Денов бозори бузилиши: одамларни рози қилиш ҳақида ўйлашмаяпти

Бозор бузилиши оқибатида даромадсиз қолишларини айтганлар сотувчилар

Сурат манбаси, YouTube

Сурат тагсўзи, Бозор бузилиши оқибатида даромадсиз қолишларини айтганлар сотувчилар
Published

Денов деҳқон бозорида савдо қилаётган тадбиркорлар ва маҳаллий яшовчиларнинг айтишларича, деҳқон бозори бузилиши туфайли зарар кўраётган ҳар бир инсонга зарарини қоплаб бериш маҳаллий бюджетга юкланган.

Аммо коронавирус пандемияси боис маҳаллий бюджетнинг ўзи абгор аҳволда, шунинг учун ҳам Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг сотувчиларга берган ваъдасининг уддасидан чиқишнинг имкони бўлмаяпти.

17 июн куни Денов деҳқон бозорида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилаётганлар ҳамда бозор ҳудудида ўз маблағи ҳисобига дўкон барпо этган тадбиркорларнинг норозилиги акс этган видео тарқалди.

Бир кунда ярим миллион марта томоша қилинган видеода савдо қилувчилар бозор ўзларининг ягона даромад манбаи эканини, бузилаётгани туфайли даромад манбаидан маҳрум бўлаётганини айтадилар, янги бозорда ҳар бир жой учун 500 АҚШ доллари талаб қилишаётганини, бунча пулни тўлашга имкони йўқлигини билдирадилар.

Видео мурожаат эгалари Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб бозорни бузмасликни сўрадилар.

Унда Денов бозори атрофида ҳаддан зиёд гавжумлик юзага келиб, жиддий муаммолар ва аҳоли учун ноқулайлик туғдираётгани айтилади ва бозорни шаҳардан ташқарига кўчиришга қарор қилингани маълум қилинади.

Вилоят ҳокимлигига кўра, ҳозирги бозорда 1266 ўринли савдо растаси бўлса, янги деҳқон бозорида 1300 ли савдо растаси ва 43 савдо дўкони қурилган.

Яқинда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов бозор аҳли билан учрашган ва бирор киши ҳам норози қилинмаслигини айтган.

Янги бозорда Денов деҳқон бозорига қараганда савдо растаси кўп, дейди вилоят ҳокимлиги

Сурат манбаси, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги

Сурат тагсўзи, Янги бозорда Денов деҳқон бозорига қараганда савдо растаси кўп, дейди вилоят ҳокимлиги

"Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов жорий йилнинг 5 июнь куни Денов тумани ҳокимлиги биносида бир гуруҳ озиқ-овқат маҳсулотларини сотувчилар билан учрашиб, деҳқон бозорининг янгисига кўчирилишига оид саволларига батафсил жавоб қайтарган ҳамда кўчириш жараёни янги бозор ва унинг атрофини ободонлаштириш, тозалаш ва қора қоплама ётқизиш ишлари тўлиқ якунига етказилгандан кейин, ўшанда ҳам қонуний тартибда, ҳеч бир сотувчини норози қилмайдиган тарзда амалга оширилишини тушунтирган эди", дейилади вилоят ҳокимлиги тарқатган расмий баёнотда.

Аммо 17 июн куни тарқатилган видеода бозорда қишлоқ хўжалиги билан савдо қилаётганларнинг сўзларига кўра, ўзларининг мурожаатлари ва бозор бузилиши оқибатида даромадсиз қолишлари ҳақидаги хавотирлари мутасаддиларни ўйлантирмаяпти, янги бозорда "жойлар аллақачон эгали бўлиб бўлган".

Видео мурожаат эгалари коронавирус пандемияси туфайли савдолари камайиб қийналиб қолганларини айтадилар, шундай бир шароитда раҳбарлар аҳволларини оғирлаштираётганларидан шикоят қиладилар.

Деновлик тадбиркорларнинг айтишларича, бозор бузилиши оқибатида зарар кўрган инсонларга зиёнларини қоплаб бериш, вилоят ҳокими сўзларига кўра "рози қилиш" маҳаллий бюджетдан бўлиши кўзда тутилган, бироқ охирги уч ойлик коронавирус карантини бюджетнинг аҳволини ҳам танг қилиб қўйган.

Шу сабабдан ҳам "юқорининг буйруғини бажаришга шошилаётганлар бозордагиларни норози қилиб бозор бузилишини тезлаштираётганга ўхшайдилар", дейишади маҳаллий яшовчилар.

Денов Бош режаси

Президент Мирзиёев 2019 йил октябрида Деновга ташриф буюрган

Сурат манбаси, Президент матбуот хизмати

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев 2019 йил октябрида Деновга ташриф буюрган

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган вақтида унга Денов туманини ривожлантиришнинг бош режасини тақдим этишган эди.

Расмийларнинг фикрича, Деновнинг архитектура режасига урбанизация нуқтаи назаридан ёндашилмаган ва энди бу хатони тузатиш фурсати етган.

"Сурхондарё вилоятининг энг кўп аҳолиси истиқомат қилаётган Денов тумани Бош режасига ўз вақтида урбанизация нуқтаи назардан ёндашилмаганлиги сабабли айрим йирик саноат корхоналари, деҳқон ва буюм бозорлари туман маркази - Денов шаҳрида жойлаштирилган.

Натижада аҳоли энг гавжум бўладиган мазкур ҳудудда кириш ва чиқиш учун йўлларнинг торлиги, автомобиллар учун тўхташ жойлари ва инфратузилма тармоқлари етарли эмаслиги жиддий муаммолар туғдирмоқда. Айниқса, шаҳардаги деҳқон бозори атрофи бутунлай издан чиққан ва аҳолига жуда катта ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.

Ана шуларнинг барчасини инобатга олиб, 2020-2022 йиллар давомида туманда саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, туман марказининг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича 505 та замонавий лойиҳани жорий этиш белгиланди", дейилади Сурхондарё вилоят ҳокимлиги тарқатган расмий баёнотда.

Шу йил 9 апрелда Президент Мирзиёев Деновга бағишлаб махсус қарор имзолаган, шу асосда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори қабул қилинди.

Аммо ҳозирча президент ва ҳукумат қарорлари ижроси оддий одамларни рози қиладиган даражада таъминлаётганга ўхшамайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва Денов тумани ҳокимлигига мурожаат қилди ва деҳқон бозори ва бош режага оид саволларни берди. Ҳозирча расмийлар жавоб қайтарганлари йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek