Ўзбекистон: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бош прокуратура ўртасидаги тортишув тугади — Қонунсизликдан Бош прокурорнинг ўзи ҳимояланганми? O'zbekiston

Сурат манбаси, kun.uz
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 34 одамга коронавирус тарқатган шифокорнинг ҳимоясига чиқди. Вазирлик қонун нима учун ҳаммага баробар эмас, демоқда. Бу саволни Бош прокуратурага собиқ депутатлар ҳам бермоқда. Бош прокуратурадаги Би-би-си манбаси эса қонунсизлик олдида ўзлари ҳам фақат яхши ният қилишга мажбурлигини айтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанддаги шифокорини ҳимоя қилиб Бош прокуратурага мурожаат йўллади.
Маълум бўлишича, Оқдарё туман тиббиёт бирлашмаси бўлим мудирига 34 кишига коронавирус инфекциясини юқтиришга сабабчи бўлганлиги учун устидан жиноий иш очилган.
Шифокор Жиноят кодексининг 257-моддаси Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузишнинг, биринчи банди билан айбланмоқда.
Вазирлик ўз ходими Жиноят кодексида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этмагани ва ушбу моддадаги жиноятни бошқалар ҳам содир этиб жазосиз қолаётгани учун уни бекор қилишни сўраган.
Вазирлик бу модда билан фақатгина тиббиёт ходимлари жавобгар қилиниши мумкинлиги қонунда кўрсатилмаганлигини таъкидлаган.
"Тана ҳарорати ошганлигини била туриб, шифокорга мурожаат этмасдан ўзгага инфекция юқтирганлик учун жавобгарликка тортиш мумкин бўлса, нега унда юзлаб ҳолатларда қонуннинг бундай кучидан фойдаланилмади?", дея савол беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев.
Муҳаммадиев самарқандлик жуда катта тадбиркорнинг фарзанди кўпчиликка худди шундай шароитда коронавирус юқтирганлиги ва нима учун ушбу ҳолатда қонуннинг шу меъёридан фойдаланилмаганини савол остига олган.
Бош прокуратура ҳолатни ўрганиб чиққанидан сўнг Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан тиббиёт ходимига очилган жиноят ишини бекор қилди.
Бош прокурор маслаҳатчиси ва матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Сардоба фожиасига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида чиқиши Ўзбекистонда қонуннинг ҳамма учун баробар ишлайдими деган саволни яна бир бор кўтарилишига сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз Сардоба сув омборининг ўпирилиши бўйича жиноят ишини ДХХ ИИВ билан ҳамкорликда олиб бормоқда. Бироқ матбуот анжуманида у ҳақда маълумотларни ДХХ матбуот котиби эмас Бош прокуратура матбуот котиби берган.
Халқаро пресс- клубда Шамсутдинов Конституцияда ҳар бир фуқаронинг айбсизлик презумпцияси белгиланганини эслатган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ижтимоий тармоқдагилар Сардоба Сув омбори бўйича тергов тугаб, суд ҳукми ўқилмасдан барвақт хулоса чиқараётганини таъкидлаган.
Би-би-си матбуот котибига мурожаат қилиб, айбсизлик принципи кимларга нисбатан бузилганига ойдинлик киритишни сўради.
Ҳаёт Шамсутдинов жиноят иши бўйича ҳозирча қўшимча йўқлигини айтди.
Наманган вилоят кенгаши собиқ депутати Олимжон Тўхтаназаров Ўзбекистонда айбсизлик презумпцияси борлигидан ҳайратини яширмади.
"Айбсизлик Презумпцияси бор экан а. Лекин, бу яқинда чиққан қонун бўлса керак. Бўлмаса, 2018 йилда ҳали судни ҳукми чиқмай мени бутун 250 та ОАВларида "таништиришган" эди. Ёки бу қонун менга тегишли эмасмиди?", деб савол берган у.
Тўхтаназаров суд қилинмасдан олдин айбига "иқрор" бўлгани ҳақидаги ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан олинган видео лавҳалар интернетга сиздирилган эди.
Ўзбекистонда суд қарори чиқмасданоқ, айбланувчига жиноятчи деб қаралиши кенг ёйилгани кузатилади.
2018 йилнинг июл ойида "Ўзбекистон 24" каналида Самарқанд вилоят ҳокими лавозимидан олинган Туробжон Жўраев ҳақида унинг суди ҳали бўлмасдан танқидий репортаж намойиш қилинганди.
ЎзА 2017 йил 24 ноябр ойида чоп қилган мақолада 29 ёшар Умида Узоқовани маҳкама қарорисиз экстремистга чиқарди.
Кейинчалик Узақованинг Би-би-сига айтишича, бу вақтда у Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси биносида қийноқ ва таҳқирларга тутилаётган бўлган.
Ҳали суди бўлмаган шахсларни айблаш юқори минбарлардан ҳам янграйди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 21 июн куни ҳали маҳкамаси бўлмаган Собиқ Бош прокурор ва ДХХнинг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев узоқ муддатга панжара ортига ташланиши эҳтимолига ишора қилганди.
"Абдуллаеви ҳам, бошқаси ҳам катта срок олади ҳали," — деб айтган Шавкат Мирзиёев.
Президент бундан икки йил олдин собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров иши бўйича ҳам шунга ўхшаш баёнот берган.
У Қодировни "икки ойда телевизорга чиқариб, гапиртириши"ни айтганди.
Би-би-си Бош прокуратурадаги манбасидан нима учун Бош прокурор айбсизлик презумпцияси каби қонунларнинг ишлашини назорат қилмаётгани у ҳам ўтмишдошлари Рашитжон Қодиров, Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродовларнинг аҳволига тушиб қолиши кафолатланмаганини билади-ку, деб савол сўради.
Манбамиз Бош прокурорнинг ўтмишдошлари аҳволига тушиб қолмаслик учун яхши ният қилишдан бошқа чораси йўқлигини айтди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























