Ўзбекистон: Мирзиёев Пайғамбар ёшини нишонламоқда - O'zbekiston

Сурат манбаси, Official
24 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев 63 ёшга тўлди.
Бу Мирзиёевнинг президент сифатида тўртинчи бор таваллуд кунини нишонлаши.
2016 йил сентябрида тўсатдан вафот этган Ислом Каримовнинг ўрнини Конституцияга биноан ўша пайтдаги Сенат раҳбари Ниғматилла Йўлдошев эмас, 59 ёшли бош вазир Шавкат Мирзиёев эгаллаганди.
Мирзиёев 13 йиллик бош вазирлиги даврида унинг туғилган куни бирон марта ҳам расмий матбуотда эсланмаган.
Одамлар собиқ бош вазирнинг расмий таржимаи ҳолидан у президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан сўнг хабардор бўлишганди.
Шавкат мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлаган.
Унинг ижро ҳокимиятидаги фаолияти 1990 йиллар бошидан бошланган.
У 1992 йилдан 2003 йилга қадар Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими, Жиззах вилояти ҳокими, Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган.
Мирзиёев 2003 йилда Бош вазирга айланган ва ушбу лавозимга яна уч марта - 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.
2016 йилдан Ўзбекистон Республикаси президенти.
Президент матбуот хизмати Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон президентлари 24 июль куни Шавкат Мирзиёевни 63 ёши билан табриклагани ҳақида хабар берган.
Мирзиёевнинг Пайғамбар ёши жума кунига ва Ўзбекистонда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият муракккаблигича қолаётган паллага тўғри келган.
Пайшанба куни Мирзиёев карантин чораларини 1 августдан кейин ҳам узайтириш ҳақидаги республика махсус комиссияси таклифига розилик билдиргани хабар қилинган.
Карантин яна қанча муддатга узайтирилиши ҳозирча номаълум.
Мирзиёев карантин вақтида аҳолига тўғридан-тўғри моддий ёрдам тарқатиш чақириқларин жавобсиз қолдирмоқда.
Мустақил иқтисодчиларга кўра, ҳукуматнинг пандемия вақтида кўрган иқтисодий чоралари асосан, монопол мавқейидаги корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Шунингдек, миллиардлаб маблағлар жойлардаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентликлари ҳамда бошқа мутасаддилар томонидан талонтарож қилинган.
Бизни кечиринглар - ҳокимлар
23 июль куни Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари сектор раҳбарлари ва ўз ўринбосарлари билан телевидение орқали жон эфирда ўз ҳудудлари аҳолисига мурожаат қилганлар.

Сурат манбаси, Screenshot
«Оилавий» телеканали орқали эфирга узатилган мурожаатлар давомида ҳокимларнинг айримлари коронавирус пандемиясига ўз вақтида кўрилмаган тайёргарлик, аҳоли орасида касаллик кенг ёйилиб бораётгани, беморларнинг ўлимида ҳокимиятларнинг айби бор эканини тан олиб, одамлардан узр сўраганлар.
Хусусан, Сергели тумани ҳокими Бахтиёр Шомуродов, Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов, Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев, Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметов, Бектемир тумани ҳокими Шоҳруҳ Мамажонов, Миробод тумани ҳокими Шуҳрат Пўлатов мавжуд мураккаб вазият юзасидан ўз туманлари яшовчиларидан кечирим сўраганлар.
Вафот этган шифокорлар рўйхати
Президент Мирзиёев пайшанба куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган шифокорлар, ички ишлар органлари, мудофаа, фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва Миллий гвардия ходимларини турли фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлашни кўзда тутувчи фармонга имзо чеккан.

Сурат манбаси, Official
Эътиборлиси, олти инсон вафотидан сўнг «Жасорати» медали билан тақдирланган:
•Джуманиязова Зулфия Юлдашовна (марҳум) — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали неврология бўлими катта ҳамшираси
•Нафасов Шавкат Насирович (марҳум) — Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг бўлим бошлиғи
•Тухтаева Феруза Аскаровна (марҳум) — Олмазор туманидаги 18-оилавий поликлиникаси катта ҳамшираси, Тошкент шаҳри
•Уралов Алишер Ташкуватович (марҳум) — Яккасарой туманидаги марказий поликлиникаси ультратовуш ташхиси шифокори, Тошкент шаҳри
•Хамрақулов Ботир Жабборович (марҳум) — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари
•Шамахмудов Аълохон Абзалович (марҳум) — Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бўлим бошлиғининг ўринбосари
1,300 кислород концентратори
Хитойдан 1300 та кислород концентратори, 20 та ПЗР синов аппарати ҳамда вирусга қарши дорилар олиб келинди, дея хабар берган Ўзбекистон 24 телеканали.
«Ушбу жиҳозлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрига топширилади. Вазирлик ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда уларни тақсимлайди», дейилади хабарда.
Яқин орада яна шунча тиббиёт ускуналари ва дори-дармонлар етказилиши ҳам маълум қилинган.
Бундан аввал президент Шавкат Мирзиёев коронавирус беморлари учун зарур бўлган кислород концентраторларини олиб келишда тадбиркорларга енгилликлар яратиш, эҳтиёж бўлса, махсус учоқ ажратишга кўрсатма берган эди.
Коронавирусга чалинган амалдорлар
Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев яна бир бор аҳоли, тиббиёт ходимлари, дорихона эгалари, сектор раҳбарлари, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ва маҳалла фаолларига мурожаат қилган.
Мазкур брифинг давомида ҳоким айни кунга қадар вилоят прокуратураси, ИИБ бошқармаси, вилоят почта, кадастр, Қарши ва Қамаши туман ҳокимликларида амалдорлар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилганини маълум қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























