Сардоба фожиаси: Бу ҳудудни биз сув иншооти учун яроқсиз деб топгандик – халқаро эксперт O'zbekiston

Сурат манбаси, President.uz
Сардоба фожиаси иқлим ўзгаришини ҳисобга олмаслик, 100 йиллик ёмон бошқарув, 30 йиллик сув жанжаллари, ҳамда илм-фан ва очиқ муҳокамалар эмас, балки тезлик билан сиёсий натижаларга эришиш талабларининг оқибатидир.
«Чегарасиз дарёлар» коалицияси (Rivers without Boundaries coalition)нинг халқаро координатори Евгений Симоновнинг хулосаси ана шундай. Симоновнинг Сардоба фожиаси ҳақидаги таҳлилий мақоласи thethirdpole.net сайтида нашр этилди. Мақола «Ўзбекистондаги тўғон ўпирилиши аввалдан кутилган фалокат эди» деб номланган.
Совет даврида Сирдарё ҳавзасида каналлар қурилишига раҳбарлик қилган Виктор Духовный ўз жамоаси бу ерларни бошқа сув инфратизилмаларини ривожлантириш учун яроқсиз деб топишганини айтади.
Май ойининг биринчи куни, тонгги 5.55да, беш кунлик ёғингарчиликдан сўнг Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори қулади ва атрофдаги пахта далаларию қишлоқларни сув босди. Расман олти киши ҳалок бўлгани айтилди, Ўзбекистон ва Қозоғистонда 35 минг гектар ерни сув босиб, камида 111 минг одам кўчирилди.
Ўзбекистонда тергов олиб борилмоқда, аммо турли фаразлар илгари сурилаётгани ҳақида бот-бот хабар тарқатилса-да, тергов қай йўсинда кетаётганини юқори доиралар очиқламаяпти, журналистлар учун матбуот анжуманлари ўтказилмади.
Симоновнинг ёзишича, Ўзбекистон расмийлари омбор деворларига сув босимини камайтириш ва тўғон деворларининг кўпроқ қисми қулашинининг олдини олиш учун, дарвозаларни очиб юборишган. Сув Жанубий Голодностепский канали ва унинг ирмоқларига тушган - расмийлар мақсади сувни шу канал ва ирмоқлар орқали Айдар-Арнасой кўлларига йўналтириш бўлган. Аммо, каналлар буни кўтаролмагач, сув тошиб кетган.

Сурат манбаси, President.uz
Мақолада Сувни мувофиқлаштириш бўйича давлатлар-аро комиссиянинг Марказий Осиё бўлими илмий ахборот директори Виктор Духовныйнинг ҳам фикрлари келтирилган.
Совет Иттифоқи даврида айни ҳудудда сув иншоотлари қурилишида ишлаган Духовныйнинг айтишича, Сардоба канали Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонни ўз ичига олувчи эски чегара-оша суғориш тизими канали устига қурилган. Сардоба тўғони барпо этилган кенгликлар «Голодная степь» (Оч чўллар) номини олган бўлиб, буғдой етиштириш учун табиатан жуда қуруқдир. Совет даврида бу ерларда йирик қишлоқ хўжалиги яратилиб, пахта етиштирилган. 1940-йилларда Советлар бугунги Тожикистон ҳудудида Фарҳод сув омборини қурган ва 1960-70-йилларга келиб унинг сувлари Жанубий Голодностепский каналга йўналтирила бошланган.
Духовный ана шу лойиҳанинг раҳбари бўлганини айтади. Унинг хотирлашича, баъзи жойларда қават-қават гипс устидан каналлар қуриш жуда қийин кечган, ва муҳандислар канал деворларига қўшимча лой қавати билан қоплаб, икки ойча хавфсиз туришига эришганлар.
Аммо, унга кўра, ишнинг уддасидан чиқсалар-да, улар бошқа сув инфратизилмаларини ривожлантириш учун Голодная Степни яроқсиз деб топишган. Духовныйнинг айтишича, Сардоба сув омборини ана шу эски каналлар тизими устига қуриш каналлар фаолиятини издан чиқарган ва фожиага етаклаган бўлиши мумкин.
Мақолага кўра, Сардоба фожиасида иқлим ўзгариши ҳам роль ўйнаган бўлиши мумкин. Биотурфахилликни асраш марказидаги Саноат сиёсати бўлими раҳбари Игорь Шкрадюкнинг айтишича: «Ўзбекистон ҳануз Совет давридаги ўлчамларни қўллаб келяпти… Аммо, иқлим ўзгарган. Марказий Осиё учун энг катта муаммолар - музликлар эриши билан дарёлардаги оқимнинг ортиши ва ёғингарчилик тартибининг ўзгаргани. Янги гидрологик моделларни яратаётганда иқлим ўзгарувчанлигини ҳисобга олиш зарур, ҳамда фожиали тошқинларни бартараф қилиш учун гидравлик муҳандислик тизимларини янгилаш керак.»

Сурат манбаси, Maktaaral.gov.kz
Симоновнинг ёзишича, 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келганида, қўшнилар билан сув заҳиралари устидан коллектив бошқарувни тиклашга уринди. Унинг бу «сув-ярашув»и яхши ният билан қилингандир, аммо тез суратларда тўғон қуриш қандай ижтимоий, табиий ва иқтисодий оқибатларга етаклаши тубдан ўрганилмаган. Биргина Сирдарё ҳавзасининг ўзида аллақачон йилига бир неча марта дарёлардан чиқадиган сувни ушлаб тура оладиган 60та йирик тўғон бор, дейилади мақолада.
Ўзбекистон ўзининг ўсиб бораётган иқтисоди учун янги электр манбаларини ҳам ривожлантиришни истайди. 2017 йил 12 майда ўтган «Бир камар, бир йўл» форумида Президент Мирзиёев 32та тўғонни таъмирлаш ва қуриш дастури учун Хитойдан 2,7 миллиард долларлик пул олишга келишди. Аммо, Сардоба тўғонининг қурувчиси ва юритувчиси сертификатланган гидромуҳандислик компанияси эмас, балки ана шу «Бир камар, бир йўл» стратегиясининг бошқа лойиҳаларида қатнашган Ўзбекистон Темир йўллари компаниясининг бир қисми эди.
Энди, фожиа ортидан, Мирзиёев Сардобанинг қулаш сабабларини ўрганиш бўйича комиссияга Сардоба тўғонини қуришга алоқадор мулозим - Абдуғани Сангиновни тайинлагани ҳам мақолада ёритилган.
Айни дамда, мақолада айтилишича, Қозоғистон тарафи Сардоба сув омборидан бутунлай воз кечишни ҳам сўрамоқда. Бу ҳақида Би-би-сига ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган яна икки манба билдирди.
«Бу омбор қурилиши биз билан келишилмаган. Биз бу тўғонни умуман қайта тикламаслик, агар қайта тикланса ҳам, кичик кўламда қилинишини талаб қиламиз,» - деган Қозоғистон атроф-муҳит вазири ўринбосари Сергей Громов.
25 майда Қозоғистон ҳукумати чегара-оша сув иншоотлари бўйича икки-томонлама комиссия тузиш келишувининг янги лойиҳасини интернетда жамоатчилик муҳокамасига қўйди, аммо 2 июнга келиб уни олиб ташлади. Симоновнинг тахминига кўра, бу Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий тортишувлар, ёки Қозоғистон ичидаги турли идоралар ўртасидаги фарқлардан нишона бўлиши мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek





























