Янгиланди, Қирғизистон, расман: Садир Жапаров янги Бош вазир - президент маъқуллади - Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Published
Янгиланди, Қирғизистон, расман: Садир Жапаров янги Бош вазир - президент маъқуллади. Қирғизистон президенти бундан аввал уни ҳам, янги ҳукумат таркибини ҳам рад этганди. Бишкекда эса, Садир Жапаров тарафдорлари президент истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқишганди. Фавқулодда ҳолат режими амалда.
Президент Сооронбай Жээнбеков "Қирғизистон Республикаси Бош вазири ва ҳукумат аъзоларини тайинлаш тўғрисида" ги фармонни имзолаган ва кечга яқин Жўғўрқу Кенгаш спикери Қанат Исаев билан Бош вазир Садир Жапаров билан учрашган.
Давлат раҳбари уларни ўз лавозимларига тайинланганлари билан табриклаб, ишларида муваффақиятлар тилаган ва уларнинг фаолияти конструктив бўлиб, жамият ва мамлакатга фойда келтиришига умид билдирган.
Президентнинг таъкидлашича, бугунги кунда республикада коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини, шунингдек, куз-қиш иситиш мавсумига тайёргарликнинг долзарб масалалари турибди.
Шунингдек, у қисқа муддатли режаларни ишлаб чиқиш билан бир қаторда мамлакатни ривожлантиришнинг узоқ муддатли дастурлари, жумладан, иқтисодиётни тиклаш, инвестицияларни жалб қилиш, давлатларнинг ижтимоий мажбуриятлари ва шу каби бошқа дастурларни ишлаб чиқиш зарурлигини урғулаган.

Сурат манбаси, official
Президент Сооронбай Жеенбеков мамлакат барқарорлиги ва тараққиёти учун ҳар доим томонлар билан мулоқотга тайёрлигини таъкидлаган.
Бугун Қирғизистон парламент депутатлари "Ала Арча давлат қароргоҳида йиғин ўтказиб, Бош вазир лавозимига Садир Жапаровни сайлаб, унинг дастури ва ҳукумат таркибини бир овоздан тасдиқлаганлар.
Йиғинда 83 халқ вакиллари иштирок этиб, саккиз депутат эса ишонч қоғозларини юборган. Бу гал кворум бўлган.
Шундан сўнг Бош вазир ва ҳукумат таркибини тасдиқлаган Жўғўрқу Кенгаш қарори президентга имзо учун юборилган. Шундан кейингина, қонуний ҳукумат иш бошлаши айтилган.
Парламент кўпчилик коалицияси Садир Жапаровнинг номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлаган.
Бу орада, бугун "Бош вазир" Садир Жапаров ҳукумат аъзолари, янги раҳбарларни тайинлаган.
Ҳукумат матбуот хизматининг хабар беришича, 14 октябрь куни "Садир Жапаров люстрация жараёнини тезлаштириш ва давлат хизматларига янги кадрларни жалб қилиш мақсадида бир қатор кадрлар ўзгариши тўғрисида"ги буйруқларни имзолаган.
Президент мурожаати

Сурат манбаси, EPA
Президент Сооронбай Жээнбеков Жўғўрқу Кенгаш тез орада Бош вазирликка номзод Садир Жапаровнинг масаласини кўриб чиқади ва бу жараёнга қонун доирасида нуқта қўяди, деб умид қилмоқда.
Президент бу ҳақда 14 октябрь куни қирғизистонликларга қилган мурожаатида маълум қилган.
Жээнбеков депутатларга сиёсатчи Жапаровни қонуннинг барча қоидаларига риоя қилган ҳолда Бош вазирликка қайта кўриб чиқиш тўғрисида таклиф юборганини таъкидлаган.
Унинг фикрича, парламентнинг аввалги қарори қонунга зид равишда қабул қилинган.
Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатда вазият тинч бўлиши ва ҳукуматни бошқа давлатлар тан олиши учун Бош вазир номзодини қонунларга қатъий риоя қилган ҳолда тасдиқлаш керак.
Шу билан бирга, давлат раҳбари масалалар куч билан эмас, балки қонун доирасида ҳал қилиниши кераклигини таъкидлаган.
Президент, шунингдек, Жўғўрқу Кенгашнинг кеча янги сайланган спикери Канат Исаевга мактуб йўллаб, Садир Жапаров масаласини парламентнинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқишни таклиф қилган.
Унда депутатлар бунгача Бош вазирликка номзод Садир Жапаровнинг дастурини тасдиқлаш, ҳукумат тузилиши ва таркибини тасдиқлаш бўйича қонунларни зид ҳолда қарорлар қабул қилгани, шу сабабдан президент маъмурияти ҳужжатларни ортга қайтаргани урғуланган.

Сурат манбаси, courtesy
6 октябрь куни бир гуруҳ парламент аъзолари спикер Достонбек Жумабековни лавозимидан озод қилишган ва унинг ўрнига депутат Миқтибек Абдилдаевни сайлашган. Ўша куни тартибсизликлар пайтида қамоқдан озод қилинган Садир Жапаров Бош вазирликка номзод қилиб кўрсатилган. Бироқ, ушбу йиғилишда депутатлар сони озлиги сабаб, кворум бўлмаган.
Хабар қилинишича, бир қатор парламент аъзолари 10 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессияда Садир Жапаров ва унинг ҳукуматини маъқуллаган.
Аммо сиёсатчилар, жамоат арбоблари ва адвокатлар, жумладан, спикернинг биринчи ўринбосари Аида Қасималиева ва сиёсатчи Феликс Қуловга кўра, кворум йиғилмаган.
Ўша куни Жўғўрқу Кенгашнинг қарори сифатида тақдим этилган ҳужжатни президент Жээнбеков 13 октябрь куни парламентга қайта юборган.
Кеча, 13 октябрь куни Қанат Исаев депутатларнинг 78 овози билан парламент спикери этиб сайланган.
«Бош вазир» ва президент учрашуви

Сурат манбаси, official
Кеча, 13 октябрда президент Сооронбай Жээнбеков "Бош вазир" Садир Жапаров билан учрашган
Унда мамлакатдаги мавжуд ижтимоий-сиёсий вазият муҳокама қилинган.
Давлат раҳбари учрашувда Жўғўрқу Кенгаш Бош вазир дастурини тасдиқлаш, ҳукумат тузилмаси ва таркибини белгилаш тўғрисидаги қарорлари тўғрисида ўз позициясини билдирган.
"Мамлакатда барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш учун барча қарорларимиз қонуний бўлиши ва шубҳа остига олинмаслиги керак", деган президент Сооронбай Жээнбеков.
Бугун, Бишкекда ҳукумат уйи қаршисида "Бош вазир" Садир Жапаровнинг 120 га яқин тарафдорлари йиғилишган.
Намойишчилар Қирғизистоннинг турли минтақаларидан келган.
Улар президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишмоқда.
Шунингдек, улар ўз раҳбарларини Бош вазир этиб тайинлаш тартибини тезлаштиришни сўрашмоқда.

Сурат манбаси, courtesy
Жорий пайтда Қирғизистон пойтахти Бишкекда узайтирилган фавқулодда ҳолат режими амалда.
Бутун Қирғизистон бўйлаб вазиятнинг анчайин тинчигани айтилади.
Қирғизистон биргина расмий ҳисоб-китобларда Марказий Осиёнинг бир миллиондан ортиқ ўзбек яшовчи давлатларидан бири бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
13 октябрь
Бишкек: Нотинчлик Қирғизистонга қанчага тушди, янги Бош вазир "оқланмаган", Атамбаев тарафдорлари қамалди

Сурат манбаси, EPA
Бишкек: Нотинчлик Қирғизистонга қанча долларга тушди, янги Бош вазир "оқланмаган" - Оқ уй таъмирланмоқда. Зиён миллиардлаб сўмга етган. Энди ишсизлик, камбағаллик кучайиши мумкин. Олий суд вазиятга ойдинлик киритди. Собиқ президент тарафдорлари қамоққа ташланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қирғизистондаги сиёсий беқарорлик туфайли етказилган зарар 2020 йилнинг 10 октябрь ҳолатига кўра 8 миллиард сомни ёки бутун мамлакат бўйлаб 104 миллион доллар атрофида йўқолган даромадни ташкил этади. Ушбу маълумотлар Бизнес Ассоциациялар Миллий Альянси томонидан тақдим этилган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, тахминан 210 миллион долларгача бўлган йигирмадан ортиқ шартнома ва бизнес лойиҳалар бекор қилинган.
Сиёсий беқарорлик туфайли миллиардлаб сўмга йўқотилган фойда ишсизликни, солиқ ва тўловлар режаларини кўпайиши ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини оғирлаштириши мумкин.

Сурат манбаси, Reuters
«Қонуний ва давлат ҳокимиятини аниқлаш ҳамда мамлакат фуқароларининг ҳаёти ва мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш учун консолидация жараёнини кечиктириш ҳукумат идоралари, депутатлар, президент ва сиёсий кучлар олдида ҳозирги жараёнда катта масъулият бўлади. Қатъиятсизлик, кутиш ҳолати ва давлат функцияларини билмаслик бугунги кунда бизнесга тўғридан-тўғри зарар келтиради, бизнес эгаларига эса, оилаларини боқадиган фуқароларга кўпроқ зарар келтиради ", дейилади баёнотда.
Бизнес-уюшмалар миллий альянси барча сиёсий кучларни келишувга эришиш ва ҳуқуқий соҳага қайтишни таъминлаш, барча ҳукумат ташкилотларини фавқулодда ҳолат каби чораларни жорий этиш оқибатларини юмшатишга чақиради. Бизнес корхоналар ходимларининг эркин ҳаракатланишини ва юкларни ташишни, барча турдаги корхоналарда, хусусан кончиликда тезкор жавоб гуруҳларини тузиш билан хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтиришни сўрайди.
"Стабилизация бўйича чора-тадбирларни амалга оширгандан сўнг, ишбилармон доиралар қонунчилик даражасида эгаллаб олиш ва мол-мулкни қайта тақсимлаш билан боғлиқ вазиятларнинг олдини олиш ва уларга қарши чоралар ишлаб чиқишни ҳозирги ҳолатга ўхшаш вазиятлар бўйича тезкор равишда амалга оширилаётган инқирозга қарши режалар алгоритмларини ишлаб чиқиш билан талаб қилмоқда", дейилади мурожаатда.
"Бош вазир" илк ҳукумат йиғинини ўтказди

Сурат манбаси, EPA
Парламентнинг айрим депутатлари тарафидан Бош вазир этиб сайланган Садир Жапаров кеча, 12 октябрь куни ҳукуматда мажлис ўтказган.
Ҳукумат матубот хизматининг хабарига кўра, Садир Жапаров мамлакатни катта сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар кутаётганини урғулаган.
У мамлакатни янада ривожлантириш учун барқарорликни сақлаш муҳимлиги ва барча давлат идоралари нормал ишлаши зарурлигини таъкидлаган.
«Бизнинг олдимизда давлат бошқаруви тизимини оптималлаштириш ва бюрократик тўсиқларни камайтириш, иқтисодий фаолиятни тиклаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш вазифаси турибди. Ушбу йўналишдаги ишлар имкон қадар тезроқ амалга оширилиши керак", деган Садир Жапаров.
Йиғинда раҳбарларга куз-қиш даврига тайёргарлик, коронавирус тарқалишига қарши чоралар, бизнес вакиллари, донорлар билан учрашувлар, ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш, солиқ ва божхона процедураларини фискализация қилиш бўйича дастурларни амалга ошириш, жамоат ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифалар берилган.

Сурат манбаси, EPA
Садир Жапаров оқланмаган
Қирғизистон Олий суди Садир Жапаровга нисбатан оқлов ҳукмини чиқармаган.
Аввалроқ, Олий суд Садир Жапаровни оқлагани, у шу асосда Бош вазир лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Суд матбуот хизмати маълумотига кўра, Олий суд Садир Жапаров ва адвокатининг аввалги айблов хулосаларини бекор қилиш ва янги холатлар аниқлангани сабаб, ишни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққан.
Бош прокуратуранинг суд мажлисидаги вакили ҳам Садир Жапаровнинг адвокати илтимосномасини қаноатлантиришни сўраган.
Шундан сўнг, суд ҳайъати Садир Жапаровга нисбатан илгари чиқарилган суд қарор, ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қонаотлантирган ва жиноий ишни Бош прокуратурага судгача бўлган ишларни олиб бориш учун юборган.
Атамбаев тарафдолари 2 ойга қамалди

Сурат манбаси, SOCHI. MIKHAIL METZEL/TASS
Собиқ президент Алмазбек Атамбаев тарафдорлари, "Социал-демократлар партияси" аъзоси Темирлан Султанбеков, президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов ва Ички ишлар вазирининг собиқ муовини Курсан Асановлар 2 ойга қамоққа олинди.
Бишкек шаҳрининг Первомайский тумани судининг 12 октябрдаги қарорига кўра, Курсан Асанов Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг ҳибсхонасида, Темирлан Султанбеков ва Фарид Ниёзов эса 1-сонли тергов изоляторида сақланади.
Улар 5-9 октябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган тартибсизликларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган.
Жорий пайтда Қирғизистон пойтахти Бишкекда узайтирилган фавқулодда ҳолат режими амалда.
Бутун Қирғизистон бўйлаб вазиятнинг анчайин тинчигани айтилади.
Қирғизистон биргина расмий ҳисоб-китобларда Марказий Осиёнинг бир миллиондан ортиқ ўзбек яшовчи давлатларидан бири бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































