Ўзбекистон, коронавирус: юқтирганларнинг сони 2779 га етди Koronavirus

Published

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 май соат 16 гача Covid-19 вирусини юқтирган ўзбекистонликларнинг сони 17 нафарга кўпайиб, жами 2779 кишини ташкил этгани ҳақида хабар берди.

Бундан олдин янги қайд қилинган ҳолатлардан учтаси хориждан чартер рейслари билан ватанига қайтарилган Ўзбекистон фуқаролари, қолганлари карантинда сақланаётган инсонларда аниқлангани маълум қилинганди.

18 май куни Тошкентда самарқандлик бемор вафот этгани, ушбу фожеа билан Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатлари сони 13 га етгани хабар қилинди.

Бир кун олдин Сурхондарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасида врачлар назоратида бўлган эркак вафот этганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, узоқ масофаларга қатнайдиган юк автомобилининг ҳайдовчиси бўлган ва Сирдарё вилоятида истиқомат қилган инсон Россиядан Тожикистон орқали Сурхондарёга кириб борган.

У 5 май куни Термиздаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган, текширувда Covid-19 инфекциясини юқтиргани ҳам аниқланган.

Сунъий нафас олдириш аппаратида ушлаб турилгани ва Тошкентдан шифокорларнинг консилиумлари билан назорат қилиб турилганига қарамасдан, 17 май куни юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этгани айтилди.

Расмийларга кўра, Сурхондарё вилоятида коронавирусни юқтирган бир бемор шифохонада қолаяпти, у соғайса, вилоятни коронавирусдан холи ҳудуд деб эълон қилиш мумкин.

Давлат Бош санитар инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган инсонларнинг сони 2293 кишини ташкил этганини айтди.

Айни пайтда Самарқанд вилояти янги ҳолатлар аниқланиши бўйича етакчилик қилаётгани боис карантин қоидалари кучайтирилган, амалда бўлган чекловлар ўз кучида қолиши хабар қилинган. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида жорий этилган карантинни енгиллаштириш шартларини Самарқандда тадбиқ этмасликка қарор қилган вилоятдаги комиссия.

18 май кунидан пойтахт Тошкентда соат 6:00 дан соат 22:00 гача автомобилларнинг стикерсиз ҳаракатланишига рухсат берилди.

Эрталабдан Тошкентдан Бухоро ва Қаршига "Афросиёб" тезюрар поездлари, Андижонга илк йўловчи поездлари жўнаб кетган.

Тошкентдан республика ҳудудларига парвозлар амалга оширилган.

Шу кунгача поезд ва самолётга чиқадиган фуқаролардан коронавирусни юқтирмагани ҳақидаги тест натижаси талаб қилиниши айтилган, битта тест таҳлилининг нархи 224 минг сўм экани хабар берилган эди.

Ушбу мавзу Интернет ижтимоий тармоқларида кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Республика махсус комиссияси тест ҳақидаги маълумотнома талабини бекор қилди.

"Карантин шароитида аҳолининг иқтисодий ҳолатини эътиборга олиб, шунингдек, ҳаракатланиш вақтида йўловчиларнинг ижтимоий масофа сақлашига шароит мавжудлигини назарда тутиб, қолаверса, фуқароларнинг ҳудудлараро ҳаракатланишида ортиқча ноқулайликлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссияси томонидан ушбу талаб бекор қилинди", дея хабар тарқатди расмийлар.

Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар қилишича, Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган Ўзбекистон фуқароларини ватанига ўтишига ижозат берилган.

"Россия ва Қозоғистон билан олиб борилган музокаралар натижасида чегарада тўпланган ўзбекистонликларни истисно тариқасида автобусларда Ўзбекистонга олиб келишга рухсат берилади. Фуқароларнинг шахсий автомобиллари Самара вилоятида ташкил этилган махсус автотурагоҳда қолдирилади.

Чегара ёпиқ ва ҳозир фуқаролар фақат бир марта истисно тариқасида олиб ўтилади. Шунинг учун Россиядаги бошқа ҳайдовчилар ҳам келаверса, улар чегарадан ўтказилмайди.

Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган бошқа фуқаролардан доимий ёки вақтинчалик яшаш жойларига қайтиб туришлари, ташкил қилинган чартер рейслар учун рўйхатдан ўтиб, навбати келганда Ўзбекистонга кириб келишлари сўралган", дейилади Миграция агентлиги матбуот котиби тарқатган хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek