Ҳаво йўллари раҳбарлигига хорижий мутахассис келди

Uzbekistan Airways самолётига чиқаётган йўловчилар

Сурат манбаси, UZAIRWAYS INTERNET

Published

Ўзбекистондаги маҳаллий нашрларнинг хабар тарқатишларича, 18 июн куни бўлиб ўтган "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" акционерларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида туркиялик Орхан Сиврикая бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тайинланган.

Навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарори ҳақидаги маълумот Ўзбекистондаги Корпоратив Ахборот ягона порталида эълон қилинган.

Бундан олдин "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"ни хорижий компания бошқарувига эмас, балки Ўзбекистон авиациясини ислоҳ этишга хориждан билимдон мутахассисларни жалб қилиш ҳақидаги фикрлар билдирилган эди.

gazeta.uz ёзишича, Орхан Сиврикая 2017 йил ноябрида "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясини стратегик ривожлантириш бўйича маслаҳатчи сифатида таклиф этилган.

1967 йили туғилган Орхан Сиврикая Босфор Университетининг саноат инженерлиги факултетини тугатган, техника фанлари доктори.

У фуқаролик авиацияси бўйича таниқли топ-менежер деб кўрилади.

Орхан Сиврикаянинг Туркия, Европа ва Шимолий Америкада масъул лавозимларида ишлагани, Turkish Airlines ширкатининг вице-президенти бўлгани хабар қилинади.

Орхан Сиврикая 2017 йили авиаширкат стратегик тараққиётига кўмаклашиш учун таклиф этилган

Сурат манбаси, uzairways.com

Сурат тагсўзи, Орхан Сиврикая 2017 йили Ўзбекистон авиаширкати стратегик тараққиётига кўмаклашиш учун таклиф этилган

Бугунга келиб расмий номи Uzbekistan Airwaysга ўзгартирилган Ўзбекистоннинг монопол авиаширкати коронавирус пандемияси боис мушкул вазиятга тушиб қолгани айтилади, экспертлар тахминларига кўра, 200 миллион доллари атрофида зарарга кирган.

25 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда авиакомпания ислоҳоти масаласи ҳам муҳокама этилгани хабар қилинди.

Ушбу йиғилишда Президент Мирзиёев томонидан "Uzbekistan Airways" ва "Uzbekistan Airports" акциядорлик жамиятларини пандемия таъсиридан олиб чиқиш бўйича бизнес модель ишлаб чиқиш вазифаси қўйилгани, Ўзбекистон фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, "Uzbekistan Airways"ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилгани, мамлакатдаги аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиш белгилангани ҳақида хабар тарқатди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Президент Мирзиёев "карантиндан энг кўп зарар кўрадиган "Uzbekistan Airways" ва "Uzbekistan Airports" акциядорлик жамиятларининг 122 миллион доллар кредитлари тўлов муддатлари узайтирилгани, 60 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилгани, Ўзбекистоннинг Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилган"ини айтди.

Пандемия сабаб жаҳондаги авиаширкатлар 2020 йил охирига бориб 270 миллиард доллар зарар кўришлари кутилаётган бир вақтда Ўзбекистон миллий авиакомпаниясини хорижий компания бошқарувига бериш мушкул иш бўлиши мумкин, агар қайсидир ширкат олишга рози бўлганда ҳам бу мамлакат учун манфаатли келишув бўлмайди, деб ҳисоблашади аксар кузатувчилар.

Охирги йилларда миллий авиакомпанияларни хусусийлаштириш эмас, аксинча, хусусий авиа ширкатларни давлат тасарруфига олиш тенденцияси кузатилаётганига эътибор қаратишади экспертлар.

Канададаги Sobirovs Law Firm ширкати раҳбари, тижорат ҳуқуқи ва халқаро авиация ҳуқуқи бўйича эксперт Раҳмад Собиров "Uzbekistan Airways"ни давлат назоратида сақлаб қолган ҳолда ширкатни ислоҳ қилиш учун бошқарувни чет эллик тажрибали мутахассисларга беришни таклиф этган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek