Ўзбекистон: Тарихимизда ҳеч қачон бундай йил бўлгани йўқ – президент яна танқид қилди, O'zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Published

Ўзбекистон: Тарихимизда ҳеч қачон бундай йил бўлгани йўқ - президент яна танқид қилди. Хитой раҳбари Ўзбекистонга келади ва Тошкентда юзлаб электробуслар пайдо бўлиши мумкин. bbcuzbek.com дайжести.

14 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар раҳбарларини экспорт бўйича таклиф ва ташаббусларни илгари сурмасликда жиддий танқид қилган.

Президентнинг ушбу танқиди Хитой ва Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳалар ижросини танқидий кўриб чиқиш, янги ўсиш нуқталарини белгилашга бағишланган йиғилишда янграган.

Мирзиёев ҳудудий раҳбарларни экспорт аҳамиятини яхши англамасликда айблаган.

"Ҳокимлар, тармоқ раҳбарлари саноат масаласи билан шуғулланмаяпти. Корея ва Хитой Республикасига қандай маҳсулотлар экспорт қиляпмиз, уларнинг импортида бизнинг улушимиз қанча, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Ҳеч қандай янги таклифлар йўқ", таъкидлаган президент.

Мирзиёев 2020 йил каби давр Ўзбекистонда тарихида кузатилмаганини билдириб, жорий йилни "таҳликали замон" дея атаган.

"Ҳозирги замонни тушунмайдиган одам билан ишлашга ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ", деган у.

Мажлис давомида президент ҳар бир тармоқ бўйича "бир йилда 2-3 тадан" қарорлар чиқаётгани, тармоқлар бўйича муаммолар "ҳар куни 3 соатдан" муҳокама қилинаётгани, "ҳамманинг дарди ҳал қилинаётгани", аммо натижа бўлмаётганини таъкидлаган.

Шунингдек, у коронавирус пандемиясига қарамай, Европа ва Осиё давлатлари иқтисодиётни тиклашга ҳаракат қилаётгани, Ўзбекистон расмийлари эса сусткашликка йўл қўяётганини тилга олган.

"Йил якунигача уч ой қолди. Экспорт керак. Қандай йўл бўлмасин, маҳсулотларни жўнатишимиз керак", қўл остидагиларга талаб қўйган Мирзиёев.

Хитой раҳбари Ўзбекистонга келади

Xitoy

Сурат манбаси, official

14 октябрь куни ўтган йиғилишда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Сзинпиннинг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик пухта кетаётгани маълум этилган.

Аммо президент матбуот хизмати тарқатган хабарда ушбу ташриф айнан қачонга режалаштирилганига ойдинлик киритилмаган.

Бош вазир табриги

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Садир Жапаровни Қирғизистон Бош вазири этиб тайинлангани билан табриклаган.

Ҳукумат матбуот хизмати эълон қилган хабарда Арипов Садир Жапаровга ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга умид билдиргани маълум қилинган.

Асоссиз маълумотномалар

O'zbekiston

Сурат манбаси, Social media

Адлия вазирлиги масъуллар ва иш берувчиларга мурожаат этиб, фуқаролардан асоссиз маълумотномалар сўраш ва инсонларни овора қилмасликка чорлаган.

Вазирлик Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари томонидан "қайси маълумотномалар кўп сўраляпти ва қайси давлат идоралари уларни талаб этяпти" деган саволларга жавоб топиш учун ўтган 1 ой давомида фуқароларнинг ДХМларга маълумотнома сўраб қилган мурожаатлари ўрганилганини маълум қилган.

"Аниқланишича, руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслик тўғрисида - 39,950 та; наркология бўйича диспансер ҳисобида туриш ёки турмаслик тўғрисида - 35,066 та; фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари ҳақида - 30,609 та; судланганлик (ёки судланмаганлик) ҳақида - 20,714 та маълумотнома берилган", дейилади вазирлик хабарида.

300 янги электробус

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

2023 йилга қадар пойтахтга 300 дона катта сиғимли шаҳар электробуслари ва қувватлаш ускуналари олиб келиниши мумкин.

14 октябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида шу ҳақида гап боради.

Лойиҳада Тошкент шаҳрида йўловчилар ташиш ҳажмлари ортиб бораётганини тилга олиниб, 2019-2020 йилларда Беларус ва Хитойда ишлаб чиқарилган катта сиғимли электробуслар шаҳар йўналишларида тест синовларидан муваффақиятли ўтказилганлиги ҳамда электробусларнинг йўловчилар учун қулайлиги, шовқинсизлиги, атмосферага зарарли моддалар чиқармаслиги ва тасарруф сарф-харажатларининг камлиги маълум қилинган.

Лойиҳага кўра, 2021-2023 йиллар давомида ҳар йили 100 донадан, жами 300 дона катта сиғимли шаҳар электробуслари ва қувватлаш ускуналарини харид қилиш кўзда тутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek