Янги хулоса: Коронавирус янада чидамли ва юқумли - O'zbekiston, dunyo, koranavirus, yangiliklar

wiping smartphone screen - stock photo

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги янгилик қўлни тез-тез ювишнинг нега зарурлигини яна бир бор урғулайди
Published

Янги хулоса: Коронавирус янада чидамли ва юқумли - пулга, телефонга, зангламас пўлатга эҳтиёт бўлинг, дейишмоқда олимлар.

Ковид-19 ни келтириб чиқарувчи вирус банкнотлар, телефон экранлари ва зангламас пўлатда 28 кун давомида сақланади, юқувчанлигини сақлайди, дейди тадқиқотчилар.

Австралия Mиллий фан агентлиги тадқиқотчилари SARS-Cov-2 аввал тахмин қилингандан кўра узоқ яшашини аниқладилар.

Тажриба ёруғлик тушмайдиган жойда ўтказилган. Чунки ультрабинафша нурлар вирусни ўлдириши аллақачон тасдиқланган.

Айрим экспрертлар реал ҳаётда вируснинг юзалар орқали юқиши хавфи борлигига шубҳа қилган эди.

Коронавирус асосан одамлар йўталганда, аксирганда ва гапирганда юқади.

Шунингдек, унинг ҳаводаги томчилар орқали тарқалиши борасида далиллар мавжуд. АҚШ Касалликни назорат қилиш марказига кўра, вирус тушган метал, пластик каби юзаларга тегинганда Ковид-19 ни юқтириб олиш мумкин. Аммо бу йўл билан касаллик юқтириш нисбатан камроқ учрайди.

Тадқиқот хулосаси қандай?

Аввалги лаборатория синовлари, турлича натижалар кўрсатган бўлса-да, SARS-Cov-2 ни банкнотлар ва ойналарда икки уч кунгача, пластик ва зангламас пўлат юзада олти кунгача сақланишини аниқлаган эди.

Австралия агентлиги CSIRO ўтказган тадқиқотда "вирус ўта яшовчан"лиги, мобил телефонлар экрани, қоғоз ва пластик банкнотларда +20С ҳароратда, нур тушмаган шароитда 28 кунгача сақланишини аниқлади. +20С хона ҳарорати ҳисобланади.

Қиёслаш учун, грипп вируси айни шундай шароитларда 17 кунгача сақланиши мумкин.

"Virology Journal"да чоп қилинган тадқиқот хулосаларида SARS-Cov-2 иссиқроқ шароитда совуқдагига нисбатан қисқароқ сақланиши, +40С ҳароратда эса 24 соат ичида вируснинг юқувчанлиги йўқолиши айтилган.

Шунингдек, ғовакли материалларда, масалан, матода юқумли вирус 14 кундан ортиқ турган ҳолат аниқланмаган бўлиб, вирус уларда силлиқ юзаларга нисбатан қисқароқ муддат сақланади.

Қайси жиҳати баҳсли?

An email from the World Athletics Organization containing text about Covid-19 procedures for its events is seen in this photo illustration taken in Warsaw, Poland on 7 October 2020.

Сурат манбаси, Getty Images

Кардиф университети Шамоллаш маркази собиқ директори профессор Рон Экклес тадқиқотни танқид қилиб, вируснинг 28 кунгача сақланиши ҳақидаги бу хулоса "одамларда кераксиз хавотир" пайдо қилишини айтади.

"Вируслар йўтал ва аксиришдан ажралиб чиққан мукус - суюқлик тушган юзалар, кир қўллар орқали тарқалади. Тадқиқотда эса вирус тарқатувчи сифатида инсондан олинган суюқликдан фойдаланилмаган," дейди у.

"Мукус вирус учун ниҳоятда ноқулай муҳитдир, чунки унда вирусни йўқ қилувчи ферментларни ишлаб чиқарадиган оқ қон ҳужайралари, антитаначалар ва вирусни зарарсизлантирувчи бошқа кимёвий моддалар бўлади."

"Менинг фикримча, юқумли вируслар юзадаги мукусда кунлаб эмас, соатлар давомида сақланиши мумкин.

"Lancet"да нашр қилинган мақолада Рутгерс университети микробиология профессори Эмануэл Голдман "жонсиз юзалар орқали вирус юқиш эҳтимоли жуда оз", деб ёзади. У юзалар орқали юқиш хавфи юқори, деб хулоса берган тадқиқотларда "реал ҳаёт шароити жуда оз ҳисобга олинган", дейди.

Ўтган ҳафта Калифорния университети тиббиёт профессори Моника Ганди коронавирус юзалар орқали юқмайди, деган эди.

Бу тадқиқот қўл ва сенсорли экранларни тозалаш кераклигига урғу беради.

Alomatlar

Ковид-19 аввало ҳаво орқали тарқалади. Тадқиқотларда вирус ҳаво томчисида уч соатдан ортиқ вақт юқувчан бўлиб туриши аниқланган. Аммо унинг банкнотлар ва сенсорли экранлар юзаси орқали қанчалик тарқалиши етарлича аниқланмаган.

Аввалги тадқиқотларда унинг зангламас пўлат юзаларда узоқ сақланиши аниқланган, аммо турлича натижалар қайд этилган эди.

Уларнинг айримларида вирус хона ҳароратида уч кунгача сақланади дейилса, бошқалари 14 кунлик натижани кўрсатган.

Янги тадқиқотда вируснинг ойна, қоғоз ва пластик банкнотлар ва пўлат юзаларда нечоғли узоқ туриши ўрганилган.

Улар вирусни +20С ҳароратда 28 кундан кейин ҳам сақланганини аниқлаган, бу бошқа тадқиқотлар кўрсатгандагидан кўра сезиларли узун муддат.

Тажриба вирус учун қулай бўлган шароитда - қоронғилик, барқарор намлик ва ҳароратда ўтказилган бўлиб, вирус реал дунёдаги шароитда бунчалик узоқ сақланмаслиги мумкин.

Шундай бўлса ҳам, бу натижалар қўлни ювиш ва сенсор экранларни мунтазам тозалаб туриш, инфекция танага тушиши эҳтимолини камайтириш учун қўлни юзга теккизмаслик кераклигини таъкидлайди.

Бу нима учун муҳим?

"Вируснинг юзаларда қанчалик узоқ муддат сақланишини аниқлаш унинг тарқалиши олдини олиш ёки юмшатиш ва одамларни касалликдан ҳимоя қилиш учун керак," дейди CSIRO Бош директори доктор Ларри Маршалл.

Тадқиқот муаллифлари айтишича, SARS-Cov-2нинг зангламас пўлат юзаларда, паст ҳароратда узоқ туриши Ковид нима учун гўшт сақланадиган жойларда ва совуқ ҳароратли омборларда тарқалганини изоҳлайди.

Дунё бўйлаб гўштни қайта ишлаш цехлари ва кушхоналарнинг минглаб ишчиларида касаллик тестлари ижобий чиққан.

Аввал таъкидланган яна бошқа сабаблар қаторида ёпиқ иш жойлари, совуқ ва нам муҳит, шовқинли, бақириб ишлашга тўғри келадиган жойлар ҳам бор.

CSIRO тадқиқотчилари уларнинг аниқлаганлари вирус янги ва музлатилган овқатда сақланишини кўрсатган аввалги тадқиқотлар хулосасини тасдиқлашини айтади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билдиришича, "ҳозиргача овқат ва егулик қадоқлари орқали вирус юққани аниқланмаган". Аммо бу ташкилот бошқа нарсалар орқали вирус юқишидан сақланиш учун бир неча эҳтиёт чорасини маслаҳат берган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek