Ўзбекистон: сўралганларнинг 74 фоизи Россия бошчилигидаги ЕОИИга қўшилишни истайди. Янгиликлар

Published

Ўзбекистонда бугун нима янгиликлар?

  • Сўров хулосасига кўра, унда иштирок этган мингдан зиёд ўзбекистонликнинг 74% қисми Россия бошчилигидаги Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилишни ёқлайди.
  • Ўзбекистон МТРК ёки Миллий Телерадиокомпания учун 40 миллион АҚШ доллари ажратади.
  • Президент Мирзиёев ҳокимларни огоҳлантирди.

Ўзбеклар кимга қўшилишни истайди?

Январь-февраль ойларида Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази аҳоли ўртасида "Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТга эҳтимолий аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш" бўйича аноним сўровнома ўтказгани хабар қилинмоқда.

Сўровномада тадқиқотчилар, олимлар, давлат хизматчилари, хусусий сектор вакиллари, ўқитувчи ва талабалардан иборат 1300 дан ортиқ респондент иштирок этгани маълум этилган.

Жаҳон тажрибаси асосида ишлаб чиқилгани таъкидланган ушбу сўровнома қатнашчиларининг 74 фоизи Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлишини ёқлаган бўлса, 78 фоиз респондент Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзоликни қўллаб-қувватлагани айтилади.

"Ҳокимларни огоҳлантираман!"

19 май куни ўтган видеоселектор давомида президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар ҳуқуқларини кафолатлаш, мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.

"Барча ҳокимларни огоҳлантираман. Бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутилмайди, балки қонун олдида жавоб беради", таъкидлаган президент.

Давлат раҳбари, шунингдек, мутасадди идораларга мулк дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мулкни компенсация қилиш бўйича тадбиркорлар фойдасига чиқарилган суд қарорлари ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича кўрсатмалар берган.

Бундан ташқари ушбу видеоселекторда сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод этилган.

Коронавирусга оид аҳвол:

  • 20 май соат 16:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус аниқланган беморлар сони 2927 нафарни ташкил этмоқда.
  • 47 нафар фуқарода вирус аниқланган.
  • Айни вақтга қадар 2366 бемор касалликдан соғайган.
  • Шифохоналарда қолаётган 6 нафар беморнинг аҳволи оғир.
  • Шу кунгача қайд этилган ўлим ҳолатлари 13та.

Телерадиокомпания учун $40 млн

Шавкат Мирзиёев 18 май куни 2020 йил учун мўлжалланган давлат бюджетига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунга имзо чеккан.

Podrobno.uz сайти, ушбу ҳужжатга кўра, Миллий телерадиокомпания (МТРК)га жорий йилда давлат бюджетидан 410,4 миллиард сўм ёки $40,4 миллион ажратилаётганига эътибор қаратган.

Шунингдек, интернет нашри 2020 йилда бюджетдан энг кўп пул олаётган вазирликлар рўйхатини ҳам тузиб чиққан:

1. Молия вазирлиги - 37,1 триллион сўм

2. Халқ таълими вазирлиги - 17,8 триллион сўм

3. Мактабгача таълим вазирлиги - 4,6 триллион сўм

4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги - 3,07 триллион сўм

5. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги - 2,6 триллион сўм

6. Транспорт вазирлиги - 2,6 триллион сўм

Томорқа учун жарима солиш керакми?

Ҳуқуқнушос Нуриддин Муродов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида чоп этилган мақоласида "томорқадан унумли фойдаланмади" важи билан аҳолига жарима солиш ғоясини танқид қилган.

Бундан аввалроқ, томорқасидан "унумли фойдаланмаган" шахслар учун жарима белгилаш режаланган, аммо ушбу мазмундаги қонун Сенат томонидан рад этилган эди.

Сенат қонунда "оқилона фойдаланмаслик" ва "самарасиз фойдаланиш" тушунчалари очиб берилмагани, президент кўрсатмаси билан "Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида"ги қонун ишлаб чиқилиши ва унда бу махвум тушунчаларга ойдинлик киритилишини билдирган эди.

Бироқ Нуриддиновнинг сўзларига кўра, ҳар қандай вазиятда ҳам аҳоли қўлидаги томорқага аралашиш мақсадга мувофиқ эмас.

"Агар Сенат қарорида келтирилган тушунчаларга ойдинлик киритган ҳолатда ҳам жарима қўллашни ёки бошқа чора қўллашни кўзласак, нафақат нотўғри, балки, билиб-билмай хусусий мулкка дахл қилган, аҳолининг шахсий ишларига аралашган бўламиз ҳамда халқаро жамоатчилик олдида ҳам нотўғри муносабат уйғотамиз. Негаки, аксар давлатларда томорқа эгаларини экмадинг, деб жавобгарликка тортиш кулгили ҳолат саналади", дея ёзади ҳуқуқшунос.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek