Ўзбекистонда ҳоким ўғли туфайли ишдан олиндими? - Mirziyoyev, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонда ҳоким ўғли туфайли ишдан олиндими? - Президент ташрифи ва норози халқ, Ғаниев сенаторликдан чиқарилди, Бош вазир танбеҳи ва "мен популистман" - bbcuzbek.com дайжести.
Ўзбекистон: Ҳоким ўғли туфайли ишдан олиндими?
Ижтимоий тармоқда фарзанди билан боғлиқ салбий мазмундаги хабарлар тарқалган Олмалиқ шаҳри ҳокими Усмон Раҳимов 13 октябрь куни ишдан олинган.
Бу ҳақида Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар тарқатган.
Бундан аввал қимматбаҳо автомашинани пойтахт кўчалари бўйлаб катта тезликда бошқариб бораётган ёш йигит видеоси тарқалган, у Олмалиқнинг ўша вақтдаги ҳокими ўғли экани борасида тахминлар юзага келган ва Раҳимов ушбу фаразларни тасдиқлаган эди.
Собиқ ҳоким фарзандининг бу ишидан афсус билдириб, унга машина бошқаришни тақиқлаб қўйганини маълум қилган эди.
Кейинроқ собиқ ҳокимнинг 20 яшар ўғли бир неча шериклари билан кўча жанжалида иштирок этаётгани тасвирланган видео ҳам тарқалган ва ушбу ҳолат ортидан икки фуқарога тан жароҳати етказилгани аниқланган.
Усмон Раҳимов 13 октябрь куни ўтган халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ишдан олинган.
Сессияда сўзга чиққан Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов Раҳимовнинг Олмалиқ шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда йўл қўйилган хато-камчиликларга тўхталган бўлсада, раҳбар одам ўз шахсий ҳаётига ҳам эътиборли бўлиши, оиласига вақт ажратиши, фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғулланиши лозимлигини ҳам таъкидлаган.
Бу эса Раҳимов ўғли билан боғлиқ можароли хабарлар ортидан ишдан олинди қабилидаги янги тахминларга сабаб бўлган.
Собиқ ҳокимнинг ўғли қўл урган ҳаракатлар жамоатчилик томонидан кескин қораланишига қарамай, вояга етган фарзанди қилмишлари учун ота лавозимидан маҳрум этилмаслиги керак, деган фикрлар ҳам янграган.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Гулбаҳор Саид Ғани (Гулбаҳор Сайдганиева) ўзининг Facebook саҳифасида шундай ёзган:
"Менимча, раҳбарни ўғлининг иши учун ишдан бўшатиш абсурддир. Ўғли қонун бузган бўлса, ўзи учун жавоб берсин. Бу ҳоким ишдан олиш учун сабаб бўладиган иш қилдими?
Қонунларимизда, ота фарзанд учун жавоб бермайди, агар адашмаётган бўлсам. Меҳнат қонунчилигимиз кўтарадими шу ҳолатни?".
Президент ташрифи ва норози халқ

Сурат манбаси, facebook/sayyoraxo'jayeva
Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Сирдарё вилоятининг тошқиндан зарар кўрган ҳудудларига яна бир ташриф буюрган, тиклаш ишлари билан танишган, жабрланган одамлар билан суҳбатлашган.
Сирдарёлик фаоллар билан учрашув чоғида президент одамларнинг кайфияти унга "катта куч, қувонч бергани"ни билдирган.
Шунингдек, у совуқ кунларга қолдирмасдан, оилаларни уй-жой билан таъминлашга эришилгани, сув босган ҳудудлар аввалгиданда яхшиланиб, янги қиёфага эга бўлганини таъкидлаган.
Бироқ ҳозирга қадар Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиб кетиши ортидан жабр чеккан кўплаб сирдарёликлар оғир шароитларда яшашга мажбур бўлиб келаётгани борасидаги хабарлар тинмаётир.
Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева 12 октябрь куни Facebook'даги саҳифасида Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги тошқинидан зарар кўрган одамлар чайла ва яримвайрона уйларда яшаётгани тўғрисида ёзган.
Хўжаева аҳоли билан суҳбатлашиб, уй-жойларни тақсимлашда маҳаллий раҳбарлар адолатсизликка йўл қўйганидан хабар топганини маълум қилган.
"Раҳбарлар ўз билганидан қолмасдан, уй жойларни тақсимлашда, биринчи галда қариндош уруғларига, Озода Нурсаидовадан ҳам квартирани, муҳтож бўлмаган қизига олиб берган. Халқ, депутатларидан хам, жуда норози! Албатта, биз кўрганларимизни қоғозга тушириб, керакли жойларга тақдим этамиз, аммо барибир битта савол қийнайди, қачон айрим раҳбарларга инсоф кирар экан", ёзган Хўжаева.
Ғаниев сенаторликдан чиқарилди

Сурат манбаси, official
Марказий Сайлов Комиссияси Фарғона вилояти собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев Бош вазир ўринбосари лавозимига ўтгани муносабати билан Сенат аъзолари рўйхатидан чиқарилганини хабар қилди.
Фарғона вилоятини қарийб ўн йил давомида бошқарган Ғаниев номзоди 25 сентябрь куни Қонунчилик Палатаси томонидан Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига маъқулланган эди.
29 сентябрь куни президент собиқ ҳокимни Бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқлаган.
Шуҳрат Ғаниев бунга қадар Бош вазир ўринбосари сифатида ишлаб, сентябрь ойида коронавирус юқтириб олиши ортидан оламдан ўтган Ўктам Барноев ўрнини эгаллаган.
Бош вазир танбеҳи ва "мен популистман"

Сурат манбаси, .
Журналист ва блогер Алишер Рўзиохунов 12 октябрь куни ўтган ҳукумат селекторида Бош вазир Абдулла Арипов Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддин Шариповни "UzAvtoMotors" масаласи юзасидан популизмда айблагани ҳақида ёзган эди.
Рўзиохуновга кўра, йиғилишда Бош вазир Шариповни танқид остига олиб, унинг раҳбарлигидаги қўмита томонидан "UzAvtoMotors" АЖга нисбатан кўрилаётган чораларни популизм, дея баҳоланган.
Бу хабар ортидан бир қанча блогерлар Шарипов ҳимоясига отланиб, Бош вазир Ариповни танқид остига олган.
"Агар Монополияга қарши кураш қўмитаси ўғри ва муттаҳам монополистларга қарши шунча қилаётган ишлари ортидан популист деб номланса, мен ҳам популистман", дея ёзган Bakiroo канали.
Бироқ 13 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси баёнот эълон қилиб, Бош вазирнинг сўзлари нотўғри талқин этилаётганини билдирган.
Баёнотда Бош вазир иштирокидаги йиғилиш давомида қўмита ва "UzAvtoMotors" компанияси ўртасида давом этаётган суд жараёнида шошмасдан қарор қабул қилиш ва имкон даражасида халқаро консультант-мутахассислар билан ҳамкорликда, уларнинг ўрганишлари ҳам инобатга олинган ҳолда иш олиб борилиши таклиф этилгани билдирилган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев эса ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида блогер ўз шахсий қарашларини эълон қилгани учун жавобгарлик мавжуд эмаслиги, аммо ОАВ ижтимоий тармоқлардан олинган турли ахборотларни чоп этишдан олдин уни ҳақиқатга нечоғли тўғри келишини қайта текшириб кўриши шартлиги ҳақида ёзиб, матбуотни текширилмаган, ишончли бўлмаган ахборотларни тарқатишдан тийилишга чақирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































