Пойга: Вакцина кимга тегмай қолиши мумкин? - Ковид, Ўзбекистон, дунё, коронавирус, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

A volunteer receives an injection from a medical worker during the country's first human clinical trial for a potential vaccine against the novel coronavirus, at the Baragwanath hospital in Soweto, South Africa, June 24, 2020.

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Элис Кюди
    • Role, BBC News
  • Published

Пойга: Вакцина кимга тегмай қолиши мумкин? - коронавирусга қарши кетма-кет тўртта кучли вакцина яратилиши ортидан, худди шу савол ўртага чиққан. Экспертлар нега хавотирда?

Соғлиқни сақлаш экспертлари коронавирус пандемиясининг ягона ечими глобал характерда бўлади, демоқда.

Дунёда коронавирус билан касаллангани тасдиқланганлар сони 55 миллиондан ошди. 1.3 миллиондан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилди. Кўпчилик вакцинага ягона ечим сифатида кўз тикмоқда.

Аммо камбағал давлатлар бундан ҳам четда қолиб кетиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар ҳам йўқ эмас. Вакцинани адолатли тақсимлаш тизимини яратиш йўлидаги уринишлар иш берармикан?

Аввалдан буюртма беришга ошиқиш

Vaksina

Сурат манбаси, Reuters

Илк натижаларга кўра, камида иккита вакцина юқори самарадор, яна бир қанчаси охирги синовлардан ўтмоқда, яна бир қанчаси ривожланиш босқичида.

Бу вакциналардан хали бирортаси расман маъқулланмаган, аммо бу ҳолат давлатларни аввалдан унга буюртма беришдан тўхтата олмаяпти.

АҚШдаги муҳим тадқиқот маркази бўлмиш Шимолий Королинадаги Дюк Университети барча тузилаётган шартномаларни кузатиб боряпти. Унинг ҳисобига кўра 6.4 миллиард доза вакцина аллақачон аввалдан сотиб олиб бўлинган, яна 3.2 миллиардига музокаралар кетяпти ёки "мавжуд шартномаларга муқобил вариант" сифатида заxирага олинган.

Фармацевтика саноатида аввалдан сотиб олиш анча кенг тарқалган. Бу жараён янги маҳсулотларни яратиш ва синовларини молиялашга кўмак беради, дейди Лондон Иқтисод Мактаби глобал соғлиқ сиёсати профессори Клэр Уэнам.

Аммо бу яна ким аввалдан кўпроқ тўласа, маҳсулотга навбатнинг бошида туришини ҳам билдиради, дейди у. Дюк тадқиқоти кўрсатишича, ҳозиргача сотиб олинган вакциналарнинг "мутлақ кўпчилиги" ривожланган давлатларга кетади.

Ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган айрим ўрта даромадли мамлакатлар ишлаб чиқариш битимининг бир қисми сифатида катта суммали шартномаларни имзолаган.

Клиник синовларга мезбонлик қилаётган Бразилия ва Мексика каби мамлакатлар бундан келажакда вакцинани қўлга киритишда имтиёз сифатида фойдаланиши мумкин.

Масалан, Ҳиндистоннинг Серум институти ўзи ишлаб чиқармоқчи бўлган вакцинанинг ярмини мамлакатнинг ўзида тарқатишга қарор қилган. Айни чоғда, Индонезия Хитой вакцина ишлаб чиқарувчилари билан, Бразилия Оксфорд ва "AstraZeneca" фармацевтика компанияси билан вакцина синовларида ҳамкорлик қилмоқда.

Биз қайси вакцина яхши чиқишини хали билмаймиз, шунинг учун баъзи давлатлар бир неча тур вакциналарни сотиб олиб, муқобил вариантлар сақлаб қўймоқда. Охирги маълумотларга кўра, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва Британия энг кўп дозадаги вакцинани захира қилиб қўйган давлатлар орасидадир.

Жаҳон Соғлиқ ташкилотининг Би-би-сига айтишича, "бу тушунарли ҳолат, мамлакат етакчилари ўз фуқароларини аввало ҳимоя қилишни ўйлайди, чунки улар ўз фуқаролари олдида масъул, аммо бу глобал пандемия ечими ҳамма давлатларнинг ҳамкорлигида бўлиши керак".

Чекланган миқдорда дунёга етказиб бериш

Vaksina

Сурат манбаси, Science Photo Library

Дюкнинг етакчи таҳлилчиси Андреа Тейлорнинг айтишича, аввалдан сотиб олишлар ва келгуси бир неча йилда ишлаб чиқарилажак вакцина миқдорининг чекланганлигини биргаликда ҳисобга олсак, "бой давлатлар вакцинани олиб қўйиши, камбағал мамлакатларнинг унга етишолмай қолиш эҳтимоли баланд бўлиши сценарийсига қараб кетяпмиз".

Экспертларнинг таъкидлашича, ҳозирча қанча миқдорда вакцина бозорга етказиб берилишини ва улар қачон тайёр бўлишини билмаймиз. Битимлар эса тузиляпти, уларнинг тақсимоти масаласи очиқ қолмоқда.

Яқинда нашр қилинадиган "Ғалабамизгача: Ҳиндистоннинг Ковид-19га қарши кураши" китоби ҳаммуаллифи Чандракант Лаҳарияга кўра, камбағал мамлакатларга вакцинанинг етиб бориши қанча вакцина яратилиши ва улар қанчалик тез ишлаб чиқарилишига боғлиқ.

"Ҳиндистонда яратилган вакциналар ҳам бор. Ўзимизнинг ишлаб чиқариш қувватимиз билан нархлар анча тушиши, паст ва ўрта даромадли мамлакатларга вакцина етиб боришини тахмин қиламан."

Глобал ривожланиш маркази сиёсий таҳлилчиси Рэчел Силверманнинг айтишича, энг умидли вакциналарни "асосан бой давлатлар аввалдан буюртма билан сотиб олиб қўйган."

"Аммо агар муваффақиятли чиққан вакциналар сони кўп бўлса, етарлича таклиф бўлади ва бой давлатлар бор имкониятини ишга солишига ҳожат қолмайди."

A health care worker injects the a syringe of the phase 3 vaccine trial, to a volunteer at the Ankara University Ibni Sina Hospital in Ankara, Turkey on October 27, 2020.

Сурат манбаси, Getty Images

Силверман хоним дейдики, 90 фоиздан ортиқ самара берган вакциналар ҳақидаги эълонлар, айниқса, "Pfizer" ва "Moderna" фармацевтика компаниялариники "эътиборли илмий янгилик бўлди".

Аммо, қўшимча қилади у "бунинг ўзи келаси йил охиригача ўрта ва паст даромадли давлатларга вакцина етиб бориши, жуда бўлмаганда уларда оммавий эмлаш учун етарлича бўлиши эҳтимолини оширмайди."

"Pfizer" компанияси билдиришича, 2020 йилда 50 миллион, 2021 йилда 1.3 миллиардгача вакцина ишлаб чиқаришига умид қилмоқда. Ҳар бир одамга эса икки дозадан вакцина керак бўлади.

"Шунчаки арифметика... бу мутлақо етарли эмас", дейди Силверман хоним.

Аммо, унинг айтишича, "Moderna" ҳам ўшандай натижа кўрсатди. Кўпроқ вакцина ишлаб чиқарилар экан, умид қилса бўлади.

"Moderna" вакцинасини сақлаш учун жуда паст ҳарорат талаб қилинмайди. Уларни сақлаш кўпинча қашшоқ мамлакатларда муаммо, айниқса, иссиқ иқлимдаги, чекка ва электрда муаммоси бор давлат бўлса.

Янги дистрибюция режаси

Глобал соғлиқ соҳасидаги нотенглик янги эмас, албатта. Жаҳон Соғлиқ ташкилоти ҳисобича, ҳар йили қарийб 20 миллион болага вакциналар етиб бормайди.

Тадқиқот кўрсатишича, 2009 йилги чўчқа гриппи пандемиясида вакцина таъминотини бой мамлакатларнинг аввалдан буюртмалари эгаллаб олган эди.

"Биз глобал соғлиқ соҳасида 90/10 бўлиниши борлиги ҳақида гапирамиз. Дунёнинг 90 фоиз фармацевтика маҳсулотлари дунёнинг 10 фоиз аҳолисига кетади. Бу муаммонинг бир қисми", дейди Уэнам хоним.

"Аммо айрим фарқлар бор. Бозорда эрекция муаммосига қарши бир дунё дори бор, аммо денге иситмасига қарши йўқ... Ҳаммамиз бир кемага тушиб, бир маҳсулотга муҳтож бўлиб қолганимизда эса, ўша маҳсулот етишмаяпти."

"Covax" номли глобал вакцина режаси келажакда ишлаб чиқариладиган коронавирус вакцинасининг адолатли тақсимланишига эришишга уриниш бўляпти.

"Gavi" вакцина иттифоқи, Жаҳон Соғлиқ ташкилоти ва Эпидемияга тайёргарлик инновациялари коалициясининг биргаликдаги ташаббусидан кўзланган мақсад иштирокчи давлатларнинг камида 20 фоиз аҳолисини эмлаш учун етарлича вакцина жамғаришдир.

Дастур бой давлатлар вакцинани сотиб олгач, камбағал давлатларга молиявий ёрдам беришга ундаш учун ишлаб чиқилган. Ҳозирча унга 186 давлат қўшилди.

"Gavi"нинг билдиришича, вакцина сотиб олишга қурби етмайдиган 92 давлатга ёрдам бериш учун бошланғич мўлжалдан ошириб, $2 миллиард доллар тўплашга эришилган.

"Covax" доирасида давлатлар ўртасида тенг тақсимланадиган вакцинанинг юз миллионлаб дозасини сотиб олиш бўйича аввалдан битимлар имзоланган. Оксфорд университети билан ҳамкорликда вакцина яратаётган "AstraZeneca" компанияси ташаббускорлардан бири.

Унинг бош ижрочи директори Паскал Сорионинг айтишича, компаниянинг "мақсади ҳар бир давлат бир вақтда вакцинага эга бўлишини таъминлашдир".

Компаниянинг билдиришича, "пандемия даврида" у ўз вакцинасидан даромад кўрмайди.

"Pfizer" "Covax" режасига қўшилмаган, аммо Би-би-сига "музокаралар кетаётганини" айтган.

Компания "ҳар бир одам вакцина олишига имконият яратишни ўзига вазифа қилиб белгилаганини", вакцинани сақлаш бўйича муаммоларни ҳал қилишини таъкидлаган.

Қўшимча битимлар имзолаётган давлатлар

Vials of coronavirus disease (COVID-19) vaccine candidate BNT162b2 are sorted at a Pfizer facility in Puurs, Belgium in an undated still image from video.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, "Pfizer" "Covax" режасига қўшилмаган, аммо Би-би-сига "музокаралар кетаётганини" айтган

"Covax"га қўшилган айрим мамлакатлар, жумладан, Британия ва Канада фармацевтика компаниялари билан бевосита музокаралар олиб бораётгани хавотирларни қўзғамоқда.

"Улар "Covax"га катта ҳисса қўшмоқда, аммо айни пайтда, бозордан вакцинани алоҳида олаётгани бу режанинг самарасини туширмоқда. Талаб эса таклифдан анча баланд", дейди Дюк тадқиқотчиси Тейлор хоним.

Бой давлатлар ташаббус руҳини сўндираётгани ҳақидаги саволга "Gavi" бош ижрочи директори Сет Беркли бу жуда "мураккаб масала", деб жавоб берди.

"Ҳар бир сиёсий етакчи ўз халқини ҳимоя қилишни истайди, шу маънода улардан буни кутиш мумкин. Аммо пандемия шароитида биз хавфсиз бўламиз, қачонки ҳар биримиз хавфсиз бўлсак. Шундай экан, улар ҳар икки томонни ўйлашлари керак", дейди у.

Амнести Интернейшнл ва Оксфам гуруҳлари ҳамма вакцина ола олиши учун кўпроқ иш қилиниши кераклигини урғуламоқда. Улар барча фармацевтика компанияларини Жаҳон Соғлиқ ташкилоти орқали маълумотни алмашишга ундамоқда.

"Таъминот билан боғлиқ муаммони ҳал қилмасак, ҳеч бир алоҳида компания ҳаммасини етказиб бера олмайди. Бой давлатлар камбағаллари билан беллашади ва бойлари муқаррар енгади", дейди Оксфамнинг Соғлиқ масалалари бўйича маслаҳатчиси Анна Марриотт.

"Барча вакцина ишлаб чиқарувчилар ва фармацевтика компаниялари ўз тадқиқотлари ва маълумотларини бир ерга тўплаши керак, ишлаб чиқаришни тезлаштириш учун технологияни бериш керак. Бунга ҳеч ким ҳаракат қилмаяпти."

Таҳлилчи Силверман хоним шундай дейди: "Паст ва ўрта даромадли давлатларда соғлиқни тақлаш технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш йўли бошқа ишлаб чиқарувчиларга лицензия беришдир."

Аммо, қўшимча қилади у "бу кўпинча интеллектуал мулк ва нархлар масаласида тортишувларга сабаб бўлади ва жуда баҳсли масала бўлиши мумкин."

Касаллик тарқалиши, ўлимлар сони ва карантин чекловлари ҳар бир давлатда ўзгача бўлгани ҳолда, Жаҳон Соғлиқ ташкилоти вакцина барча давлатларга бирдан етиб бориши керак демоқда.

"Бундай ўта юқумли вирус билан ва глобаллашган дунёда барча давлатлар ҳимояланмагунча ҳеч бир алоҳида давлат пандемиядан халос бўла олмайди."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek