Қирғизистон, Европа Иттифоқи: Президент ваколатлари Бош вазирга ўтиши жиддий саволларни пайдо қилади - Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Қирғизистон, Европа Иттифоқи: Президент ваколатлари Бош вазирга ўтиши жиддий саволларни пайдо қилади - халқаро ҳамжамият Қирғизистондаги сиёсий вазиятдан хавотир билдирмоқда. Хусусан, БМТ ва Европа Иттифоқи республикада юз бераётган сисёсий жараёнлар юзасидан яна бир бор баёнот билан чиқди. Россия ҳам ташвишда.
"Қирғизистон президентининг ваколатлари бош вазир Садир Жапаровга ўтади. Бунақаси тарихда бўлмаган. Президентнинг, бош вазир ва парламентнинг қудрати бир кишининг қўлига ўтмаган", деди Қирғиз парламенти депутати Ўмурбек Текебаев:
Бунақаси бўлмаган: Қирғизистонда қудрат бир кишининг қўлида - BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бугун Жўғўрқу Кенгаш Ала-Арча давлат қароргоҳида навбатдан ташқари сессия ўтказиб, президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини қабул қилган.
Конституция бўйича президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи парламент спикери Қанат Исаев ҳам бу лавозимдан бош тортган ва қонунга мувофиқ, давлат раҳбари ваколатлари Бош вазир Садир Жапаровга ўтган.

"Европа Иттифоқи Қирғизистондаги парламент сайловлари натижалари бекор қилинганидан кейин президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини инобатга олган. Президент ваколатлари давлатнинг Конституциясида ёзилган қонунлар доирасида, давлатни халқаро мажбуриятларига мувофиқ, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак. Шунинг учун парламент спикери президент ваколатларини Бош вазирга ўтказиб бергани шубҳали. Сабаби, Қирғизистондаги парламент демократияси, унда икки ҳокимият тузилиши ваколатлари аниқ ажратилиши ва сақланиши керак. Европа Иттифоқи Марказий Осиё ва Қирғизистоннинг ўзидаги ваколатхонаси орқали барча сиёсий кучлар ва халқаро ҳамжамият билан алоқада".
"Мен Қирғизистондаги барча сиёсий кучларни эркин, адолатли, халқаро қоидаларга мувофиқ парламент ва президент сайловларини ўтказишда конструктив мулоқотга чақираман", дейилади Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар департаменти раҳбари Жозеп Боррелл баёнотида.
Шунингдек, Жозеп Боррелл демократия Қирғизистонга барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва фуқароларига катта фойда келтирганини урғулайди. Унинг таъкидлашича, Қирғизистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик тўғрисидаги битим 2019 йилда имзоланган ва мамлакат Европа Иттифоқи билан савдо афзалликларига эришган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам мамлакат сиёсий кучларини қонун устуворлигини таъминлашга чақирган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, Антониу Гутерриш Қирғизистондаги вазият ва президентнинг истеъфоси ҳақида хабардор.
"Биз Қирғизистондаги сиёсий кучларни келажакда барча партиялар иштирокида очиқ ва Конституцияга асосланган қарорлар қабул қилишга чақирамиз", - дейди Стефан Дюжаррик.
Путин матбуот котибининг сўзларидан Россиянинг ҳам Қирғизистондаги вазиятдан хавотирда экани кўрилган.
Дмитрий Песков Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбековнинг истеъфосига, "Баъзи ҳиссий мезонларга асосланиб баҳо бериш мумкин эмас"лигини айтган.
"Қирғизистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва содир бўлаётган воқеаларни конституциявий йўлга олиб чиқишга ёрдам берадиган ҳар қандай ҳаракатлар муҳим», - деган Песков "РИА Новости"га берган интервьюсида.
"Биз Қирғизистонда бўлаётган барча воқеаларни диққат билан кузатаяпмиз ва у ердаги вазият имкон қадар тезроқ тинчланиши ва бирон-бир томоннинг бузғунчи ҳаракатларисиз фақат конституциявий шаклда ривожланишини истаймиз", - деган Кремль матбуот котиби.
Истеъфо

Сурат манбаси, official
15 октябрь куни Президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқишини эълон қилган.
"Мен ўз халқига ўқ узган энг қонли президент сифатида Қирғизистон тарихида қолишни истамайман. Шунинг учун истеъфога чиқишга қарор қилдим. Садир Жапаров ва бошқа сиёсатчиларни ўз тарафдорларини тинч йўл билан тарқатишга чақираман", - деган президент ўз баёнотида.
Президент кеча, сўнгги соатларга қадар "ҳозирги вазиятда" истеъфога чиқмаслигини айтган. Бироқ уни кетишини талаб қилган норозилик кучайганидан кейин истеъфо бериш қарорини қабул қилган.
Ҳукумат уйи олдида бўлаётган намойиш Ала-Арча давлат қароргоҳи яқинида давом этган. Лекин, Бош вазир Садир Жапаров президентнинг илтимосига биноан ўз тарафдорларини тарқатиб юборолмаган.
Президент истеъфога чиқишини эълон қилганидан сўнг, намойишчилар парламент спикери Канат Исаевнинг истеъфоси ва парламентни тарқатилишини талаб қила бошлаган.
Қонунга кўра, Президент истеъфога чиққанидан кейин унинг вазифалари спикерга юкланади. Кўп ўтмай Канат Исаев ушбу вазифани бажаришдан бош тортгани маълум бўлган.
Шундан сўнг, Садир Жапаров тарафдорлари олдига чиқиб, давлат раҳбари этиб тайинланганини эълон қилди.

Сурат манбаси, AFP
5 октябрдаги тартибсизликлар пайтида қамоқдан озод қилинган Садир Жапаров намойишчиларнинг илтимосига биноан Бош вазир лавозимига номзод қилиб кўрсатилган ва депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган. Ҳукумат таркиби ва дастури тасдиқлангандан сўнг, президентнинг истеъфога чиқиши масаласи кескинлашган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, давлатни сиёсий инқирозни енгиш бўйича саъй-ҳаракатларига қарамай, жамиятда ички зиддиятлар мавжуд. Кўплаб сиёсатчилар президент сайловдан олдин ўз лавозимини тарк этмаслиги кераклигини айтган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































