Ўзбекистон ёзги карантин: Кондиционер коронавирус тарқатадими? O'zbekiston koronavirus

Ўзбекистонда чилла эшик қоқмоқда, карантин эса давом этаяпти.
Коронавирус тарқалишида ҳам жадаллашиш кузатилади.
Карантин нисбатан енгиллатилган бўлса-да, кўпчилик ҳамон кўп вақтини уйда ўтказмоқда.
Кўп қаватли уйларда яшовчи инсонлар кондиционерсиз ёзни ўтказиши қийин.
Бугун нафақат уйда, балки ишда, транспорт ё дўконларда ҳам кондиционерлар ишлайди.
Аммо Олимларга кўра, ҳаво совутгич коронавирус тарқалишига ҳисса кўшади.
Кондиционер вирусни қандай тарқатади ва ҳимоя йўллари нима? Видео:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Кондиционер ва коронавирус
Кондиционер орқали коронавирус тарқалиши эҳтимоли илк бора Хитойда аниқланган.
Ухандаги ресторанда кондиционер яқинида ўтирган 9 киши вирусни юқтирган.
Вирусни кондициоенр қаршисида овқатланган аёл тарқатган.
Аёл кўринишидан сопп-соғ бўлган.
Баъзи шифокорларга кўра, буни ҳали обдон ўрганиш керак.
Круиз, коронавирус ва кондиционер
Коронавирус топилган Даймонд Принцесс круиз кемаси кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.
Ундаги 3 минг йўловчидан 700 нафари вирусни юқтирганди.
Шифокорларга кўра, бунчалик кўп йўловчининг касал бўлишида кемадаги марказий ҳаво совутиш тизими, яъни кондиционерлар таъсири ҳам оз бўлмаган.
Аксар кондиционерлар ҳавони сўриб, совутиб, қайта пуркайди.
Бунинг устига, кондиционер ишлатганда, бино ё хона деразалари ёпиқ бўлади.

Сурат манбаси, EPA/MAK REMISSA
Вирус қайта пуркалади
Касал одам йўталса ё аксирса, совутгич вирусни ютиб, қайта сепади.
Бу ҳолатда вирус ўлмаслиги ва қурилма уни пуркаганда, яқин-атрофда ўтирган одамлар вирусни ютиши мумкинлиги эҳтимоли айтилади.
Шаксиз, уйдаги кондиционер хавфи жамоат жойларидаги кондиционерлардан анча паст.
Зотан кондиционер вирус манбаи эмас.
Шунчаки, бирон бемор одам кондиционер ёнида туриб, йўталса ё аксирса, сачраган вирус қурилмагага тушиши ва кейин совуқ ҳаво билан бирга ташқарига пуркалиши мумкин.
Албатта, Ўзбекистон иссиғида кўп қаватли уйларда яшовчи инсонлар ҳаво совутгичдан буткул воз кечиши имконсиз.
Лекин тез-тез дераза эшикларни очиб, хона ва уйни шамоллатиб туриш кераклиги айтилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























