Яхши ишга кириш учун таниш-билиш керак – ўзбеклар ва дунё, Ўш, Qirg’iziston, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

    • Author, Шоҳруҳ Соипов,
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
  • Published

Яхши ишга кириш учун таниш-билиш керак - бугун Қирғизистонда зўр пул топиш мумкинми? Бу мамлакат аҳолисининг бир миллиондан ортиқроғини ҳам ўзбеклар ташкил этади. Одамларнинг топиш-тутишлари қандай?

Ўртача ойлик иш ҳаққи $200 долларни ташкил қилган Қирғизистон аҳолисининг учдан бири қашшоқликда яшайди.

Республикада кучайиб бораётган пандемия вазиятида ишсизлар сони ортиб, оилалар иқтисодий инқирозга юз тутмоқда.

Аҳолини иш билан таъминлаш давлат хизмати маълумотига кўра, расмий ишсизлик даражаси жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра республика бўйича 3,1 фоизга етган.

"Иш билан банд аҳоли сони 2382,5 минг, ишсизлар сони эса 156,3 минг кишини ташкил этади. Бандлик хизматида 100,5 минг ишсиз киши рўйҳатдан ўтган", - дейилади идоранинг сайтидаги маълумотда.

Республика аҳолиси, жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, 6 миллион 556,9 минг кишига етган. Ундан иқтисодий фаол аҳоли 2538,7 минг кишини ташкил этади.

Аҳолининг аксарият қисми хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади. Республикада ишсизлик сабаб, меҳнатга лаёқатли одамлар Қозоғистон, Россия ва бошқа хориж давлатларига муҳожиратга кетади.

Қирғизистонлик мигрантларнинг сони бугун биргина расмий рақамларда қарийб бир миллионга етади.

Қирғизистон Тожикистон билан бирга минтақанинг энг камбағал икки мамлакати сифатида кўрилади.

Айнан четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар шундоқ ҳам беқарор Қирғизистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.

Қирғизистон Миграция хизмати маълумотига кўра, 2019 йил бошида чет элга ишлаш учун кетган қирғизистонликлар сони 735 минг кишидан ошган. Уларнинг 640 минг нафари Россия Федерациясида рўйхатдан ўтган.

Шунингдек, Қозоғистон ва Туркияда 60 мингга яқин, Европа, АҚШ, Яқин Шарқ ва Осиё давлатларида 30 мингдан зиёд қирғизистонлик меҳнат муҳожирлигида банд экани айтилади.

Аммо норасмий рақамларда уларнинг сони бундан бир неча баробар кўп экани тахмин қилинади.

Бу эса, бошқа томондан, Қирғизистондаги шундоқ ҳам ортиб бораётгани айтилаётган ишсизликка оид расмий кўрсаткичларни савол остига олмай қўймайди.

Қирғизистоннинг ўзида-чи, бугун яхши маош топиш имкониятлари қандай? Қандай қилиб яхши ишга кириш мумкин?

Биз шу каби саволлар билан ўшликларга мурожаат қилдик.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Шерзод Муҳитдинов, хусусий тадбиркор

Бугунги кунда Қирғизистонда яхши ҳақ тўлайдиган 100тадан битта ишхона бўлса керак. Деярли топиш имкони йўқ. Яхши ҳақ тўлайдиган ишхонани бир йилча излашга тўғри келади. Лекин бир йил ишламасдан излашнинг ҳам иложи йўқ. Бунинг учун оз ойликка ҳам ишлашга мажбур бўлиб қоласиз.

Кўп ишхоналарда юқори мартабага эришиш учун босиб ўтиладиган поғоналар йўқ. Агар раҳбарнинг жияни бўлмасангиз, ҳеч қачон даражангиз кўтарилмайди. Бу менинг фикрим. Юқори лавозимда ишлайдиган танишлар бўлса, кейин яхши жойларда ишлаш мумкин. Ҳеч қачон юқори лавозимлар бўш турмайди. Улар доим банд бўлади. Агар бўшаб қолса ҳам, сизга насиб қилмайди. Сабаби, у ерни директорнинг қариндошлари эгаллаб бўлган бўлади. Ҳозир билим унчалик муҳим бўлмай қолди. Кўп нарсани пул, таниш билиш ҳал қилаяпти.

Хусусий ишхоналарда билим муҳим ҳисобланади. Билимли бўлмасангиз, у ерда керак эмассиз. Улар бизнесини ривожлантириш, сифатини кўтариш учун билимли одамларни ишга олади. Давлат ишхоналарига эса фарқи йўқ.

Бугунги кунда Ўш шароитида яшаш учун $250 доллардан юқори ойлик ҳақ олиш керак. Бу озиқ-овқат ва коммунал хизматлар учун сарфланади. Бундан ошина олмайсан. Янги мaшина олиб, янги уй сола олмайсан. У фақат тирикчилик, яшаш учун сарфланади.

Биз ўшликларнинг яхши бир хислатимиз бор. Ёшлигимиздан қандайдир бир ҳунар ўрганамиз. Ҳозир кўпчилик ўша ҳунари бўйича ишлашяпти, ўзини боқиш учун. Ҳунари йўқ одамлар эса, машинани ижарага олиб, таксичилик қилаяпти. Бошқа иложи йўқ. Кўпчилик Россияга йўл очилишини кутаяпти, ишлагани кетгани.

Ойбек Авазов, электрик

Қирғизистонда яхши ишга кириш учун ўқиб, билимли бўлиш керак. Бизда кўпчилик хусусий ишлар билан шуғулланади. Мен электр, баъзида пайвандчилик ишларини ҳам қиламан. Бир жойда ишласам, одамлар ўша ишимни кўриб, ўзлари мени излаб келишади.

Россияда ҳам бир йилдан ошиқроқ ишлаб келдим. У ерда дўконда сотувчи бўлиб ишладим. Яхши маош тўлади.

Азизбек Ташбаев, иш изловчи мутахассис

O'sh

Сурат манбаси, courtesy

Бугунги кунда давлат ишхоналарида иш топиш қийинроқ. Хусусий тадбиркорлик, савдо ва хизмат кўрсатиш ишларига кириш мумкин. Лекин бу ерда ҳам бир жиҳати бор. Бундай хизматларга фақат танишлар орқали жойлаша оласиз. Оддий одамга ишга кириш қийинроқ бўлиб қолади.

Ўзим ҳам job.kg сайтидан ишлар излаяпман. Менга тўғри келадиган ишлар чиқаяпти, лекин маошлари озроқ. Ойлиги юқори ишларда эса ўзига яраша талаблари бор, мутахасисслик тўғри келмайди. Яъни айтмоқчи бўлганим, менинг касбим таржимон - тилшунос, баъзи ишларга иқтисодчи, ҳисобчи ёки юрист керак, камида икки йиллик тажрибаси бўлиши лозим.

Давлат ишига олийгоҳда ўқиётганда практика қилиб, ўзингизни кўрсатиб, ундан кейин стажировка қилиб, шу орқали кирсангиз бўлса керак. Лекин миллатчилик ҳоллари ҳам учрайди. Хусусий ишхоналарга ишга кириш мумкин. Лекин бошланишида ойликлари оз. Баъзи хусусий ишхоналарда ҳам бошқарувчидан кўп нарса талаб қилинади.

Авваллари $200 долларга ишланаётган бўлса, бугунги кунда доллар курсини ҳисобга олганда, бу пул бир одамга бир ойга ҳам етмайди. Ҳозир пандемия вазиятида боғча ва мактаблар ёпиқ. Хусусий боғчаларнинг энг арзони $50 доллардан бошланади. $200 доллар маош оладиган одам $50 долларини боғчага тўласа, қолган $150 долларини коммунал хизматлар ва озиқ-овқатга тўласа, ижарада турган одамга бу пул озлик қилади. Бугунги кунда ойликлар $350 доллардан юқори бўлиши керак, деб ўйлайман. Ўшанда ҳам одамлар ўз харажатларидан ошинмай, фақат кундалик тирикчилигини ўтказади.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Қирғизистон меҳнат бозоридаги бугунги вазият борасида экспертлар нима дейди?

Эркин Абдиразаков, таҳлилчи

Савол: Қирғизистондаги ишсизликка оид рақамлар қанчалик хавотирли?

Эркин Абдиразаков: Қирғизистондаги иш ўринларини ҳисоблаб кўриш керак. Давлат ёки сармоядорлар тарафидан қанча иш ўринлари яратилди. Хусусий тадбиркорлар яратган иш ўринлари бор. Бундан ташқари, ўзини-ўзи иш билан таъминлаш, деган гаплар ҳам бор.

Ҳозир коронавирус сабаб давлат ишхоналари ҳам онлайн ишлаяпти. Шифокорлар навбат билан фаолият олиб бораяпти. Уларни тушунса бўлади. Ўқитувчилар, боғча ходимлари ва қатор давлат ишхоналари онлайн режимида, уйида ўтириб ишлашяпти. Бироқ давлат бюджетидан пуллар кетаяпти.

Пандемия пайтида фаолият олиб бораётган ишхоналар ёпилиб қолди. Масалан, маиший хизмат кўрсатувчи ресторан бизнеси. Қишлоқ ҳўжалигидаги қайта ишлаш масаласи ҳам тўхтаб қолди. Экспортга чиқмай қолдик.

Россия ва бошқа давлатларда муҳожирликда ишлаётган фуқароларимиз Қирғизистонга келиб, ишсизлар сонини кўпайтираяпти. Давлатимиз жуда сиёсатлашиб, қишдан қандай чиқамиз, пандемиядан қандай омон қоламиз, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини қандай ҳал қиламиз, қўшимча иш ўринларини яратиб, бюджетдаги камомадни қандай бартараф этамиз, ташқи қарздан қандай қутиламиз каби масалалар устида бош қотиришнинг ўрнига, фақат Конституцияни реформа қиламиз, сайловларни ўтказамиз, деб юришибди.

Обрўли халқаро ташкилотлар, Венеция комиссияси, АҚШ элчихонаси, Хьюман Райтс Вотч ташкилотлари ҳам ўзларининг тавсияларини бериб, ҳозир шошилинч референдум ўтказишнинг кераги йўқ. Пандемия вақтида шошилмасдан, парламент сайловини ўтказиб олиб, қонун майдонига келинглар, дейишаяпти.

Бизнинг ишхоналар ҳозир ишламай, жуда қийналиб турган пайт. Гуманитар ёрдамларга эҳтиёж ошиб бораётган бир пайтда, давлат ишсизлар сонини озайтириб, ёлғон маълумот бераётгани яхшимас. Ҳозирги вазиятда қайси ишхона ёки ташкилот иш ўринлари ярмаркасини ўтказганини эслай олмайман.

Ҳозир Миграция ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги раҳбарсиз фаолият олиб бораяпти. Бундан рақамлар бераётганини тушунмайман.

Очиғини айтганда, Давлат Статистика қўмитаси ўз тамойилларидан чекинмоқда. Сайлов комиссиясидан фарқи бўлмай қолди. Халқ бу рақамларга умуман ишонмайди.

Аксарият давлат ишхоналари хусусийлаштирилган. Давлат ўзи завод, фабрикани ишлатмаса, йирик қишлоқ хўжалиги йўқ бўлса, ким, қандай иш ўринларини яратди?

Бунгача Ўшдаги ХБК ишхонаси қайта тикланади, деб умид қилиб келдик. Қўшимча янги касалхона қуриб битказилди дейилди. Қани? Амалда кўринмаяпти. Бошқа давлатларга солиштирганда, иқтисодий ўсиш секин бўлаяпти. Биз иш ўринларини яратаяпмиз, дегани бекор гап. Бунга ҳеч ким ишонмайди.

Халқаро Валюта жамғармаси, Халқаро банк ўз баёнотлари билан чиқиб, огоҳлантириш бераяпти. Халқаро иқтисодий инқирознинг таъсири келаси йил юқори чўққига чиқиб, олти фоиз озайиш бўлади, деяпти. Бизнинг давлатда хавфсизлик ёстиқчаси йўқ, камбағал. Олтин валюта захирамиз оз. Кредитлар ҳисобидан қўшимча иш ўринлари яратиларди. Бюджет ишхоналарга бериладиган кредитлар ҳам бу йил ўз вақтида ва тўла амалга оширилмади.

Импорт, экспорт масаласини олиб қарасак, чегаранинг ёпиқлиги ортидан Дордой, Қорасув каби йирик бозорларга келадиган харидорларнинг йўқлиги сабаб, савдо деярли тўхтаб қолди. Қирғизистонга келиб ишлаётган инвесторлар ўз давлатларига кетиб қолишди. Шундай вазиятда, биз халқнинг бошини айлантириб, иқтисодий ўсиш яхши, деяпмиз.

Яқинда қишлоқ ҳўжалигида ўсиш бор, деди. Бироқ асосий - қурилиш соҳасида ўсиш йўқ. Бишкекда деярли қурилишлар тўхтаб қолди. Ўш ва Жалолободдаги қурилишлардан халқнинг уй сотиб олиш имконияти жуда оз. Шу сабабдан, қурилишда 40 фоиздан 60 фоизгача пасайиш кузатилаяпти.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

Савол: Қирғизистоннинг бугунги шароитида бу муаммонинг ечими нимада?

Эркин Абдиразаков: Халқаро ташкилотлар Қирғизистонга коронавирусга қарши курашиш учун йирик миқдорда маблағлар берди. Давлат ўша пулларни самарали ишлатиб, қўшимча иш ўринларини яратса бўларди. Мен завод, фабрика қуриш дейишдан йироқман. Маиший хизмат кўрсатиш турларини йўлга солиш керак. Баъзи муниципиал ишхоналарни очиб, ун қимматлаб кетди, нон пишириш масаласига эътибор қаратиш керак. Қишлоқларда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини шаҳарга олиб келиб, муниципиал дўконларда сотишни йўлга қўйиш керак.

Иккинчиси, шаҳардаги тозалик, экология масаласи. Халқ саломатлигини ўйласа, одамларни ишга жалб қилиб, вақтинчалик иш ўринларини яратса бўлади.

Боғча, мактаблар ёпилиб, қаровсиз қолаётган ёш болаларни уйларда кичик мактаблар очиб, ўқитувчиларни жалб қилиб, ўқитиш керак. Давлат мактабларни исита олмай қийналаётган пайтда, тадбиркорлар қўшимча иш ўринларини ташкил қилса бўлади.

Хусусий клиникаларга давлатга келаётган ёрдам пулларидан кўмак кўрсатиб, у ерга пандемия пайтида ишсиз юрганлар шифокорлар, кўнгиллиларни жалб қилиб, маош тўлаб, қўшимча иш ўринларини яратиш мумкин.

Ресторан бизнесини тўхтатди. Бироқ овқатни манзилларга етказиб бериш хизматларини йўлга қўйиш билан, одамларни ишга жалб қилса, йўқ деганда кунига $10 долларгача ҳақ олиб, тирикчилик қилиб туради. Шу тарафлардан давлат заифлик қилаяпти. Давлатимиз ортиқча сиёсийлашиб кетди. Сиёсатдан узоқлашиб, реал иқтисодий вазиятга эътибор бериш керак.

Кундан-кунга доллар кўтарилаяпти. Бизга келаётган молларнинг нархлари ошиб кетди. Қўшни давлатлар чегарасини ёпди. Улар билан гаплашиб, аввалги алоқаларни тиклаш керак. Қирғизистонда етишмаётган молларни олиб келишга тадбиркорларининг кучи етмаяпти ёки пули йўқлигидан кутиб ўтиришибди.

Янги йилдан кейин баҳорги дала ишлари бошланади. Уларга керакли техника, ўғит тарафлама кўмак кўрсатиш керак. Ҳаёт давом этиши керак-да. Ҳозир техникаларни созлашга ишсиз юрган механизаторларни жалб қилиб, техникаларни тўғрилаб қўйса бўлади. Халқнинг барчасини қурилишда ишлата олмаймиз-ку.

Ҳозир янги Конституция лойиҳасида фуқаролар ҳуқуқлари четда қолаяпти. Бизда ёшлар ва аёллар кўп. Соғлиги ночор аёллар ишлаяпти. Ишга лаёқатли ёш йигитларнинг кўпи миграцияга кетишди. Четда ҳам обод бўлиб кетишмади. У ердан оғриб келиб, пандемия билан боғлиқ вазиятни яна оғирлаштиришаяпти. Шу жиҳатдан олиб қараганда, фуқароларни ҳимоялаш масаласини ҳам кўриш керак.

Россиядан Қирғизистонга қайтаётган муҳожирлар 16-18 минг рубль билан келишади. Биздан у ерга кетаётганда эса, давлат транспортни уюштириб бермагани сабаб, самолётга чипта нархи $700 доллардан ошиб кетди. Бу аста-кесинлик билан ижтимоий портлашга олиб келади. Давлат фақат сиёсат билан шуғулланмасдан, халққа имконият яратиш бўйича ишларни олиб бориши керак.

O'sh

Сурат манбаси, Shohruhsoipov

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek