Қирғизистон: АҚШ ҳануз хавотирда, БМТ, ЕИ ва Россия президентни қўллайди - Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Published
Қирғизистон: АҚШ ҳануз хавотирда, БМТ, ЕИ ва Россия президентни қўллайди - халқаро ҳамжамият Қирғизистондаги вазиятдан ҳануз хавотирда. Президент Жээнбеков энди истеъфога чиқадими?
Республикада юз бераётган сиёсий ўзгаришлар юзасидан Америка, Россия билан қатор халқаро ташкилотлар ҳам баёнотлар билан чиқишмоқда.
Америка Қўшма Штатлари Қирғизистондаги конституцион тузум хавфсизлигидан хавотирда эканини билдириб, кеча, 13 октябрь куни Бишкекдаги элчихонаси орқали баёнот тарқатди.
Унда Қирғизистондаги мавжуд тузумга нисбатан таҳдидлар мавжуд экани ҳақида сўз боради.
"Қўшма Штатлар Қирғиз Республикасидаги тинч ва демократик ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди. Демократик жараённинг тўсиқларидан бири бу уюшган жиноий гуруҳларнинг сиёсат ва сайловларга таъсир ўтказишга уринишлари эканлиги аниқ. 4 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда овозларни сотиб олиш, 9 октябрь куни "Ала-Тоо" майдонидаги зўравонлик ва қўрқитиш, 10 октябрь куни бўлиб ўтган парламент мажлисидаги қонунбузарликлар шундан далолат беради", дейилади баёнотда.

Сурат манбаси, official
Шунингдек,баёнотда Қўшма Штатлар президент Жээнбеков, сиёсий раҳбарлар, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқшунос олимларнинг мамлакатдаги сиёсий тузумни конституциявий тузумга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ёзилган.
"Фуқаролар ва уларнинг раҳбарлари уюшган жиноятчилик ва сиёсатдаги порахўрлик оқибатлари билан курашишда давом этишлари керак. Асосий мақсад Қирғизистон Конституцияси ва қонун устуворлигини амалга ошириш бўлиши лозим. Қўшма Штатлар қирғиз халқини қўллаб-қувватлайди ва Қирғизистоннинг барча қўшнилари ва халқаро шерикларини давлатнинг суверенитетини ҳурмат қилишга чақиради. Чунки қирғиз халқи ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун зўравонликсиз ва мустақил равишда иш олиб бормоқда", дея таъкидланади баёнотда.
Президент Россия вакили билан учрашди

Сурат манбаси, official
Президент Сооронбай Жээнбеков 13 октябрь куни Бишкекда Россия президенти Владимир Путиннинг маъмурияти раҳбари муовини Дмитрий Козак билан учрашган.
Расмий маълумотга кўра, мамлакатда юз берган ижтимоий-сиёсий инқирознинг биринчи кунларидан бошлаб Сооронбай Жээнбеков Владимир Путин билан бир неча бор телефон орқали суҳбатлашган.
Шунингдек, Қирғизистон ва Россия стратегик шериклар ва КХШТ, ЕАУ, МДҲ ва ШҲТ (ОДКБ, ЕАЭС, СНГ ва ШОС) аъзолари эканлиги таъкидланади.
Президентнинг веб-сайтида ёзилишича, Россия томони Қирғизистондаги мавжуд вазият бошланганидан бери ўз хавотирларини билдирган ва вазиятни ҳал қилишда ёрдам беришни таклиф қилган.
Россия президенти Владимир Путин номидан келган Дмитрий Козак билан учрашувда Садир Жапаров ҳам қатнашган.
Бироқ учрашувда айнан нималар муҳокама қилингани очиқланмаяпти.
БМТ баёноти

Сурат манбаси, official
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековни Қирғизистондаги конституциявий президент сифатида тан олади.
Бу ҳақда БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида маълум қилган.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, БМТ вакили ушбу ташкилот Қирғизистоннинг ишончли ҳамкори бўлганлиги ва бундан кейин ҳам шундай бўлишини таъкидлаб, мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган.
Шунингдек, Наталья Герман президент қонунлар асосида ва барча сиёсий кучларнинг кўмаги билан тўғри қарорлар қабул қилишига умид қилишини айтган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Қирғизистондаги воқеаларни диққат билан кузатаётгани ва инқироздан чиқиш йўлини топишга, янги парламент сайловларини ўтказишга ва иқтисодиётни энг қисқа вақт ичида барқарорлаштиришга ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлаган.
Европа Иттифоқи баёноти
Куни-кеча Европа Иттифоқи ҳам амалдаги президент Сооронбай Жээнбеков ҳокимиятини Қирғизистондаги ягона қонуний институт сифатида тан олишини маълум қилган.
"Европа Иттифоқи Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековни ягона конституциявий ҳокимият, шунингдек, мамлакатдаги қонуний институт сифатида тан олади. Европа Иттифоқи унинг раҳбариятига, шунингдек, Қирғизистондаги барқарорликка тинч мулоқот орқали эришилишига ишонади", - дейди Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий комиссари Жозеп Боррел ёйинлаган баёнотида.
Европа Иттифоқи ҳам республикада вазиятни барқарорлаштириш учун президент Жээнбековнинг етарли ресурслари бор, деб ҳисоблайди ва такрорий парламент сайловларига кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Роза Ўтунбаева: Президент истъефо бермаслиги керак

Республикада вазият ёмонлашиб, давлат сиёсий инқирозга юз тутар экан, собиқ президент Роза Ўтунбаева амалдаги давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков билан учрашиб, мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилган.
Унинг фикрича, президент бундай қийин вазиятда истъефога чиқишга ҳаққи йўқ.
"Мен унга ҳозир кетолмаслигини айтдим. Нафақат ахлоқий сабабларга кўра, балки биринчи навбатда Сооронбай Жээнбеков ўз халқига ваъда бериб, республика, давлат ва қирғиз халқига хизмат қилишга қасамёд қилгани учун. У ҳаммамиз учун, мамлакат учун темирдай ишончли қалқон бўлиши керак", - деган собиқ раҳбар махаллий матбуотга берган интервьюсида.
Роза Ўтунбаева, шунингдек, президент республикани ҳуқуқий соҳага қайтариш ҳақидаги ваъдасини бажариши кераклигини таъкидлаган.
"Вазият шу қадар ўзгариб бормоқдаки, энди Сооронбай Жээнбеков бизни нафақат ҳуқуқий соҳага қайтаришга, балки, аввало, давлатни конституциявий тузумга қайтаришга мажбурдир", деган Роза Ўтунбаева.
Қирғизистондаги қатор сиёсатчи ва тахлилчилар ҳам собиқ президентни қўллаб, амалдаги президент ҳозир истъефога чиқмаслигини, аксинча, давлатнинг якдиллигини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилиш кераклигини таъкидламоқдалар.
Президент истъефоси

Сурат манбаси, official
"Адолатсиз" ўтказилган зиддиятли парламент сайлови сабаб авж олган норозилик намойишлари Оқ уйнинг ишғол қилиниши билан якун топган.
Ҳукуматнинг истеъфога кетиши ортидан, мухолифат ва намойишчилар президент импичменти ва истъефосини ҳам талаб қилишган. Бу даъватлар бугун яна бир бор Бишкекдаги намойишлар чоғида ҳам янграган.
Шунингдек, Жўғўрқу Кенгашнинг айрим депутатлари ҳам сиёсий инқирозга президент сабаб эканини урғулашиб, унга нисбатан импичмент эълон қилиш зарурлиги ёки ўз хоҳиши билан лавозимидан воз кечиши кераклигини таъкидлашган.
"Халқ инқилобидан" кейин "Бош вазир" этиб тайинланган Садир Жапаров 8 октябрда президент ўз ихтиёри билан истеъфога чиқишга тайёр эканини маълум қилган.
"Мен давлатда вазият барқарорлашиб, қонун устуворлиги ўрнатилса, барча давлат тузилмалари ва ҳукумат ҳуқуқий мақомга эга бўлгандан сўнг президент лавозимидан кетишга тайёрман", дейилади президентнинг расмий сайтида.
Бироқ, орадан ўн кун ўтган бўлса-да, депутатларнинг импичмент масаласини кўтаришгани ёки президентнинг ўз хоҳиши билан истъефосига оид баёноти ҳалича кўзга ташланмайди.
Ҳозирда президент Сооронбай Жээнбеков "Ала Арча" давлат қароргоҳида ишлаб, у ерда тегишли идора раҳбарларини қабул қилаётгани айтилмоқда.
Оқ уй жиддий шикастланган

Сурат манбаси, courtesy
5 октябрь куни "Ала Тоо" майдонида бошланган норозилик намойишлари кечга яқин милиция билан тўқнашувга олиб келган. Бир киши вафот этиб, юздан ортиқ одам жарохатланиши ортидан, 6 октябрь тонгга яқин Оқ уй намойишчилар тарафидан ишғол қилинган.
Бинога бостириб кирган оломон бир нечта депутатлар хонасига ўт қўйишган, у ердаги техник ускуна ва иш қоғозларини сочиб, яроқсиз холга келтирган. Шунингдек, бино деворларида осилган президент Сооронбай Жээнбеков суратини ҳам оёқ-ости қилишган.
Бугунги кунда Оқ уйни таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Тартибсизликлар пайти бинога қанча зиён етказилгани маълум эмас.
Бишкек шаҳар мэриясининг маълумотига кўра, 5-6 октябрь куни юз берган тартибсизликлар натижасида дастлабки ҳисобларга кўра, зарар миқдори 210 минг долларни ташкил этади.
"Дастлабки зарар 17 миллион сўмдан ошди. 13та автобус, 16та патруль хизмати автомашинаси пачоқланган. Ала-Тоо майдонида 65 квадрат метр гранит плиталар синган ва ўғирланган, 7та Тез ёрдам машинаси зарар кўрган", дейилади мэрия матбуот хизмати баёнотида.
10 октябрь ҳолатига кўра, Қирғизистон иқтисодиёти сўнгги воқеалар сабаб 104 миллион доллардан зиёд зарар кўрган.
Шунингдек, 210 миллион долларгача бўлган йигирмадан ортиқ шартнома ва бизнес лойиҳалар бекор қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































