Тоғли Қорабоғ: Оташкесим бошланди, аммо аллақачон бузилгани айтилмоқда - Озарбайжон ва Арманистон, видео, Tog’li Qorabog’, O’zbekiston, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Тоғли Қорабоғ: Озарбайжон ва Арманистон муваққат оташкесимга рози бўлди - вақтинчалик оташкесим 10 октябрь маҳаллий вақт билан соат 12:00 дан бошлаб кучга кирди. Аммо аллақачон бузилгани айтилмоқда. Рақиб томонлар худди ана шундай даъво билан чиқишди, бир-бирларини оташкесим битимини бузишда айблашди. Жанглар шу пайтгача 300 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, минглабини дарбадар қилган:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Икки рақиб томон ўртасидаги келишув кеча ярим тунда, 10 соатлик ёпиқ форматда ўтган музокаралар ортидан, пойтахт Москвада эълон қилинди.
Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири расман маълум қилди.
Уч давлат Ташқи ишлар вазирлиги иштирокидаги жума кунги музокаралар ўз поёнига етди.
Сергей Лавровнинг айтишича, томонлар энди "жиддий" мулоқотларни бошлашади.
Музокаралар ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамраислари воситачилигида, келишувнинг асосий тамойиллари асосида бўлади.
Россия Ташқи ишлар вазири уч томонлама мулоқотлар ортидан ўқиб эшиттирган баёнот мазмунига кўра, тарафлар музокара жараёни форматининг ўзгармаслигини маъқуллашган.
Тоғли Қорабоғдаги сўнгги уруш 27 сентябрда келиб чиққан, уни очишда томонлар ҳануз бир-бирларини айблаб келишади.
Жанглар шу пайтгача 300 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, минглабини дарбадар қилган.
Вақтинчалик оташкесим 10 октябрь соат 12:00 дан бошлаб кучга киради.
Томонлар бир-бирлари билан асирлар ва жасадларни айирбошлашлари мумкин бўлади.
"Жараён Халқаро Қизил Хоч ташкилоти воситачилиги ва мезонларига мувофиқ амалга оширилади".
Москвада эришилган келишув фақат инсонпарварлик мақсадинигина кўзда тутади.
"Оташкесим режимининг ўзига хос параметрлари қўшимча равишда келишиб олинади".

Сурат манбаси, Mfaofrussia
Россия ҳозирча нейтрал мавқеъда, рақиб томонларни тинчлик музокараларига чақириб келади.
Аммо Арманистон Бош вазири билан мунтазам мулоқотда эканини ҳам яширмаган, ошкора эътироф этган.
Муваққат оташкесим президент Путиннинг ташаббуси бўлади.
Кеча, жума куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин ҳам Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашган.
Учрашув Ереванда бўлиб ўтган ЕвроОсиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилишидан сўнг бўлиб ўтган.
Орада Бош вазир Никол Пашинян Озарбайжон ён беришга борса, Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ҳам шундай қилишини айтган.
Озарбайжон ҳалича муроса шартини ўзгартирмаган, арман қўшинларининг Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлардан чиқиб кетишлари лозимлигини таъкидлаб келмоқда.
Озарбайжон президенти яна бир қанча баёнотлар қилган.
Ҳарбий тўқнашувлар босқичи тугагач, Озарбайжон музокара столига қайтишини айтган.
Қорабоғ можаросини сиёсий йўл билан ҳал қилиш дунёнинг етакчи давлатларининг кафолатлари билан таъминланиши кераклигини таъкидлаган.
Россия ва Туркия можародан кейинги даврда Қорабоғ бўйича воситачилик қилиши лозимлигини қайд этган, бунинг прагматик ёндашув бўлишини урғулаган.
ЕХҲТ ининг Минск гуруҳи, қарийб 30 йилдирки, Тоғли Қорабоғ можаросига дипломатик йўлда ечим топа олмай келади.
9 октябрь
Жанг жабҳасида вазият жиддийми - Путин янги даъват билан чиқди?

Сурат манбаси, ARAM KIRAKOSYAN/TASS
Тоғли Қорабоғ: Жанг жабҳасида вазият жиддийми - Путин янги даъват билан чиқди. Жасадлар ва асирларни алмашиш учун ўт очишни бас қилинг, деди. Озарбайжон ва Арманистонни инсонпарварликка ундади. Жанглар ҳануз тинмаётир.
Тоғли Қорабоғдаги жанглар шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган ва ҳали-ҳануз давом этмоқда.
Ҳар икки томондан ўнлаб талафотлар борлиги, жангларда оддий одамлар ҳам қурбон бўлишаётгани, яна катта сондагиси дарбадарликка юз тутаётганига оид хабарлар бор.
Аммо Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар эълон қилиб келаётган маълумотларни мустақил манбалардан текшириш ва тасдиқлаш ҳамон имконсизлигича қолмоқда.
Озарбайжон эса, ҳали-ҳануз ўз ҳарбийлари орасидаги талафотларга оид рақамларни эълон қилмаган, фақат жанглар тугаши ортидангина бу ҳақда ошкора маълум қилишини айтган.
Орада кечган вақт давомида асирга олинган тутқунларга оид бирор бир ишончли маълумотлар ҳам кўзга ташланмаган.
Россия президенти "асирларни ҳам алмашиш" учун деркан, айнан кимларни ва қанча сондаги одамни назарда тутгани тафсилотлари ноаён қолган.
Владимир Путиннинг бу даъвати жанг жабҳасидаги вазиятнинг жиддий эканига ҳам далолат қилмай қолмаган.
Учрашув

Сурат манбаси, AFP
Владимир Путин кеча, пайшанба куни Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларига қўнғироқ қилган, сиртдан музокаралар олиб борган.
Музокаралар ортидан, ҳар икки рақиб томонга даъват билан чиққан.
Уларни қурбон бўлганлар жасадлари ва асирларни айирбошлашга имконли бўлишлари учун "инсонпарварлик нуқтаи назаридан" жангларни бас қилиб туришга чақирган.
Худди шу масалани муҳокама қилиб олиш учун Москвага ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирлари таклиф қилинган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг расман маълум қилишича, Арманистон ва Озарбайжон ўз вакилларини Москвага юборишга рози бўлишган.
Томонлар ўртасидаги музокараларнинг бугун, жума куни бўлиб ўтиши айтилмоқда.
Тоғли Қорабоғда ўтган тун ҳам жанглар давом этган, буни ҳар икки давлат Мудофаа вазирлиги тасдиқлаган.
Рақиб тарафларга кўра, жанг жабҳасида жиддий ўзгаришлар бўлмаган.
Расмий Кремль ҳозирча нейтрал мавқеъда, ҳар икки томонни бирдек тинчлик музокараларига ундаб келмоқда.
Аммо Арманистон тўғридан-тўғри ҳужумга учраса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида олган масъулиятини бажаришга тайёр эканини ҳам ошкора баён қилиб улгурган.
Американинг нуфузли Нью-Йорк Таймс нашри ёзишича, Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар тўхташи учун Россия ўзини тинчликпарвар сифатида намойиш этиши керак.
Россиянинг Тоғли Қорабоғдаги рақиб томонлар ўртасидаги тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифи ҳали-ҳануз очиқ қолмоқда.
Можаронинг дипломатик ечимига масъул Минск гуруҳи ва халқаро ҳамжамиятнинг ҳам муросага ундовчи даъватлари ҳалича иш бермаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































