Президент Мирзиёев: Мустақилликнинг 30 йиллигини, иншооллоҳ, биргаликда муносиб нишонлаймиз - Ўзбекистон, янгиликлар

Сурат манбаси, President.uz
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини янги йил билан табриклади ва нималарга эътибор берилиши айтди. Президент сайти янгиланди, илк бор администрация масъулларининг расмлари пайдо бўлди. 1 февралдан ойлик ва стипендиялар миқдори оширилади. Ўзбекистонда 2020 йили инфляция 11.1 фоизни ташкил қилди. Куннинг муҳим янгиликлари Би-би-си дайжестида.
Янги йил кириш арафасида Президент ўз табригини аввал рус тилида эшиттирди. Сўнгра ўзбек тилида гапирди.
Мирзиёев 2020 йил бутун дунё қатори Ўзбекистон учун ҳам оғир ва мураккаб келганини айтди.
У пандемияга қарамасдан соҳаларда катта ўзгаришларни амалга оширилгани таъкидлади.
"Юқори технологияларга асосланган ўнлаб янги корхоналар, транспорт тизимлари ишга туширилди. Замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар, боғча ва мактаблар, шифохоналар, маданият ва санъат, спорт масканларини барпо этдик.
Миришкор деҳқон ва фермерларимиз барча қийинчиликларни мардона енгиб, мўл ҳосил етиштирдилар. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун янада кенг имкониятлар очилди. Йил давомида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар учун минглаб янги иш ўринлари яратилди", деди Шавкат Мирзиёев.
Президент 2021 йилда Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва элатлар ўртасидаги тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш асосий вазифамиз бўлиб қолишини айтган.
"Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида аҳамият берамиз.
Азиз ёшларимиз, меҳнаткаш ва оқила опа-сингилларимиз, муҳтарам кексаларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади. Соғлиқни сақлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалалари янги босқичга кўтарилади", деган Мирзиёев.
Мирзиёев 2021 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигини биргаликда нишонлашини айтган. Парламентга мурожаатида у 2021 йили Ўзбекистон Президент сайлови бўлишини ҳам билдирганди.
"2021 йилда давлатимиз мустақиллигига 30 йил тўлади. Ушбу шонли санани, иншооллоҳ, барчамиз биргаликда муносиб нишонлаймиз", деган Шавкат Мирзиёев.
Президент расмий сайти дизайни янгиланди

Сурат манбаси, President.uz
1 январ куни Ўзбекистон Республикаси президентининг расмий веб-сайти - president.uz янги дизайнда ишга тушди. Сайтнинг янги версиясида илк бор Президент Администрациясининг Ижро этувчи аппарати раҳбарлари, маслаҳатчилар, департамент раҳбарлари ҳақида ҳам маълумот берилган. Уларнинг суратлари жойлаштирилди.
"Медиатека" бўлими фотосуратлар билан бойитилган.
У "Мажлис ва маросимлар", "Хорижга ташрифлар", "Қабуллар", "Ҳудудларга ташрифлар", "Портретлар" каби тоифаларга ажратилган.
Сайтда Видеогалерея бўлими ҳам пайдо бўлган.
Сайтнинг боғланиш қисмида Президент матбуот хизматининг электрон манзили берилган. Аммо телефон рақамлари келтирилмаган.
1 февралдан ойлик, ижтимоий нафақа ва стипендиялар ошади

Сурат манбаси, xs.uz
Президент Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни 2021 йилги Ўзбекистон давлат бюджетининг ижросини таъминлаш бўйича қарорни имзолаган.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 февралдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 10%га оширилди.
Ушбу санадан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 747,3 минг сўм (679,3 минг сўм) этиб белгиланди.
Базавий ҳисоблаш миқдори эса 223 минг сўмдан 245 минг сўмга кўтарилади.
Мирзиёев 1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдори эълон қилинишини маълум қилганди.
2020 йилда инфляция 11.1 фоизни ташкил қилди

Сурат манбаси, kun.uz
Давлат статистика қўмитаси 2020 йил иқтисодий кўрсатгичларини чоп қилди.
Ўтган йил инфляция 11.1 фоизни ташкил қилган. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 15,3%, ноозиқ овқат маҳсулотлар эса 8,8% қимматлаган. Хизматлар ҳаққида ўзгариш 7,1% ташкил қилган.
Озиқ-овқат ичида энг кўп зарурий бўлган тухум, ёғ-мой, гўшт ва нон маҳсулотлари қимматлаган.
2019 йил якуни билан солиштирилганда тухум (37,6%), ёғ-мой (27%), гўшт, парранда ва балиқ (18,1%) ва нон маҳсулотлари (15,2%) қимматлаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































