Боласи четда қолиб кетса, депутатнинг ўзи нима қилар экан? – Хитой бўйлаб Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтишни истамоқда

Ҳайитбек Боқибоев
Сурат тагсўзи, Ҳайитбек Боқибоев
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Олти ой давомида Хитойда қолиб кетаётган ўзбекистонликлар ватанга қайтишни истамоқда.

Уларнинг Би-би-сига айтишича, айни вақтда бундай истакни чегаралар ёпиқлиги сабаб Хитойда қолиб кетган 200 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси билдирмоқда.

Асосан, талабалардан иборат мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, аксар ўзбекистонликларда виза муддати тугаб бормоқда ёки аллақачон тугаб бўлган.

Моддий захиранинг охири кўриниб қолган.

Қисқа муддатга ўқиш мақсадида борганларнинг таҳсили тугаган, шартнома асосида ўқийдиганлар эса ўқиш пулини тўлашга имкони бўлмаётганини билдиради.

Хитойга январь ойида меҳмонга бориб, ўша ерда қолиб кетган андижонлик аёл кўкрак саратонига чалиниб, жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргани, энди эса виза муддати ўтиб кетаётгани учун Хитойда унга қамоқ жазоси хавф солаётганини айтади.

Айрим ўзбекистонликлар тезроқ уйга қайтиб, ўз ватанида ўқишини давом эттирмоқчи.

Шунингдек, улар хориждаги ватандошларни қайтаришни тўхтатиб туриш таклифи билан чиққан депутатни ўзларининг аҳволи қанчалик оғир эканлигини тушунмасликда айблайдилар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу инсонлар Ўзбекистон ҳукуматидан Хитойга тезроқ чартер рейс қўйиб беришни илтимос қилмоқдалар.

Би-би-си билан суҳбатда улар ўз муаммоларини Хитойдаги Ўзбекистон элчихонаси ходимларига кўп бор маълум қилгани, аммо фуқароларни қайтариб олиб кетиш якка элчихона ихтиёридаги масала эмас, деган жавоб олганликларини таъкидлайдилар.

Гулнисо Амонова
Сурат тагсўзи, Гулнисо Амонова

Рейсга чиқа олмадик

Хитойнинг Сичуан провинциясида ишлаб, яшаб келаётган Гулнисо Амонова коронавирус пандемияси энди бошланаётган январь-февраль ойларида чегаралар бирин-кетин ёпилиши ортидан Хитойда 200 дан зиёд Ўзбекистон фуқароси қолиб кетгани ва шу вақтга қадар улар ватанга қайтишнинг имконини топа олмагани ҳақида сўзлайди.

Февраль ойи бошида Ўзбекистон эпидемиологик вазият мураккаблашиб бораётган Хитойдан юзлаб фуқароларини олиб чиққан эди.

Бироқ Амонованинг сўзларига кўра, барча ўзбекистонликлар ҳам рейсларга сиғмаган ёки шунчаки чартер рейслар рўйхатига илина олмаган.

"Кимдир нима учун пандемия шароитида Хитойда қолдинглар, ким мажбур қилди, дейиши мумкин, лекин кўп талабаларнинг кетишга имкони бўлмади. Шахсан ўзимнинг чартер рейсларга навбатим етиб келмади", билдиради оиласи Ўзбекистонда қолган бу аёл.

Амонова ўзининг моддий тарафдан шароити қониқарли экани, аммо Ўзбекистонда онаси оғир аҳволда ётгани сабабдан ҳам зудлик билан ортга қайтишга уринаётганини қўшимча қилади.

Талаба эканини айтган Нурсултон Улжабоев моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолаётганини маълум қилади.

"Августда университет ётоқхонасидан чиқиб кетишимизни талаб қилишяпти. Стипендия тўхтаган. Моддий шароитим ёмон. Ўзбекистонда эса оилавий шароит қандай эканини ҳамма яхши билади", дейди у.

Хитойга бир йиллик тил курсида таҳсил олишга борган Ҳайитбек Боқибоев ҳам айни вазиятда эканини таъкидлайди.

Юлдузхон Акбарова
Сурат тагсўзи, Юлдузхон Акбарова

"Тил курси режаларини тугата олмаганимиз сабабли қайтадан ўқишимиз керак. Бунинг учун яна пул тўлашимизни талаб қилишяпти, лекин оилавий шароитимиз бунга тўғри келмайди".

"Шу сабабдан ортга қайтишим керак, лекин неча ойдирки чартер рейс қўйилмаяпти. Агар уйдагилардан яна пул сўрасам, бу икки баравар зарар дегани", қўшимча қилади онаси бетоб эканини билдирган Ҳайитбек.

Дилафрўз Очилова эса Хитойдаги ўқишини ташлаб, Ўзбекистондаги олийгоҳларга ҳужжат топширгани, аммо қайтиб кела олмаётгани сабабидан кун сайин кириш имтиҳонларига улгуриш имконияти камайиб бораётганини билдиради.

Дилафрўз ўқишни ўзи каби ватанда давом эттириш ниятидаги ёшлар кўп экани, лекин улар ҳам айни муаммо билан юзлашиб турганини қўшимча қилади.

Қамалишим етмай турганди

Кўкрак саратонига чалинган андижонлик Юлдузхон Акбарова январь ойида Хитойга меҳмонга борган бўйи ҳануз бу мамлакатдан чиқиб кета олмаётганини айтади.

"Бу ерда оғриқларим кучайиб кетяпти. Ҳар ойда химия, уколлар олиб турардим. Бу ерда ҳеч қандай дори-дармон ололмаяпман. Оғриқ қолдирувчи дорилар ҳам таъсир қилмаяпти", кўзига ёш олади аёл.

Акбарова визаси муддати тугаб бораётгани дард устига чипқон бўлаётганини таъкидлайди.

"Августдан кейин виза босиб бермаймиз, деяпти. Камига қамаб ҳам қўямиз, деяпти. Шунча дардим турганда, энди қамалишим ҳам қолувдими, деб хафа бўлиб ўтирибман".

Депутат бизни барибир тушунмаса керак

Олий Мажлис депутати Алишер Қодиров 21 июль куни ўз Телеграм каналида вируснинг кенг тарқалиб кетиши олдини олиш йўлида хориждаги ватандошларни Ўзбекистонга қайтаришни тўхтатиб туришни таклиф этган эди.

Би-би-сига йўлланган видеода Хитойда қолиб кетаётган ўзбекистонликлар бу ўйланмай илгари сурилган таклиф эканини таъкидлайдилар.

"Тўғри, тўхтатилиши керак, лекин ҳамманинг ҳам шароити ҳар хил. Депутатларнинг ҳам фарзандлари чет элда қолиб кетганда эди, аллақачон, уйга қайтариб олиб келишган бўлишар эди", дейди Дилафрўз Очилова.

"Бу таклиф бизга жуда ёмон таъсир қилди. У киши ўз уйида, оиласи бағрида тинчгина яшаб келмоқда. Ҳурматли депутатимиз бизнинг ҳолатимизни тушуниб етишига шубҳам бор", қўшимча қилади Нурсултон Улжабоев.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 июль куни ўтган видеоселектор давомида хорижда қолиб кетган ўзбекистонликлар масаласига тўхталган эди.

Президент ортга қайтиш истагида бўлган ҳамма фуқароларни олиб келиниши ҳақида гапирганди.

"Ҳамма четда юрган, келаман, деган фуқароларимизни албатта олиб келамиз. Оғир, лекин бошқа иложимиз йўқ. Улар ватанига, оиласига келмоқчи. Олдимизда қиш. Улар бошқа жойларда сарсон-саргардон бўлиб юриши керак эмас. Улар ҳам бизнинг - Ўзбекистон фуқаролари", деган эди президент.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek