Ўзбекистон: Пандемия, сайлов ва ёшлар ҳақида президент нималар деди? O'zbekiston Mirziyoyev 2021 (видео)

Президент Мирзиёев мурожжатномаси

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbut xizmati

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

29 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси эълон қилинди. Президент Мирзиёев 2021 йилни Ўзбекистонда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилди.

Президент Мирзиёев ўз Мурожаатномаси бошида коронавирус пандемияси вазиятига тўхталди.

Президент Мирзиёевнинг таҳрирсиз видеосини қуйидаги линк орқали томоша қилишингиз мумкин.

(Би-би-си Ўзбек хизмати видеоматериални тақдим этгани учун Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясига миннатдорчилик билдиради.)

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистонда коронавирус оқибатларини юмшатиш учун умумий қиймати 82 триллион сўмлик ишлар бажарилгани айтилди.

Президент Мирзиёев карантин талабларига қатъий амал қилган инсонларга, мардонавор меҳнат қилган жонкуяр шифокорлар ва фуқароларга миннатдорлик билдирди.

Президент Мирзиёевга кўра, пандемия шароитига қарамасдан, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш сақлаб қолинган.

2021 йилда мамлакатда маориф тизимини ислоҳ қилиш ишлари давом эттирилиши айтилди.

Ўзбекистондаги боғча ёшидаги ҳамма болани боғча билан қамраб олиш, бунинг учун давлат бюджетидан 600 млрд сўм субсидия ажратиш кўзда тутилган.

Янги 30 та мактаб қурилиши, бунинг учун бюджетдан 2 триллион сўм ажратилиши хабар қилинди.

Ўқитувчиларни моддий дастаклаш ишлари келгуси йилда ҳам давом эттирилишини айтди Президент Мирзиёев.

2021 йилда коронавирусга қарши курашдаги ишларни давом эттириш энг муҳим йўналишлардан бири бўлади, аҳоли эмланади, санитария-эпидемиология сифати оширилади, бу соҳага 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилади, деди Ўзбекистон президенти.

Ўзбекистон 2021 йили аҳоли орасида оммавий спорт турларини тарғиб қилишга 100 миллиард сўм сарфлашни режалаётгани хабар қилинди.

Ўзбекистон ҳукумати аҳоли орасида камбағалликни камайтириш йўлидаги ишларни такомиллаштириши, келгуси йил март ойидан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол меъёри эълон қилиниши, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар оширилиши айтилди.

Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи қимматлаб кетишига йўл қўйилмайди, бу масала президентнинг доимий назоратида бўлади, халқимиз хотиржам бўлиши лозим, деди Президент Мирзиёев.

Ўзбеистон ҳукумати 2021 йилда иқтисод ўсишни камида 5 фоизга етказиш, бюджет дефицитини 5,4 фоиздан ошишига йўл қўймаслик, инфляциянинг 10 фоиздан ошмаслигини таъминлашни мақсад қилиб қўйиши айтилди.

Туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига берилган имтиёзлар келгуси йил якунигача узайтирилади. Ерлар сотувга чиқарилади. Келгуси йилда барча тадбиркорлар учун бир хил бўлган ягона тадбиркорлик кодекси тузилади. "Шунингдек, тадбиркорларни текширишга киритилган мораторийни яна бир йилга узайтирамиз", деди Президент Мирзиёев.

Туризм инфраструктурасини ривожлантириш учун давлат бюджетидан 1 триллион сўм ажратилиш режаланган.

Келгуси йилда Ўзбекистоннинг қатор йирик шаҳарлари ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш, иккита янги йўналишда тезюрар поездлар қатновини йўлга қўйиш, "Бухоро - Урганч - Хива" темир йўли электрлаштириш мўлжалланмоқда.

Ўрта бўғиндаги амалдорларнинг сони қисқартилиши айтилди.

Жамиятда хотин-қизлар ролини янада ошириш, ана шу мақсадда Республика Хотин-қизлар жамоат кенгашини ташкил қилиш, унга Танзила Норбоевани раҳбар этиш таклифини илгари сурди Президент Мирзиёев.

Инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигига қаратилган ислоҳотлар ҳам давом эттирилади, деди Ўзбекистон президенти.

Келгуси йилда "Бир суд бир инстанция" тамойили жорий этилади. Яъни бир судда кўриб чиқилган иш ушбу судга қайтарилмайди. Бир-бирини такрорлайдиган судлар бекор қилинади.

Олий суд назорат тариқасида ишларини кўриш амалиёти бекор қилинади. Вилоятлардаги учта суд биттага бирлаштирилади. Ишларни судгача ҳал қилиш амалиёти жорий этилади.

Ўзбекистондаги 25 та манзил колонияси қисқартирилиши, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш амалиёти жорий этилиши хабар қилинди.

Ўзбекистондан уй-жой сотиб олган фуқарога ва Ўзбекистонда 15 йил давомида мунтазам яшаб келган фуқаролиги бўлмаган шахларга Ўзбекистон фуқаролигини бериш таклифини билдирди Президент Мирзиёев.

Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсат олиб боради. Шундан келиб чиқиб мамлакатнинг ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилади.

Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик, стратегик шерикчилик муносабатларни ривожлантиришга янада эътибор қаратилади.

"Асосий хорижий шерикларимиз ҳисобланган Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа қатор давлатлар билан кўпқиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтирамиз. БМТ ва бошқа нуфузли ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш доимо эътиборимизда бўлади", деди Президент Мирзиёев.

Пандемия ва Ўзбекистон

Президент Мирзиёев дунёга хавф солаётган пандемия мавзусига ҳам тўхталар экан, Ўзбекистон халқаро ташкилотлар билан алоқаларини яна ҳам яхшилашини урғулади.

"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таҳлилларига кўра, пандемия хавфи ҳали узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Демак, инсоният бошидаги синовлар яна қанча давом этишини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, нуфузли экспертлар прогнозига кўра, пандемия бутун дунёда инқирозли ҳолатлар, ижтимоий кескинлик, қашшоқлик каби муаммоларни кучайтириши мумкин.

Барчамизга аёнки, пандемиядан кейин дунёнинг ижтимоий-иқтисодий манзараси албатта ўзгаради.

Мана шундай шароитда ким ютади? Тўпланган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, кучли ва самарали бошқарув тизимига эга бўлган давлатлар пандемия хавфини ўз вақтида ва бир ёқадан бош чиқариб, бартараф этишга ва бу курашда енгиб чиқишга қодир бўлади. Буни Ўзбекистоннинг пандемия давридаги кураш тажрибаси ҳам исботлаб турибди.

Лекин эришган натижаларимизга маҳлиё бўлмасдан, жаҳондаги вазиятга сергаклик билан қараб, барчамиз - ким бўлишимиз, қайси вазифада ишлашимиздан қатъи назар, мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлаш ҳақида жиддий ўйлашимиз зарур.

Бугунги мураккаб шароитда, юртимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизнинг бардавом бўлишини таъминлаш энг асосий вазифамиз бўлиши шарт.

Глобал инқироз шароитида иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш, кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, ёшларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш - Президентдан бошлаб барча даражадаги раҳбарларнинг бош вазифаси бўлмоғи даркор.

Ана шу ўта муҳим вазифаларни амалга оширишда асосий талаб давлат ва жамият институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш, бу жараёнда натижадорлик ва сифатни оширишдан иборат.

2021 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида яна бир катта сиёсий воқеа - Президентлик сайлови бўлиб ўтади.

Марказий сайлов комиссияси бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Биринчи навбатда, сайлов комиссиялари аъзоларини сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича тизимли ўқитиш керак.

Ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан берилган мақбул тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш ишларини давом эттирамиз.

Бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади, деб ишонаман".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek