Тошкент ҳокимидан микрофонни олиш керакми? - видео, Ўзбекистон, сиёсат, Mirziyoyev, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, President.uz

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Волонтёрларни танқид қилган Тошкент ҳокимига микрофон тутмаслик таклиф қилинди - фикр билдирувчилар айнан ҳокимият зиммасидаги вазифасини бажаролмай, аҳолининг маълум қатлами қийналиб қолган пандемия даврида волонтерлар жамоaси халқнинг жонига оро кирганини ёзди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг волонтерлар, яъни кўнгиллилар ҳақида билдирган фикри кескин муносабатларга сабаб бўлди.

Ўзбекистонда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари Комил Алламжонов Ортиқхўжаевга бошқа микрoфон бермасликни таклиф қилди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг Ортиқхўжаев ва ёшлар учрашувидан тайёрлаган видеолавҳасидаги кўнгиллилар ҳақидаги гаплари норозилик келтириб чиқарди.

Унда пойтахт ҳокими волонтерлар фаолиятини кўриб чиқиш кераклигини айтиб, жумладан, шундай деди.

"Товар, пул олиш, Payme орқали пул ўтказиб бериш, кимгадир нимадир олиб бориб бериш ҳаддан ташқари кўпайиб кетяпти — волонтерлар. Сал шубҳага бораяпман-да охирги пайтда. Волонтерлик, бу — касбми ёки ҳақиқатан ёрдам беришми? Ёки бундан даромад олишми? Шунинг фарқига етиб бора олмаяпман. Ўзи волонтёр тушунчаси нима дегани?", — дея савол берган у.

"Лекин мен бирорта волонтёрнинг бирорта қариянинг оёғини совунлаб ювиб қўйганини кўрмагандим. Ёки сочини тараб қўяй, сочини ювиб қўяй, дейиш мумкин, масалан, уйида ётган қари аёлларни. Ҳаммаси сумка-сумка нарса олиб бориб ташаш билан овора. Буни бир кўриб чиқишимиз керак", — дея таъкидлади Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Маълум бўлишича, Ёшлар фестивали ойлиги доирасида бўлиб ўтган учрашув 16 ноябрь куни ўтказилган.

Ҳокимнинг гаплари 18 ноябрь куни омманинг эътиборига тушди.

Фикр билдирувчилар ҳокимият зиммасидаги вазифасини бажаролмай, аҳолининг маълум қатлами қийналиб қолган пандемия даврида волонтерлар жамоaси халқнинг жонига оро кирганини ёзди.

"Покиза инсонлар" лойиҳасини юритувчи кўнгилли Ақида Ханум Ортиқхўжаевнинг айрим гапларида жон борлигини айтди.

Aqida xonim

Сурат манбаси, facebook

"Тўғри, сизнинг гапингизда ҳам жон бор. Кўпчилик Paymeни баҳона қиляпти, бошқа нарса баҳона қиляпти. Кўпчилик эмас, бор шунақа ҳолатлар. Буни йўқ деёлмаймиз. Лекин кўпчиликни шу нарсага олиб кириб кетиб қолгансиз", дейди у.

Facebookдаги саҳифасида видеомурожаат қолдирган Ақида Ханум ҳар қандай тeкширишларга тайёр эканлигини билдирган.

"Сиз айтаяпсиз, уйига бориб сочини тарайсанми, бошқа қиласанларми? Узр-ку. Уйига бориб сочини тарадингиз, уйида ейишга нарса йўқ. Хўш. Иккинчидан, ўзингиз нима деб ўйлайсиз, кўчадан келган одамга булар сочини таратиб қўядими ё оёғини ювдиртириб қўядими. Ўзингиз шу нарсани бир ўйланг. Кўпчилик раҳбарлар халқнинг ҳақиқий аҳволини кўрганда, ҳозир волонтерларни анақа қилиб ўтирмасдинглар", дейди у.

Ортиқхўжаев гапларига кескин муносабат билдирган шахслар орасида Президентнинг собиқ матбуот котиби, Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжонов ҳам бор.

Komil Allamjonov

Сурат манбаси, facebook

"Тегилмаган шу волонтёрлар қолганди. Бу ёшларга мотивация эмас, қўлига бир урадиган тадбир бўлипди. Ваҳоланки, пандемия даврида барча ёшлар бирлашди, Тошкент шаҳрини ҳокимият эплолмай қолганида, айнан шу волонтёрлар ҳаётини хавф остига қўйиб, одамлар дардига малҳам бўлди. Ўша пайтда ёрдамга муҳтож бўлиб, уйда ётган айрим қарияларга оёғини тоғорага сув солиб, совун билан ювиш эмас, балки сумкада ташилган егуликлар керак эди. Энди уларни ўрганиш керакмиш. Улар даромад оляптими ёки кўнгилли ёрдамчиларми, шуни ўрганиш керакмиш. Ўрганиш эмас, раҳмат дейиш керак. Ўрганиш керак бўлса, Тошкентда масала кўп", деган Комил Алламжонов.

Масс-медиа фонди раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимига қарата "пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга", деган ва бир нечта хитобларни ҳэштег билан ёзган.

Ҳэштегларнинг орасида Ортиқхўжаев томонидан айтилиб, машҳурлашиб кетган жумлалар ҳам бор.

"P.S.: Пичоқни олдин ўзинггаур, оғримаса бировга!

#бўлдидаэнди

#шаҳарбедарвозаэмас

#любаябизнесхороша

#микрофонберилмасиншуодамга",

- деб ёзди Комил Алламжонов.

Toshkent shahar hokimi

Сурат манбаси, official

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бу эътирозларга жавоб бермади. Аммо ҳокимнинг волонтерлар ҳақидаги гапларини тўлиқ қирқмасдан жойлаштирди.

Унда ҳоким давлат томонидан волонтерлар уюшмаси тузиш ҳақидаги таклиф саволга кўнгиллиларга нима учун шубҳа билан қараётганини шундай тушунтириб бошлаган.

"Ман охирги пайтлар бироз шубҳаланяпман тўғриси. Нотўғри айтган бўлсам, Худо кечирсин. Волонтерский нимадан шубҳаланишни бошладим. Нимага? Биз давлат, ҳокимият тадбирларида, тўғриси, волонтер етказа олмаяпмиз. Лeкин товар, пул олиш, Paymeдан пул ўтқазиб бериш, кимнингдир нимасига олиб бориб беришда ҳаддан ташқари кўпайиб кетвотти волонтерлар. Битта нарсани тўғри тушунинглар-да, сал шубҳага боряпман-да охирги пайтда. Бу волонтерлик касбми ё ҳақиқатда ёрдам беришми. Ё бундан даромад олишми, шунинг фарқига етолмаяпман. Мисол учун, бизнинг Ковид марказда волонтерлар ишлади. Волонтермиз, деб келди. Лекин 8 миллиондан пул олди. Ойлик олди. Барака топсин, раҳмат ишлаганларга. Мани эътирозим йўқ, ўша вақтда ишлайдиган ҳам йўқ эди. Волонтер бўлсанг, нимага хақ тўлаяпмиз", деган ҳоким Ортиқхўжаев.

10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги 300 нафар кўнгиллига Президент томонидан таъсис этилган "Меҳр-саховат" кўкрак нишонини топширди.

Ўзбекистонда юзлаб кўнгиллилар ўзига тўқ одамлардан хайрия учун пул олиб, муҳтожларга озиқ овқат етказиб беришдан тортиб, уларни уй ва иш билан таъминлашгача ўз ҳиссаларини қўшаётгани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek