You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Айшвария Райда ҳам коронавирус, Трамп ниқоб тақди, Россияда хавотир - O'zbekiston, Россия
Амитабх Баччанда коронавирус, Трамп ниқоб тақди, Россияда хавотир - bbcuzbek.com дайжести - Болливуд афсонаси ортидан, унинг ўғли, келини ва набирасида ҳам коронавирус аниқланди. АҚШ президенти илк бор жамоатчилик кўз ўнгида ниқобда кўриниш берди. Россияда коронавирусдан ўлим ҳоллари шунчалик ортаяптими?
Коронавирус: Энг ёмони ҳали олдиндами? O'zbekiston, koronavirus, дунё - BBC News O'zbek
Болливуд ва коронавирус
Амитабх ва Абхишек Баччанда ҳам коронавирус аниқланди.
Кеча, 11 июл куни икковлон ҳам бу ҳақда ўзлари хабар беришди.
Миллионлаб фолловерларини ўз ҳолларидан огоҳ этиб, твит қилишди.
Маълум бўлишича, COVID-19 ташхиси аввал Амитабх Баччанга қўйилган.
Бунинг ортидан, унинг оила аъзолари ҳам коронавирусга текширилган.
Кечроқ вирус ўғли Абхишекда ҳам аниқланган.
Шанба кунидан фарқли тарзда, бугун, якшанба куни келини ва набирасининг намунаси ҳам мусбат чиққан.
Рафиқаси Жая Баччан ва қолган оила аъзоларида вирус аниқланмаган.
Аммо уйлари карантинга олинган.
77 ёшли Амитабх Баччан ва ўғли Мумбайдаги Нанавати касалхонасига ётқизилган.
Ўғли Абхишекнинг ёзишича, ота-бола икковлонда ҳам коронавирус енгил кечмоқда.
Катта сондаги одам уларни маънан қўллаб-қувватлашга тушиб кетишган.
Уларнинг орасида Ҳиндистон киносининг таниқли усталари, юлдуз спортчиларнинг борликлари ҳам кўрилган.
Ҳиндистон жорий пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган учта давлатидан биттаси бўлади.
Ҳозирга келиб, Ҳиндистонда жаъми коронавирус ҳоллари қарийб бир миллионга яқинлашган.
Трамп ниқобда
АҚШ президенти илк бор омма кўз ўнгида юз ниқобида кўриниш берган. Янгилик сарлавҳаларга чиққан.
Дональд Трамп шу пайтгача соҳа мутахассисларининг бу хусусдаги ўгит ва даъватларига қулоқ тутмаган.
Матбуот ва мухолифларининг танқидларини ҳам эътиборсиз қолдирган. Юз ниқоби тақишга ошкора рўйхушлик бермаган.
АҚШ президенти шанба куни Вашингтон чеккасидаги ҳарбий госпиталга борган.
У ердаги ярадор ҳарбийлар ва коронавирус беморларига қараётган шифокорлар билан учрашган.
Оқ уйдан чиқишдан аввал, "Ниқобда юриш зўр экани"ни айтган.
"Ниқобга ҳеч қачон қарши бўлмагани"ни таъкидлаган.
Аммо, "ҳар бир нарсанинг ўз ўрни, вақти борлиги фикрида собит экани"ни ҳам қўшимча қилишни унутмаган.
Уолтер Ридга эса, вертолётда борган.
Трампнинг орада коронавирусга текширувдан ўтгани маълум.
Дунёдаги энг кўп коронавирус ҳоллари эса, айнан АҚШ ҳисобига тўғри келади.
Ҳозирга келиб, Америка Қўшма Штатларида коронавирус юқтирган инсонларнинг сони қарийб уч ярим миллион кишига яқинлашган.
Уларнинг орасида ўнлаб ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам айтилади.
АҚШ дунёнинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд тўртта давлатидан биттаси бўлади. Ўзбекистонликлар сони тахминан 300 мингга нисбат берилади.
Шу пайтгача у ерда бўлган уч нафар ўзбекистонликнинг коронавирусдан вафот этгани расман тасдиқланган.
Россияда хавотир
АҚШ ва Ҳиндистонда антирекордлар қайд этилаётган бир манзарада Россияда ҳам хавотирлар ортган.
Коронавирусдан жаъми ўлим ҳоллари қарийб 11 мингтага етган.
Россия ҳозир дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртинчи давлати бўлиб турибди.
Хавотирларга кўра, агар, динамика шу тарзда давом этса, Россия яқин орада ўлим ҳоллари бўйича ҳам жаҳонда юқори ўнталик сафидан жой олиши мумкин.
Бугун, 12 июль ҳолатига кўра, Россияда жаъми коронавирус ҳоллари қарийб бир миллионга яқинлашган - 720 мингдан ортган.
Россия эса, дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Глобал коронавирус пандемияси боис эса, уларнинг аксарияти оғир аҳволда қолган, ўз ишларини йўқотган, даромадларидан мосуво қолган ва қандай бўлмасин, уйга қайтиш истагида.
Озмунча эмасликлари айтилган коронавирус юқтирганларининг рисоладагидек тиббий муолажага имконсиз аҳволда эканликлари эса, маҳаллий фаолларнинг жиддий хавотирларига молик воқеъликка айланган.
Уларнинг аҳволига яқинда Халқаро Миграция ташкилоти ҳам эътибор қаратган, жадаллик билан ёрдам кўрсатилмаса, бунинг оқибатлари жиддий бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирган.
Ҳам минтақа ҳукуматлари ва ҳам муҳожирларнинг ўзларига ҳар томонлама кўмак зарурлигини таъкидлаганди.
Бутун дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони эса, 13 миллион кишига яқинлашди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek