Таъкид: АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини қаттиқ дастаклайди – Вашингтон ва Тошкент, O'zbekiston, Mirziyoyev, AQSH, Rossiya, dunyo, yangiliklar

AQSH

Сурат манбаси, official

Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Таъкид: АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини қаттиқ дастаклайди - мазкур баёнот бу гал Вашингтонда янгради. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳайъат глобал коронавирус пандемияси ва президенти алмашаётган бир манзарада амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларига борди.

Бу галги сайловни бой бергани аллақачон прогноз қилинган амалдаги президент Трамп даври Америкаси эса, янги Ўзбекистон билан стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган илк Ғарб давлати бўлганди.

Томонларнинг Вашингтондаги йиллик маслаҳатлашувлари шу кунларда кечган, худди шу омиллар манзарасида алоҳида эътибор топган, талқин ва таҳлилларга сабаб бўлган.

Аммо бунинг ортидан эълон қилинган қўшма баёнотда расмий Вашингтон яна бир бор Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини қаттиқ дастаклашларини алоҳида таъкидлаган.

Тарафлар йиллик маслаҳатлашувни, ҳатто, бундан буёғига стратегик ҳамкорлик мулоқотига айлантиришга ҳам қарор қилишгани маълум бўлган. Илк мулоқотнинг яна келаси йил пойтахт Тошкентда бўлиб ўтиши айтилган, ҳар томонлама кўмакларга оид ваъдалар ҳам янграган.

AQSH

Сурат манбаси, official

АҚШ дунёнинг Россия ва Хитой билан бирга Марказий Осиёда ўз геосиёсий манфаатларини парваришлаш ҳаракатида бўлган учта ядровий глобал қудратидан биттаси бўлади.

Учовлон ўртасида кучайиб бораётган геосиёсий рақобат орада минтақанинг Суриядан кейин иккинчи прокси уруши майдонига айланишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг Вашингтонга амалий ташрифи Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи Ўзбекистоннинг ташкилот қошидаги кузатувчилик мақомини шу йил якунига қолмай расман кўриб чиқиши мумкинлиги айтиб бўлинган бир фонда амалга ошган.

Бу каби иқтисодий бир иттифоққа аъзолик айнан мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов баҳосида бир мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида ҳам кўрилган.

Худди шу каби вазият манзарасида минтақа давлатларининг қанчалик мувозанатли ташқи сиёсат юритишга қодирликлари уларнинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлиги учун муҳим аҳамият касб этган воқеълик даражасига етган.

Буларнинг барчаси нима дегани?

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, facebook

"Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги давлат делегациясининг АҚШ пойтахти Вашингтонга уюштирган сафари йирик рамзий, сиёсий ва геосиёсий ўлчамга эга.

Ислом Каримов даврида Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари юқори эйфориядан тортиб, мутлақ совуқ ва ишончсиз алоқаларгача бўлган даврни бошидан кечирди.

Ислом Каримовнинг ташқи сиёсати "дихотомик", яъни, "оқ-қора" табиатга эга эди. Каримов даврида расмий Тошкент ташқи дунёда бирон бир пойтахт билан яқинлашадиган бўлса, бу алоқаларга ўта юқори эмоционал ёндашар, катта сиёсий ва иқтисодий кутишлар билан қарар, ўзининг ички ва ташқи сиёсатдаги муаммоларини, кутишларини ўша пойтахт билан боғлаш одати бор эди.

2001 йил сентябрь воқеалари Америка Қўшма Штатларининг Марказий Осиё минтақасига диққат-эътиборинининг бениҳоя кучайишига сабаб бўлди.

2002 йилда Ўзбекистон-АҚШ ўртасида "Стратегик шериклик шартномаси"ҳам имзоланди. Бу келишувни имзолаш жараёнида ўша пайтдаги АҚШ президенти Жорж Буш Ислом Каримовга "Сиз бизнинг ҳақиқий дўстимиссиз!", дея хитоб қилди.

Islom Karimov

Сурат манбаси, official

Айни пайтда, АҚШ-Ўзбекистон муносабатларига жиддий бир даражада маънавий соя солиб келган "инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотлар" расмий Тошкентнинг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланар эди. Инсон ҳуқуқлари, сиёсий ислоҳотлар борасида Ислом Каримовда мустаҳкам эътиқод даражасидаги ўта кучли ҳадиксираш, қўрқув мавжуд эди.

Чунки Каримов демократик жараёнлар, сўз эркинлигини ўзининг сиёсий тизимига муқаррар таҳдид сифатида кўришини яширмасди.

2004 йилнинг охирлари, 2005 йилнинг бошларига келиб, Тошкентда Вашингтонга нисбатан тўлиқ ишончсизлик шаклланиб улгурди. Сабаби, 2003-05 йилларда Грузия, Украина ва қўшни Қирғизистонда бўлиб ўтган рангли инқилобларнинг, "АҚШ томонидан қўллаб-қувватланиши", инқилоб натижасида келган ҳукуматларнинг тан олиниши эди.

2005 йил май ойида юз берган Андижон воқеалари эса, Ўзбекистон-АҚШ алоқаларини мутлақ салбий тус олганлигини расмийлаштириб берган эди.

Андижон-2005 дан кейин Тошкент Москвага юзланди ва кўп йиллар давомида Вашингтон билан ўрнатилган алоқа ипларини узиб бошлади. Бу совуқлик тахминан 2009 йилларга қадар давом этди ва шу даврдан бошлаб, расмий Тошкент Вашинтонга ҳам қайта яқинлашмади, лекин Москвадан ҳам масофа сақлай бошлади.

