Ўзбекистон: Блогер янги айбловларга юз тутадими? O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, facebook/sattoriy

Published

Ўзбекистон: Блогер яна янги айбловларга юз тутадими? Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланди. Расман маълум қилинишича, унга қарши айблов тўлдирилган. Блогерга қарши иш халқаро миқёсда эътибор тортган. Уни "зудлик билан озод этиш" талаби ҳам янграганди.

Сурхондарёлик 40 ёшли блогер жорий йилнинг 29 январь куни қўлга олинган.

Вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, блогер товламачиликда айбланган, тергов ҳаракатлари бошланган.

Тергов давомида суднинг ажрими билан блогерга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани расман хабар берилган.

Унинг қўл телефони билан боғлиқ товламачиликда айбланаётгани маълум бўлган.

Би-би-си ихтиёридаги Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 1 февралга оид ажримида блогер Шеробод туманидаги деҳқон бозорида мавжуд камчиликлар тасвирга туширилган видеони тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, бозор раҳбаридан янги телефон таъма қилгани ҳақида сўз борган.

Бироқ Сатторийнинг оиласи ва яқинлари блогер, аслида, ўтган йилнинг декабрь ойи сўнггида бозордаги салбий ҳолатларни ўрганиш чоғида ҳужумга учрагани, телефони эса синдирилганини иддао қилган.

Блогер адвокати мижозига қарши ишнинг "уйдирма" эканини айтиб келаётганди.

Ўзбекистондаги айрим нашрлар бугунги хабар манзарасида департамент ўша пайтдаги расмий муносабатида жиноят ишини нима учун Термиз шаҳар ИИБ эмас, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси қўзғатганига ойдинлик киритилмаганига қайта ўз диққатларини қаратишган.

Шунингдек, блогернинг бозорқўмга қўнғироқ қилиб, тарқатиб юбориш билан таҳдид қилингани иддао қилинган видео аслида тарқатилгани ёки тарқатилмагани саволи ҳам очиқ қолганини яна бир бор қайд этишган.

Расман хабар берилишича, блогернинг жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари 24 февраль куни якунланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти расман хабар берган.

Расмий хабарда айтилишича, блогерга қарши дастлабки айблов тўлдирилган.

Блогерга товламачиликдан ташқари, туҳмат ва ҳақорат қилиш мазмунидаги айбловлар ҳам қўйилаётгани маълум бўлган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, kun.uz

Расман билдирилишича, тергов жараёнида Отабек Сатторий "ўтган йилнинг июнь ойидан жорий йилнинг январь ойи оралиғида саккиз нафар фуқаронинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкини, мулкий ҳуқуқини топширишини, мулкий манфаатлар беришини, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишини талаб қилиб, жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш ҳамда нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, жаҳон ахборот тармоғи( Telegramm, Facebook, YouTube) да жойлаштириш орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир қилиб, уларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келганлиги маълум бўлган".

"Тўлдирилган айбловлар"га блогер, унинг яқинлари ёки адвокатининг муносабати ҳозирча имконли эмас.

Тергов департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборилган.

Акс-садолар

O'zbekiston

Сурат манбаси, Screenshot

Блогер Отабек Сатторийнинг "жиноят иши" орада халқаро миқёсда акс-садо берган.

Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

АҚШда жойлашган Журналиситларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Хьюман Райтс Вотч махсус баёнотлар билан чиқишган.

Блогерни "зудлик билан озод қилиш", "унга қарши илгари сурилаётган айловларни бекор қилиш"га чақиришган, "Ўзбекистон ҳукумати сўз эркинлигини ҳурмат ва ҳимоя қилиши лозим"лигини айтишган.

Ҳали ўшанда блогернинг 10 йилгача қамоқ жазосига юз тутиши мумкинлигидан жиддий хавотирлар юзага чиққан.

Блогернинг ҳибсидан саноқли кунлар ўтиб, унинг тақдирига Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ҳам эътибор қаратган, твит қилган.

"Агар, товламачилик тўғрисида ишончли далиллар бўлмаса, бу ҳибс нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига путур етказувчи яна бир амал" эканини ёзган.

Британ элчиси ортидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ҳам бу масалага тўхталган.

У ўз твитида, БМТ, "Сатторийнинг иши бўйича қонунни адолатли ва холисона қўллашга чақирувни мамнуният билан қабул қилиши"ни айтган.

10 февраль куни блогер масаласи юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий мурожаат билан чиққан.

"Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш - тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланиши ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши" билан огоҳлантирган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, kun.uz

Кун ўтиб, бу хусусда Ўзбекистон Бош прокуратруаси ҳам ўзининг расмий баёнотини эълон қилган.

"Бугунги кунда тергов органига 7 та ҳолат бўйича Отабек Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилаётгани"ни билдирган.

Бош прокуратуранинг баён қилишича, "жиноят ишининг қўзғатилиши қонунийлиги ўрганилганида, вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмаган".

"Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган".

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзининг расмий баёнотида, "Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 (Туҳмат), 41 (Ҳақорат қилиш), 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш) лари билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган"ини ҳам маълумот тариқасида илова қилган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, Facebook

Хьюман Райтс Вотч эса, ўзининг 12 февраль кунги баёнотида "Сатторийни шубҳали жиноий айбловлар билан нишонга олиш - бу сўз эркинлигига зарба" эканини айтган.

"Отабек Сатторийнинг коррупция ва фермерлар ҳуқуқлари каби нозик масалалар бўйича блог юритиши уни маҳаллий ҳокимият идоралари нишонига айлантирган"ини таъкидлаганди.

Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни Фарғона вилоятида сафарда экан, журналистларга қўрқмаслик кераклиги ва уларнинг ортида президент турганлигини таъкидлаган.

"Сизлар менга елкадошсиз, ёрдамингизга таянаман. Адолатни етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар. Ортингизда Президент турибди. Адолат, адолат, адолат! Яна бир марта адолат. Бу йўлдан ортга қайтмаймиз", деганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek