Ўзбекистон: 27-ўлим, ўқитувчиларга енгиллик ва энди дорилар қиммат бўлмайдими? O'zbekiston янгиликлар

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Коронавирусдан зарарланган қашқадарёлик эркакнинг шифокорга кеч мурожаат қилиши унинг вафотига сабаб бўлган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилмоқда.

"Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ. шу йилнинг 7 июнь куни Тошкент вилояти Янгиюл туманига бориб, 12 июнь куни Тошкент-Қарши тезюрар (Афросиёб) поездида яшаш манзилига қайтган. Орадан уч кун ўтиб, яъни жорий йилнинг 15 июнь куни тана ҳарорати кўтарилган ва у узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган", дейилади хабарда.

Шунингдек, марҳумнинг 5 йил давомида қандли диабетнинг оғир кўринишини бошдан кечириб юргани ҳам айтилмоқда.

С.Ҳ. 29 июнь куни шифокорга кеч мурожаат қилгач, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимацияга бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган, аммо кўрсатилган ёрдамга қарамай вафот этган.

Монополияга қарши кураш

Ўзбекистон: Энди ҳалол миллионерлар пайдо бўладими? Мирзиёев, O'zbekiston - BBC News O'zbek

Монополияга қарши кураш қўмитаси қатор ташкилотларнинг ҳуқуқ ва имтиёзларини бекор қилиш таклиф этилган президент фармони ва қонун лойиҳаларини ишлаб чиқди.

Лойиҳаларда «Ўзметкомбинат» АЖнинг қора металларни, «Ўзавторсветмет» АЖнинг рангли металларни, «Давлат белгиси» ДУКнинг турли хил қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқаришидаги монопол ҳолати ва эксклюзив ҳуқуқларини, «Ўзстандарт» Агентлигига тегишли ўлчов воситаларини текшириш ва штрих-кодларни бериш бўйича корхоналари каби монополияларни бекор қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари муайян соҳаларда лойиҳалаш ишлари учун индивидуал дизайн институтлари, алоҳида давлат идораларига хизмат кўрсатадиган индивидуал суғурта компаниялари монопол ҳолати бекор қилиниши кўзда тутилган.

Шунингдек, бизнес учун тенг бўлмаган шарт-шароитларни, хусусан, «Ўзбекипаксаноат», «Ўзёғмойсаноат», «Ўзелтехсаноат», «Паррандасаноат», «Ўзбекистонасаларичилари», картошка ишлаб чиқарувчилар, «Ўзчармсаноат» каби турли бирлашмалар аъзоларига, "Халқ банк", «Микрокредитбанк», «Агроэкспортбанк» тижорат банклари, индивидуал пахта ва тўқимачилик кластерларга бериладиган имтиёз ва преференцияларини бекор бўлиши ҳам кўзда тутилган.

Ушбу рўйхатни тўлдириш учун аҳолидан таклифларни кутиб қоламиз, дейилади хабарда.

Ўзбекистон Осиё кубогига мезбонлик қилмоқчи

Осиё футбол конфедерацияси 2027 йилги Осиё кубоги мусобақасига мезбонлик қилиш учун таклиф юборган беш аъзо ассоциация номини расман тасдиқлади.

Қитъа биринчилигини қабул қилиш учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам давогарлик қилмоқда.

Бу ҳақида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг маълум қилган.

"Осиё кубоги баҳсларини қабул қилиш ҳуқуқи учун Ҳиндистон, Эрон, Қатар ва Саудия Арабистони ҳам ариза топширганлиги маълум қилинди. Keyingi навбатда, ОФК ҳар бир талабгор аъзо ассоциация билан тендер жараёнига доир зарурий ҳужжатлар устида иш олиб боради", билдирилади вазирлик хабарида.

XIX Осиё кубогининг расмий мезбони 2021 йилда эълон қилиниши режалаштирилган.

«Қимматбаҳо» дори-дармонлар бўйича қонун

1 июль куни тиббиёт ходимлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар, тиббиёт ходимлари ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги ноқонуний келишувларни олдини олишга хизмат қилувчи қонун қабул қилинди.

Адлия вазирлигининг ёзишича, мазкур ҳужжат соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган бўлиб, унга асосан тиббиёт ходимлари томонидан беморларга рецепт ёзишда дори воситаларининг савдо номини эмас, балки унинг таркибидаги таъсир қилувчи моддаларни ёзиш талаб этилади.

Хабарда бу қонун фуқароларга таркиби бир хил бўлган дори воситаларини ўзларининг хоҳишига асосан сотиб олишларига имконият яратиши айтилади.

Бундан ташқари Адлия вазирлиги ушбу қонун Ўзбекистон тарихида қабул қилинган илк элктрон ҳужжат эканини маълум қилмоқда.

Ўқитувчилар қоғозбозлик юкидан озод этилмоқда

Умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари томонидан юритиладиган ҳужжатлар сони биттагача қисқартирилди - ўқитувчилар энди биттагина журнал тўлдириш билан чекланишади.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби маълум қилди.

Маълум этилишича, бу ўқитувчиларга асосий эътиборини дарс машғулотларини янада қизиқарли қилиб ўтишга қаратиши учун шароит яратади.

Босқичма-босқич ўқитувчилар ва мактаб жамоаси фаолияти хужжатларни тўлдиришига қараб эмас, балки мактаб битирувчиларининг ҳаётда муваффақиятга эришишлари билан баҳоланишга ўтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek