Дунё ва тақдирлар: Боланг ўғилми, қизми – ўғил истаган эр ҳомиладор хотини “қорнини ёрди”, dunyo, yangiliklar, taqdirlar

Сурат манбаси, Chitranjan Singh / BBC
Боланг ўғилми, қизми - ўғил истаган эр ҳомиладор хотини қорнини ёрди: ўроқ билан қорни ёрилгани айтилаётган аёл касалхонада бешта қиздан кейин ўғил туғди. Аммо чала туғилган ўғил чақалоқ ўлди.
Жабрдийда аёл яқинларининг даъво қилишларича, эри қориндаги ҳомиланинг жинсини билиш учун хотинини шу куйга солган.
Бунгача аёл беш қиз кўрган ва эри хотинининг ўғил туғишини истаган.
Аёлнинг эри ҳодисадан кейин ҳибсга олинган.
Аммо, унинг айтишича, буни қасддан қилмаган, тасодиф бўлган.
Воқеа Ҳиндистоннинг шимолий Уттар Прадеш штатида юз берган.
Уттар Прадеш Ҳиндистоннинг аҳолиси зич штатларидан бири бўлади.
Тафсилот ўрнида
Полиция мулозимларига кўра, қорни ёрилган аёл ҳозир пойтахт Деҳлидаги касалхонада, бироз ўзига келган.
Аёл якшанба куни Деҳлига етказилган, акасининг айтишича, аҳволи жуда оғир бўлгани боис, маҳаллий докторлар шундай қарорга келишган.
Аёл опасининг сўзларига кўра, синглисининг уйида айнан ўғил фарзанда устидан тез-тез жанжал бўлиб турган.
Эрининг айтишича эса, буни атайдан қилмаган.
Ўроқни хотинига қараб отганида, уни бунақа жароҳатлаши хаёлида ҳам бўлмаган.
Эрнинг бу сўзларини маҳаллий матбуот келтирган.
"Бешта қизим бор. Яна бир ўғлим бўлмаган. Биламан, фарзанд Худонинг инъоми. Энди нима бўлса, бўлар", - деб айтган у.
Полиция юз берган воқеа юзасидан тергов ишларини бошлаган.
Ўғил...
Оилаларнинг қанчалик ўғил исташи Ҳиндистонда ҳатта гендер мувозанатни издан чиқарган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармасининг шу йил июнь ойидаги ҳисоботи ҳам бунга далолат қилган.
Агар, ҳисоботга таянилса, ўтган 50 йил ичида Ҳиндистонда 46 миллионга яқин қиз бедарак кетган.
Оилалар ўғил хоҳлашгани учун аёллар йилига олдираётган қиз ҳомилаларнинг сони эса, қарийб ярим миллионни ташкил этган.
Қиз бўлгани учун оилалари ташлаб қўйгани сабаб нобуд бўлганлари ҳисобига Ҳиндистонда хотин-қизлар орасида ўлим ҳоллари ҳам кўп.
Ҳиндистон ҳукуматининг 2018 йилги ҳисоботига кўра, одамлардаги ўғил истаги 21 миллионта "исталмаган қиз"ларни дунёга келтирган.
Маълум бўлишича, аёллар токи ўғил кўрмагунча, туғаверишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































