Ўзбекистон: Болам қамоқда қийноққа солишяпти деди, шундан сўнг ундан хабар бўлмаяпти

Сурат манбаси, Latofat Nabieva
Диний айбловлар билан қамалиб, 20 йилдан бери жазосини ўтаб келаётган маҳкум Фарруҳ Юлдашевнинг онаси Латофат Набиева бир неча кундан бери фарзандининг саломатлигидан кучли хавотирда эканини айтади.
Набиеванинг иддао қилишича, Навоий вилоятидаги 11-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган ўғли 11 июнь куни колония маъмуриятининг одатдаги рухсати асосида оиласига қўнғироқ қилган, суҳбат давомида эса Юлдашев колонияда унга нисбатан қийноқлар бўлаётгани, уни азоблашаётганини маълум қилган ва шу вақтда телефон алоқаси узилиб қолган.
Латофат Набиева ўша дақиқаларда ўғли яна икки бор қайта қўнғироқ қилгани, аммо икки бор ҳам алоқа назоратчилар томонидан узиб қўйилганини билдиради.
Онанинг сўзларига кўра, у телефон сўзлашувида айтганлари учун ўғлига эҳтимолий қийноқлар қўлланганидан ташвишга тушиб, ўтган кунлар давомида бир қанча расмий идораларга мурожаат этгани, аммо фарзандининг аҳволи тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмаётганини даъво қилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Фарруҳ Юлдашевнинг турмуш ўртоғи Марҳабо Юлдашева эса ҳам фарзандларининг отаси, ҳам қайнонасининг соғлигидан ташвишланаётганини айтади.
Узилган алоқа
Латофат Набиеванинг сўзларига кўра, 11-сонли жазони ижро этиш колонияси раҳбарияти ўртача ҳар бир ярим ойда маҳкумларга оиласи билан телефон орқали 10 дақиқа сўзлашиш имконини беради.
11 июнь куни ҳам Фарруҳ Юлдашев одатдагидек онасига сим қоққан.
Фарруҳ сўзлашув давомида тўсатдан колонияда маҳбусларни қийноққа солиш кучайиб бораётганини маълум қилган.
"Гаплаша бошлаганимизга икки дақиқача бўлган эди. Ўғлим "ойи, зулм жуда қаттиқ бўляпти, жуда қаттиқ зулм қилишяпти. Тезлик билан учрашадиган жойларга учрашинг. Генпрокуратура, МВДларга чиқинг", деб қолди. Шу заҳоти телефонни ўчириб қўйишди", сўзлайди Набиева.
"Бир пасдан кейин яна телефон бўлди. Сал сўрашгандек бўлди. Тағин шу мавзуда гапира бошлаганди, яна узиб қўйишди", давом этади у.

Латофат Набиева ўғлининг айнан қандай қийноқларни назарда тутганини аниқ билмаслиги, Фарруҳ вазиятни тасвирлаб беришга улгура олмаганини айтади.
"Менимча, нега бу маълумотларни уйингга беряпсан, деб шартта узиб қўйишди шекилли".
У шундан сўнг ўғлидан хавотир олиб, бир неча кун ичида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Жазони ижро этиш бош бошқармаси каби расмий идораларга мурожаат қилгани, аммо ҳозирча қониқарли жавоб ололмаганини билдиради.
"МВД билан гаплашдик, шикоятимизни айтдик, лекин мурожаатни бир ой ичида кўриб чиқамиз, дейишди".
"Колонияга ҳам телефон қилдик. Телефонга жавоб берган ходим "холажон, бизда ҳеч қанақа зулм йўқ, хавотир олманг", деб ёш болани алдагандек қўйиб қўйди", сўзлайди Набиева.
Она агар ўғлининг аҳволи яхши бўлганда, шунча мурожаатлардан сўнг унга истисно тариқасида ҳеч бўлмаганда бир марта оиласи билан гаплашиш имконини бериш мумкинлиги, аммо бундай бўлмаганидан, хавотири кун сайин ортиб бораётганини билдиради.
20 йиллик маҳкумлик
Латофат Набиева 1999 йил 16 февраль воқеалари ортидан ҳали 20 ёшга тўлмаган фарзанди диний айбловлар асосида қамоққа ташланганини айтади.
"Судда ўғлимнинг айби исботланмаган ҳам. Судья гувоҳларнинг кўрсатмалари, адвокатнинг сўзларини инобатга олмай, ўғлимни етти йилга кесворган. Шунча йил ичида арзимаган сабаблар билан ўғлимнинг муддатини 4-5 марта узайтиришди. Мана 20 ёшда кириб кетган ўғлим қамоқда 41 ёшга тўлди", даъво қилади у.
Набиева диний айбловлар билан қамалган, аммо ўз айбига иқрор бўлмаган маҳкумла доимий қийноқларга тутиб келинади, дейди.
Бироқ унинг иддаоларини мустақил тасдиқлаш имконсиздир.
Фарруҳ Юлдашевнинг рафиқаси Марҳабо Юлдашева эса, ҳозирда, ҳам турмуш ўртоғи, ҳам қайнонасининг саломатлигидан хавотирда эканини маълум қилади.
"Ойимнинг юраклари касал ўзи. Бу воқеадан кейин аҳволлари яна оғирлашиб қолди. Ҳар куни скорий чақирамиз, укол қиламиз".
"Энди, ҳақиқатан, аҳволлари яхши бўлганда… шунча жойга мурожаат қилинди. Бир оғиз телефон қилдириб қўйишса бўладику хотиржам қилиб қўйиш учун. Йўқ, телефон ҳам бўлгани йўқ, бирор жавоб ҳам. Қаерга мурожаат қилсангиз, ўн беш кун, бир ойда кўриб чиқилади, деган гап фақат", дейди Юлдашева.
Расмий муносабат
Би-би-си оила илгари сурган иддаолар ортидан 11-сонли жазони ижро этиш колонияси билан боғланди.
Қўнғироққа жавоб берган навбатчи Жазони ижро этиш бош бошқармаси рухсатисиз маҳкумлар тўғрисида маълумот берилмаслигини билдирди.
Жазони ижро этиш бош бошқармасига сим қоқилганда эса, Ички ишлар вазирлигининг ишонч рақамига телефон қилинг, деган жавоб олинди.
Шундан сўнг Би-би-си мазкур қийноқ иддаолари ва, айниқса, маҳкум Юлдашевнинг ҳозирги аҳволи тўғрисида изоҳ сўраб, Ички ишлар вазирлиги матбуот котибига мурожаат йўллади.
Мақола нашрга тайёрланаётган вақтга қадар расмийдан жавоб бўлмади.
"Қийноқлар бор, лекин ҳукумат буни тан олмаган"
Жорий йилнинг, асосан, ўтган бир ойи давомида Ўзбекистонда тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларидаги қийноқларга чек қўйиш йўлида қатор ўзгаришлар кўзга ташланган.
Хусусан, 22 май куни Вазирлар маҳкамасининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазони ижро этиш соҳасидаги қатор маълумотларни махфийликдан чиқаришга қаратилган қарори қабул қилинган ва унга кўра, жазони ижро этиш муассасалари ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар очиқланаши белгиланган.
29 май куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган брифингда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ушлаб туриш, ҳибсда сақлаш, тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича мустақил қўмита ташкил этилиши мумкинлигини маълум қилган.
Айни брифингда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев жазони ижро этиш муассасалари, тергов изоляторлари, махсус ҳибсхоналарда қийноққа солиш ҳолатлари мавжудчилиги, бундай ҳолатлар олдин ҳам жуда кўп бўлгани, фақат Ўзбекистон ҳукумати буни тан олмаганини таъкидлаган.
Омбудсманнинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда ўтган йил давомида жиноятда гумон қилинаётганлар ва маҳкумларга нисбатан ғайриқонуний муносабат ҳамда қийноқлар юзасидан 138 та шикоят келиб тушганини кўриш мумкин.
Ҳисоботда, келиб тушган шикоятларга асосан, инсонларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар юз берган муассасаларнинг рўйхати келтирилади ва улар ичида Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш колонияси ҳам бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