Ўзбекистон, бу даврга келиб, ташқи сиёсатда умуман ташаббус кўрсатмайдиган, ички ва ташқи сиёсатда, таъбир жоиз, "тўлиқ депрессияга тушган" давлатга айланиб улгурган эди. Ва бу ташаббуссизлик Ислом Каримовнинг вафотига қадар давом этди.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Кейинги тўрт йилдаги Ўзбекистон ташқи сиёсатини реал, мувозанатли ва миллий манфаатларга йўналтирилган кўпвекторли муносабатлар дейиш мумкин.

Шавкат Мирзиёев Каримовга тегишли бўлган "дихотомик" ташқи сиёсатдан, яъни, бир томон билан яқинлашилса, қолган томонлардан узоқлашиш сиёсатидан тўлиқ воз кечди.

Бугун Ўзбекистон параллел равишда Россия Федерацияси, АҚШ, Туркия, Хитой Халқ Республикаси, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, бошқа қудратли давлатлар ва ҳамжамиятлар билан муттасил алоқаларни шакллантирмоқда. Табиий, Ўзбекистон ташқи сиёсати учун устувор ҳудуд - Марказий Осиё ва Афғонистон бўлиб қолмоқда.

Асосийси, Ўзбекистон ўз алоқаларини шакллантиришда ушбу давлатлар ўртасидаги иссиқ-совуқ муносабатларга аралашиш ёки ушбу зиддиятлар призмаси орқали геосиёсий муносабат шакллантиришдан қатъий чекинмоқда.

AQSH

Сурат манбаси, official

Бу билан Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатини "агар сизларнинг бошқалар билан зиддиятли алоқаларингиз бўлса, биз бунга аралашмаймиз. Бошқаларнинг ҳам бизни муносабатларимиз шаклланишида аралашишига йўл қўймаймиз", деган тамойил билан иш кўрмоқда.

Иккинчи маъмурият даврида Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари барқарор ижобий бир даврни бошидан кечирмоқда. Ўзбекистон ичкарисидаги ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, эркинликлар ва ҳақ-ҳуқуқлар борасидаги ижобий силжишлар икки томонлама муносабатлар учун оптимал фон шакллантирмоқда.

Пандемияга қарамасдан, Ўзбекистонда Вашингтонга салмоқли давлат делегациясининг келиши - икки томонлама муносабатларга кучли импульс беришга қаратилган сиёсий технология ҳисобланади. Яъни, "пандемияга қарамасдан, биз келдик! Жисмоний шаклда, жамоа бўлиб келишимизга сабаб - ўзаро алоқаларни юқорига кўтарилишидан манфаатдормиз", дейилмоқда.

Иккинчи маъмурият ҳалқаро алоқаларда муносабатлар зичлиги, қалинлиги, сиёсий имо-ишоралар, рамзларга алоҳида эътибор берадиган дунёқарашга эга. Айнан шунинг учун ҳам, Ўзбекистондан келган давлат делегацияси Вашингтондаги деярли барча аҳамиятли давлат муассасалари, ҳалқаро институтларга кириб, ўз қарашлари ва манфаатларини билдириб чиқди. Истиқболда ўзаро муносабатларни кучайтиришга қаратилган муждалар йўллади.

Prezidentlar

Вашингтонда маъмурият ўзгариш арафасида. Келаси январь ойидан бошлаб, Байден АҚШни бошқаради. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон ўз делегациясини АҚШга юбориш учун яна икки ой кутишни истамади. Бир томондан, бу мулоқотлар олдиндан белгиланган бўлиши керак. Иккинчидан, Ўзбекистон бу мулоқотлар орқали "Бизнинг алоқаларимиз Трамп маъмурияти билан эмас, АҚШ биландир!", демоқчи. Яъни, расмий Тошкент учун учрашувлар ва мулоқотлар зичлиги қанча қалин бўлса, муносабатлар шунчалик мустаҳкам бўлиб бораверади.

Бунинг устига Байден - тизимни ифодаловчи раҳбар. Байден даврида бошқарувчи экспертлар ҳамжамиятининг ички ва ташқи сиёсатдаги иштирок этиш улуши фақат ортади. Бу дегани эса, ўтган ҳафтадаги Вашингтон мулоқотлари Трамп маъмурияти билан бирга йўқолиб кетмайди, икки тарафлама алоқаларга ижобий жўшқинлик берувчи воқеа сифатида тураверади.

АҚШ президент сайлови натижаси Ўзбекистон учун нимани англатади?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Гарчи ҳар сафар АҚШда йирик давлат мулозимлари ўзгарса-да, давлат муассасаларидаги асосий иш юритувчи мутахассислар, экспертлар, ходимлар ўн йилликлар давомида деярли ўзгармайди. 2021 йил Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим йил. Келаси йил мамлакатда президент сайлови бўлиб ўтиши керак.

Бундан ташқари, пандемия даврида Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар қатори маълум иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечирмоқда.

АҚШ ҳокимиятига Байден келишининг постсовет ҳудуди ва Марказий Осиё минтақасида маълум акс-садоси бўлиши табиий.

Мана шу омилларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон делегацияси ташрифи орқали расмий Тошкент келгуси йилларда АҚШ билан ижобий, ишонарли алоқалар учун қўшимча рамзий, сиёсий ва геосиёсий асослар шакллантиришни кўзламоқда".

O'zbeklar

Сурат манбаси, facebook

Би-би-си:Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek