Пойга: Вакцина камбағалларга тегмайдими? - Ковид, Ўзбекистон, дунё, коронавирус, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Пойга: Вакцина камбағалларга тегмайдими? - Марказий Осиё давлатлари ҳам ўзига тўқ давлатлар саналишмайди. Буёғи нима бўлади? Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти хавотирда.
Дунёнинг камбағал ва заифлари Ковид-19 вакциналари учун тўполонда "оёқ остида қолиб" кетмаслиги керак, дейди Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари.
Доктор Тедрос Адханом Гебрейесус муваффақиятли чиққан вакциналар тенг тақсимланиши ва бунинг учун тузилган фондга $4.3 миллиард доллар керак дейди.
Бу ерда савол "дунё ўзиникини бошқалар билан баҳам кўра оладими эмас, балки баҳам кўра олмайдими, ана шу", деди у.
Ҳозирча тўртта вакцина сўнгги синовлардан муваффақиятли ўтгани маълум қилинди.
Ковид-19 симптомларига қарши самарадорлиги тасдиқланган энг охирги вакцина Оксфорд университети ва "AstraZeneca" вакцинаси бўлди. Бу вакцинани ишлаб чиқариш қолган икки вакцинаникидан анча арзон тушади ва дунёга кўпроқ таъсир қилиши мумкин.
Оксфорд вакцинаси, тадқиқотчиларнинг билдиришича, 90 фоиз ҳимояни таъминлайди ва "Pfizer-BioNTech", "Moderna" вакциналарига нисбатан сақлаш ва ташиш осонроқ ва ривожланаётган мамлакатларга ишлаб чиқариш харажати нархида етказиб берилиши мумкин.
Россияда яратилган Sputnik V вакцинаси ҳам бошланғич маълумотларга кўра учинчи синовлардан яхши ўтган.
Вакциналардаги илгарилаш бўйича Тедрос нима деди?

Сурат манбаси, PA Media
Душанба куни виртуал матбуот анжуманида гапирар экан, др. Тедрос вакцина синовларининг умидли экани "узун қоронғи тоннел охиридаги ёруғликни янада ёрқинроқ қилмоқда", деди.
"Бу илмий ютуқнинг аҳамияти ҳақида муболаға қилиб бўлмайди. Тарихда бирорта ҳам вакцина бу қадар катта тезликда яратилмаган", деди у.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарининг айтишича, вакциналар ва жамоат соғлиғини сақлаш бўйича бошқа чоралар биргаликда "пандемияни тугатишда" ёрдам беради.
Аммо др. Тедрос "ҳар бир ҳукумат аввало ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ҳақида қайғуришини тушуниши, аммо бой давлатлар муваффақиятли вакциналарнинг барини сотиб олиб қўйиб, камбағал давлатлар қуруқ қўл билан қолиши мумкинлиги"дан хавотир билдирди.
ЖСО аввалроқ Би-би-сига айтишича, глобал пандемияга қарши жавоб "жамоавий бўлиши керак".
Ҳозирча қайси бир вакцина энг самарали ва хавфсиз экани номаълум экан, айрим давлатлар бир неча муқобилларни сотиб оляпти. Охирги маълумотларга кўра, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва Британия энг кўп миқдордаги дозага буюртма бериб қўйган давлатлар орасидадир.
ЖСО камбағал давлатларга қандай ёрдам бермоқчи?

Сурат манбаси, Reuters
Др. Тедрос ЖСО йўлга қўйишга кўмак берган "Covax" вакцина улашиш глобал дастурига кўпроқ давлатларни қўшилишга чақирди. Унинг айтишича, ҳозиргача унга 187 давлат кирган.
Ушбу дастурда 2021 йил охирига қадар икки миллиард доза вакцина дунё бўйлаб тарқатилиши режаланган.
Аммо 90дан ортиқ паст даромадли давлатларга вакцина етказиш учун керак бўладиган маблағни топиш қийин бўлмоқда.
Др. Тедроснинг айтишича, тестлар ва даволаш воситалари олиш ва тарқатиш учун зудлик билан $4.3 миллиард доллар топиш керак ва келаси йилги лойиҳа учун яна $23.8 миллиард керак бўлади.
Бу орада "Covax" дастурига қўшилган айрим давлатлар, жумладан, Британия ва Канада фармацевтика компаниялари билан бевосита музокаралар олиб бораётгани борасида ҳам хавотирлар кучайган.
"Улар "Covax"га сахийлик билан ҳисса қўшяпти, аммо, айни пайтда, улар бозордан маҳсулотни олиб қўйиб, дастурнинг самарасини пасайтиряпти. Биламизки, талаб таклифдан анча катта бўлиб турибди", дейди Шимолий Королинадаги Дюк университетидан Андреа Тейлор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































