграция ғояси 2007 йилда мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти - ҳозирда Элбоши Нурсултон Назарбоев томонидан ўртага ташланган.

Назарбоев ўшанда минтақада яшаш мезонларини кўтариш ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун Марказий Осиё давлатлари Иттифоқини тузишга чақирган.

Қозоғистоннинг ҳозирда собиқ президенти бу каби бир иттифоқ "Марказий Осиёга ёрқин келажак ваъда қилиши"ни айтган.

"Бу минтақа ҳеч қаерга чиқмай, ўзини буткул озиқ-овқат ва энергия билан таъминлаши мумкин. Ҳаттоки, бозори ҳам мўл-кўл бўлади", - дея таъкидлаган.

Шундай деркан, "Хўш, яна бундан бошқа нима керак?", - деб сўраган Қозоғистон раҳбари маҳаллий телеканаллардан бирига берган суҳбатида.

Орада бу ташаббусга Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Қурмонбек Бакиев ҳам қўшилган.

Президент Назарбоев буни амалга ошириш қийин эканини эътироф этган, аммо шу билан бирга уни фаол муҳокама қилишга чақирган.

Islom Karimov va Nursulton Nazarboyev

Сурат манбаси, official

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бунинг ортидан, Остонада экан, Марказий Осиё Иттифоқи ғоясини қатъиян рад этган, Ўзбекистонга тўғри келмаслигини айтган.

"Минтақа давлатлари ўртасида иттифоқ яратиш учун "уларнинг иқтисодий ва ижтимоий даражаси ўзаро мос бўлиши, сиёсати ҳам қарама-қарши бўлмаслиги" лозимлигини таъкидлаган.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти ўшанда 2001 ва 2005 йилларда ўзаро иқтисодий иттифоқ қуриш йўлида қилинган ҳаракатлар иш бермаганини ҳам эслатиб ўтган.

Етакчи минтақавий таҳлилчилар ўшанда Каримовнинг бу баёноти иттифоқ ғоясининг давлатлар даражасида муҳокама қилинишини йўққа чиқаришини айтишган, Ўзбекистон президентининг ўзини минтақадаги қўшниларидан иҳоталаб келишига ўз диққатларини қаратишган.

"Каримов абадий эмаслиги, бу ғоя вақти келиб, яна кун тартибига чиқиши мумкинлиги"ни ҳам таъкидлашган.

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Агар, ғоя амалга ошса, ягона иттифоқ остида 65 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилиши мумкин бўлади.

Иттифоқ ҳудуди жиҳатидан Европа Иттифоқига етиб қолади.

Бу эса, Европа ва Осиё орасидаги Буюк Ипак йўли заминида дунёдаги энергия заҳираларига бой давлатлардан бир нечтасининг ягона савдо блокига бирлашиш имкониятини пайдо қилади.

Мавзу ўшанда, ҳатто, айрим Ғарб нашрлари нигоҳига ҳам тушган.

Британияда чоп этилувчи The Times нашри ўшанда, "Минтақадаги аксар давлатлар тепасида инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласига у қадар ҳам эътибор бермайдиган авторитар раҳбарлар турганлиги назарда тутилса, "Уни-стан" ғояси жиддий тўсиқларга дуч келиши мумкин"лиги ҳақида ҳам ёзган.

Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан қудратга келган президент Шавкат Мирзиёев ўтган тўрт йилнинг ичида ўзининг янгича минтақавий сиёсати билан халқаро миқёсда эътирофларга сабаб бўлган.

Ўзбекистонни ташқи дунёга очиш, минтақавий интеграцияни кучайтириш саъй-ҳаракатида экани кўрилган.

Ўзбекистонда Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида минтақада шаклланган ва айримлари уруш эҳтимоли билан огоҳлантириш даражасига ўсиб етган сув, чегара, энергетика, йўл ва виза муаммолари деярли тўлиғича ўзининг ечимини топгани юқори минбарлардан баён этиб бўлинган.

Аммо бу каби саъй-ҳаракатлар Россия ва Хитой минтақада ўзларининг геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатларини жадаллик билан парваришлаш, бирлари ўз сиёсий, бошқалари эса, ўз иқтисодий таъсирини кучайтириш пайида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Марказий Осиё Иттифоқи ғояси ҳамон тирикми?

Tahlilchi Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, facebook

Камолиддин Раббимов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

"Бугунги кунда "Марказий Осиё Иттифоқи" ҳақида гапириш учун концептуал, яъни, барча давлатлар томонидан чуқур англанган ва ғоялар сифатида тизимга солинган мафкура, қараш мавжуд эмас.

Собиқ СССР тарқалгач, Марказий Осиё давлатлари ўзаро иттифоқ тузиш йўлида бир қанча ғояларни ва ташаббусларни илгари сурган эди.

Жумладан, 90чи йилларнинг ўрталарида Ислом Каримов "Туркистон - умумий уйимиз" интеграцион лойиҳасини олдинга сурди.

Лекин минтақа давлатлари тафаккурида иттифоққа бўлган эҳтиёждан кўра, ўзаро рақобат ёки ишончсизлик устунлик қилаверди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзларида минтақанинг лидерини кўришарди, қолган давлатлар ҳам ҳали-энди суверенитетга тўйиниш йўлида бўлиб, яна янги бир "ака" топиш ниятида эмасди.

Натижада, Марказий Осиё давлатлари ва халқлари орасида "минтақавий иттифоқ" ғояси анча жиддий бир шаклда қардсизланди, обрўсизланди.

Бу ғоянинг қадрсизланишига асосий сабаблардан бири - ташқи дунёда бу иттифоққа, бирлашувга ундовчи, мажбурловчи омил, босимнинг мавжуд эмаслиги эди.

Ельцин бошчилигидаги Россия Федерацияси Марказий Осиё давлатлари суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига раҳна солиш ҳолатидан узоқда бўлди.

Хитой Халқ Республикаси ҳали минтақадан жуда "олисда" эди.

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Одатда, тарихда кузатилган кучли ва мустаҳкам иттифоқлар, бирлашмаларнинг замирида умумий фожеа, умумий жиддий таҳдид ёки умумий эҳтиёжларнинг устунлиги кучли роль ўйнаган.

Яъни, умумий муаммонинг миллий давлатлар амбицияларидан устунлиги, ҳукуматларнинг бирлашиб ҳамкорлик қилишига, бир бўлиб умумий вазифаларни ҳал қилишга мажбурлаган.

Ўтган чорак асрда Марказий Осиё давлатларининг на ички, на ташқи ҳолатида мана шундай ундовчи омиллар кузатилмади.

Ислом Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон минтақа ҳамкорлиги йўлидаги асосий тўғаноқ сифатида кўриларди.

Каримовнинг барча қўшни давлатлар билан муносабатлари шаклланиб улгурган эди.

Бу муносабатлар замирида чуқур ишончсизлик руҳияти ҳукмрон эди.

Ислом Каримов

Сурат манбаси, GettyImages/MAXIM MARMUR

Ўзбекистонда олий ҳокимият ўзгариши минтақа ҳамкорлик сиёсатида мутлақ янги даврни бошлаб берди.

Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий дипломатиясида амбицияли баёнотлар ва баҳолардан тегилиш, лекин амалиётда Ўзбекистон минтақа давлатларини боғловчи асосий марказий давлат ролини ўйнаётганлиги яққол кўринади.

Одатда, давлатлар иттифоққа бирлашиш ғоясига тезда келишмайди.

Бугун Марказий Осиёда янги геосиёсий вазият шаклланмоқда. Ўтган йилнинг ўрталарида Россия Қозоғистон ҳудудига ўз даъволарини билдирди.

Кейинги йилларда расмий Пекин матбуотида Тожикистон ва Қирғизистон ерлари "тарихан Хитой ерлари", деган даъво билан мунтазам мақолалар чиқа бошламоқда.

Минтақанинг икки йирик қудратли қўшни давлати - Россия Федерацияси ва ХХРнинг пировард мақсади эса, МО давлатларини мутлақ назорат қилиш ва ўз измида ушлаб туриш ҳисобланади.

Чунки бу икки давлат ҳам тарихан энг йирик туркий халқлар ва ҳудудларининг мустамлакачиси ҳисобланади. Бу давлатлар сепаратизмдан қўрқиши табиий.

Мана шу фонда бу икки қудратли давлатнинг МО давлатларига бўлган босимлари, даъволари ошиб борар экан, минтақа пойтахтларида ўзаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришга эҳтиёжни англаш ўсиб бормоқда.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Лекин давлатлар ўртасидаги ўзаро яқинлашув ва самимий муносабатларга путур етказмаслик, қолаверса, ташқи қудратли давлатларни қўшимча фаоллашувчига сабабчи бўлмаслик нуқтаи назаридан, минтақа давлатлари илиқлашиб бораётган ўзаро ҳамкорликни "иттифоқ қуриш йўлида", дейишдан тегилмоқда.

Бошқа томондан, ҳали минтақа давлатлари иттифоқ қуриш ҳолатидан анча узоқда. Давлатлар ўртасидаги ишонч у қадар мустаҳкам эмас.

Баъзи давлатлардаги миллатчилик даражаси давлатлар муносабатига соя солиш потенциалига эга.

Минтақа давлатлари ўртасидаги рақобат сояга ўтди, лекин йўқолмади.

Ишончим комил, истиқболда минтақа давлатлари ўз суверенитет ва ҳудудий яхлитликларини сақлаб қолиш учун мустаҳкам ҳамкорликка, жиддий мувофиқлашувга, натижада, иттифоққа қўшилиш учун кўплаб сабаблар олишади.

Сўниб бораётган Россия ўзининг оғирлигини айнан Марказий Осиёга ташлайди.

Россия учун Украина - бой берилган имконият.

Беларусь жамияти ҳам Ғарбга юзланмоқда.

Кавказ - кичик минтақа.

Демак, Россия ўзининг қудратини мувозанатда ушлаб туриши учун ўз нигоҳини айнан Марказий Осиёга, Ўзбекистонга кучайтиради.

Асримизнинг ўрталарига бориб, Хитой Халқ Республикаси дунёнинг биринчи иқтисодий, ҳарбий қудрати бўлиши кутилади.

Хитой қанчалик репрессиялар қилмасин, уйғур миллатини ассимиляция қилишга улгурмади.

Глобаллашган дунёда ўзлик масаласи ўткирлашади.

Демак, Пекиннинг Марказий Осиёга совуқ қараши борган сари ошиб боради.

Хитойнинг хавотири - Марказий Осиё давлатлар ҳокимиятларига исломий ёки миллий омилнинг келиши, натижада, минтақа ташқи сиёсатига уйғур масаласининг чиқиши ҳисобланади.

Бунинг олдини олиш учун расмий Пекин барча воситаларни ишлатишга тайёр.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Истиқболда эса, ўсиб бораётган Пекин ўз ҳаётий ҳудудларини кенгайтириш учун бепоён ва нисбатан бўм-бўш Марказий Осиё сарҳадларини ҳам ўзининг "кенгайган уйи" сифатида хаёл қилиши, орзу қилиши мумкин.

Бу ва бошқа омиллар Марказий Осиё давлатлари элиталарини борган сари кўпроқ безовта қилиши кутилади.

Ўйлайманки, Марказий Осиё давлатларининг истиқболдаги ўзаро бирлашуви учун Ислом дини энг асосий социомаданий платформа бўлиб хизмат қилади.

Келажак - глобаллашувни, минтақавий ва глобал ҳамкорликни, йирик ўзликлар атрофида бирлашишни назарда тутади. Бунинг муқобили йўқ.

Демак, Марказий Осиё давлатлари келажагида ёки бирлашиш, ёки бошқалар томонидан ютилиш танлови бор, холос. Учинчи йўл кўринмайди.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Марказий Осиё давлатларининг ҳамкорлиги, минтақадаги дўстона муҳитнинг нақадар Ўзбекистонга боғлиқ эканлигини охирги тўрт йилда гувоҳи бўлдик.

Чунки Ўзбекистон беш республиканинг ўртасида жойлашган, минтақа аҳолисининг сал кам ярми битта Ўзбекистонда яшайди.

Тарихий, маданий, географик, инсоний ресурсларни инобатга олганда, айнан Ўзбекистонга минтақавий бирлаштирувчи вазифаси юкланади.

Бугунги кунда минтақа пойтахтлари кун тартибида, менимча, минтақавий иттифоқ масаласи эмас, давлатларнинг ишончли мувофиқлашуви сиёсати турибди.

Яъни, аввало давлатлар ўзларининг ташқи сиёсатларини мувофиқлаштириши, координация қилишлари керак.

Натижада, улар ўртасида минтақавий ва ташқи сиёсат масалаларида умумийлик, мувофиқлик шаклланиши лозим.

Иттифоқ - ушбу мувофиқликнинг кейинги даражаси ҳисобланади.

Бундай бир иттифоқ нима учун керак?

Глобаллашган дунёда, ташқи босимлар ва таъсирлар ортиб бораётган бир даврда давлатлар ва миллатларнинг яшовчанлигини таъминлаш учун, давлатларнинг ва халқларнинг хавфсизлиги учун керак.

Ривожланиш ва хавфсизлик - бу ҳар доим минтақавий феномен.

Мабодо Ўзбекистоннинг қўшнилари ўз суверенитетини йўқотса, унда Ўзбекистон ҳам ўзини бехатар ҳис қилиши мумкин эмас.

Тарихий эволюциянинг биз учун ижобий томони шундаки, Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатларнинг ўзлиги ягона туркий-форсий ва сунний мусулмонлар ҳисобланади.

Бу икки ўзликнинг бирлашуви минтақа жипслиги ва иттифоқи учун қулай имкониятлар беради.

Фақат, энди давлатлар ўзларининг ўзликларидан тортинмасдан уни тан олиши ва бирлашув йўлида имконият излашлари керак бўлади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek