You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Истеъмолдан чиққан «прописка» ва Бухорода нега кучли шамол бўлган эди? O'zbekiston
30 апрель соат 12:00 ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 2017 нафарни ташкил этганча қолмоқда.
29 апрель куни давомида жами 63 янги бемор аниқлангани хабар қилинган эди.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 1096 инсон бу касалликдан соғайган, 9 ўлим ҳолати қайд этилган.
Сўнгги кунларда соғайганлар сони айни вақтда касалликдан даволанаётганларникидан ошиб кетган.
"Ҳар кимга «сиз» деб мурожаат қилиш керак"
29 апрель куни видеоселектор ўтказган президент Мирзиёев барча ички ишлар органлари, шунингдек, Миллий гвардия ходимларидан одамларга хуш муомала қилишни талаб этган.
"ГАИ ходимлари ҳам, ички ишлар ходимлари ҳам, Миллий гвардия ходимлари ҳам, биламан, чарчаган улар ҳам, лекин бу масалага оқилона ёндашиши, вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир одам билан «Сиз» деб гаплашиши керак", таъкидлаган президент.
Карантин чоралари амалда бўлган пайтда орган ходимлари одамлар билан мулоқотда ваколати доирасидан четга чиқиб кетгани, фуқароларга босим ўтказгани тўғрисида хабарлар чиққан.
30 апрель куни Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ҳокимият ва орган вакиллари тадбиркор дуч келган муаммони ўрганиш учун келган журналист Хуршид Далиевга қўпол муносабатда бўлаётгани тасвирланган видео тарқалган.
«Прописка» истеъмолдан чиқарилди
Қонунчилик палатаси депутатлари "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси кўриб чиққани хабар қилинмоқда.
Депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасида "доимий прописка" жумласи "яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш" сўзларига алмаштирилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти берилмоқда.
Бундан ташқари эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотишига доир қоидалар бекор қилинган ҳамда эр-хотинга улар никоҳдан ўтган куннинг ўзида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилган.
Бироқ айни вақтда ушбу қонун лойиҳаси қабул қилингани тўғрисидаги хабар парламентнинг расмий вебсайтидан олиб ташланган.
Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни ўнлаб йиллардан бери фуқаролар ҳуқуқларини бузиб келгани айтилган прописка тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги ҳужжатга имзо чеккан эди.
Бухорода нега кучли шамол бўлган эди?
Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) 27 апрель куни Бухоро ва Навоий вилоятида кузатилган кучли шамол юзасидан изоҳ берди.
"Ушбу табиий офатга хорижий жануб ҳудуди устида шаклланган циклон сабаб бўлди. 27 апрель кечқурун совуқ циклон фронти Ўзбекистоннинг Туркманистонга туташ жануби-ғарбий туманларидан ўтди.
Атмосфера фронти зонасида иккита — кундузи 34-37 даражагача қизиган иссиқ ва совуқ циклон фронти ортидаги салқин ҳаво оқимлари тўқнашди, бу ҳолат ҳавонинг юқорига кучли ҳаракатланиши учун барча шароитларни яратди ҳамда момақалдироқ ва шиддатли шамолнинг ривожланишига олиб келди", дейилади изоҳда.
Ўзгидромет коронавирус пандемияси пайтида метеорологик маълумотлар ҳажми камайгани ортидан бундай табиий офатларни олдиндан башорат қилиш қийинлашганини таъкидлаган.
"Шамол шундай экстремал тезликка эришишини олдиндан прогноз қилиш мумкинмиди? Афсуски, барча об-ҳаво ҳодисаларини, шу жумладан хавфли ҳодисаларни олдиндан билиш қийин. Бир жойнинг ўзида юзага келадиган кичик ҳудудларни қамраб олиб жуда тез ривожланадиган локал (маҳаллий) ҳодисаларни прогнозлаш жуда мураккаб ҳисобланади. Ҳар холда турли жаҳон об-ҳаво марказларининг ҳисоб-китобларига кўра ҳам 27-28 апрель кунлари шамолнинг тезлиги секундига 20 метрдан юқори бўлиши кутилмаган эди", қўшимча қилинади хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek