Коронавирус болангизга қандай хавф солишини биласизми? Koronavirus O'zbekiston va dunyo

Сурат манбаси, Courtesy
- Author, Мишель Фернандес
- Role, BBC Future
- Published
Умуман, рақамларга қараганда, болаларда коронавирус енгил ўтмоқда.
Аммо ота-оналар ўз фарзандлари хавфсизлиги борасида иложи борича кўпроқ маълумот ва жавоб топишга интиладилар.
1. Коронавирус болаларга юқадими?
Ҳа. Болалар ҳам катталар каби коронавирусни юқтирадилар ва уларда ҳам Covid-19 касали аломатлари пайдо бўлиши мумкин.
"Аввалига болаларга коронавирус юқмас экан, деб ўйлагандик, аммо ҳозир уларда ҳам жараён катталардаги каби кечиши аниқланди" - дейди Оксфорд университети профессори Эндрю Поллард.
"Шунчаки, болаларда касаллик аломатлари енгил кечади".
Хитойдаги Касалликлар олдини олиш ва назорат қилиш маркази маълумотларига кўра, Covid-19 юқтирган 72314 беморнинг атиги 2% ҳали 19 ёшга тўлмаган ёшлар.
АҚШдаги тадқиқотда эса 508 нафар бемор кузатилган бўлиб, улар орасидаги бемор болалардан ҳеч бири нобуд бўлмаган.
Зотан, бемор болалар сони ҳам 1% бўлган, холос.
Дунё миқёсида кузатилган ҳолатларга қарасак, болалар орасида касаллик юқиши кам учрамоқда.
Шуниси ҳам борки, кўп мамлакатларда фақат аҳволи оғирлашган ёки касалхонага тушган беморлар коронавирусга текширилмоқда.
Яъни болалар вирусни юқтирса ҳам, аҳволи ёмонлашиб касалхонага тушмаган бўлса, беморлар рўйхатига ҳам тушмайди.
"Шаксиз, коронавирус юққан болалар биз ўйлагандан кўра кўп" - дейди Британиядаги Саутҳемптон касалхонаси маслаҳатчи шифокори Санжай Пател.
"Биз мамлакатдаги ҳар бир болани текшира олмаймиз-ку".

Сурат манбаси, kun.uz/ssv
2. Болаларда касаллик қандай кечади?
"Ҳатто бошқа жиддий касали бор, дейлик, саратондан даволанаётган болаларда ҳам Covid-19 касали кексаларга нисбатан анча енгил ўтмоқда" - дейди Оксфорд университети профессори Эндрю Поллард.
Аммо ўтган март ойи охирида Бельгияда 12 яшар қизалоқ ва Лондонда 13 яшар ўсмир бола коронавирус сабабли нобуд бўлгани айтилди.
Хитойда ҳам 14 яшар ўспирин ўлими ҳақида хабар чиқди.
Хитойдаги текширувларга биноан, вирусни юқтирган болаларнинг ярмидан кўпроғида иситма, йўтал, томоқ оғриғи, тумов ва аксириш каби аломатлар намоён бўлган.
Ҳар учинчи болада зотилжам (пневмония) белгилари кузатилган ва кўпинча иситма, нам йўтал ва хириллаш пайдо бўлган.
Аммо нафас олишга қийналиш каби оғир ҳолатлар кузатилмаган.
"Болаларда кўпинча юқори нафас йўллари - бурун, оғиз ва томоқ зарарланади" - дейди Саутҳемптон университети маслаҳатчи шифокори Грэм Робертс.
"Шу сабабли уларда шамоллаш аломатлари пайдо бўлади ва вирус қуйи нафас олиш аъзоларига, яъни ўпкага тушиб бормайди".
"Натижада болаларда ҳаётга хавф солувчи зотилжам кузатилмайди".
ЖССТ февраль ойида Хитой бўйича тўплаган маълумотларга кўра, коронавирус юққани аниқланган одамларнинг атиги 2.4% ҳали 18 ёшга етмаган болалардир.
Буларнинг ҳам фақат 2.5% қисмида касаллик жиддий тус олган.
Ўта оғир ҳолат эса 0.2% деб айтилади.
Кам сонли болаларда вирус юққанидан кейин ҳам ҳеч қандай касаллик аломати кузатилмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
3. Нега болаларда енгил кечади?
"Вирус учун тўқима юзасидаги оқсил жуда муҳим. Чунки вирус тўқима ичига кириб, уни яксон этиши керак" - тушунтиради Грэм Робертс.
"Афтидан, коронавирус АСЕ-2 рецепторидан ўзига йўл очадиган туйнук сифатида фойдаланади. Болаларнинг қуйи нафас йўлларида эса у анча кам бўлса керак. Шу боис болаларда кўпроқ юқори нафас йўллари зарарланмоқда".
Балки шу боис ҳам болалар касалликни енгил шамоллаш каби ўтказишаётгандир.
Қатор олимлар буни катта ёшдагиларнинг иммун тизими кексайгани сари, янги инфекцияларга қарши курашда ожиз қолиши эҳтимоли билан ҳам изоҳлашади.
Бола иммун тизими катталарникидан фарқли тарзда, ҳали шаклланиш босқичида бўлади.
Болалар - хусусан, боғча ва мактабга борадиганлари - жуда кўп хилдаги нафас йўллари инфекцияларига дуч келишади ва уларнинг қонида аксилтаначалар даражаси баланд бўлади.
"Бола организми инфекцияга интенсив тарзда реакция беради ва уларда ҳарорат тез кўтарилади" - дейди Робертс.
"Ҳойнаҳой, болаларнинг иммун тизими вирусни назорат қила олади ва уни юқори нафас йўлларидан пастга туширмай, вирусни енгади".
Хитойлик олимларнинг айтишича, болаларда юрак-қон томири касалликлари жуда камлиги ҳам бу ўринда аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Яна бир сабаби: оғир касалланган катта ёшдаги одамларнинг иммун тизими вирусга қарши ҳаддан ошиқ реакция беради ва оқибатда тана аъзолари ишдан чиқиши ва ҳатто ўлим кузатилиши мумкин.
Болаларнинг яхши ривожланмаган иммун тизими эса вирусга қарши бундай қаттиқ жавоб қайтармайди.
Болаларнинг иммун тизими ҳали 2003 йили САРСга қарши ҳам худди шундай жавоб бергани аниқланган.

Сурат манбаси, Getty Images
4. Симптомсиз болалар вирус тарқатишадими?
Ҳа, тарқатишади.
"Бу катта муаммо" - таъкидлайди Робертс - "Болалар жамиятда энг кўп инфекциялар тарқатишини катталар баъзида унутиб қўйишади".
Коронавирус ҳаводан - йўтал ва аксириш орқали юқади.
Шунингдек, бирон нарсанинг вирус тушган юзасини ушлаб, кейин қўлни кўз, бурун ё оғиз шиллиқ пардасига текизганда ҳам ўтади.
Хуллас, болалар вирусни ота-оналари, буви-боболари ва бошқа оила аъзоларига юқтирадилар.
"Айнан касалликни енгил ўтказадиган болалар вирусни тарқатишда муҳим ўрин тутишади ва шу сабабли мактабларни ёпиш пандемияни жиловлаш учун жуда муҳим".
5. Болаларда енгил ўтадими?
Ҳа, масалан, вирусли грипп.
Болаларда грипп тумов каби ўтади.
Катта ёшлилар, хусусан, кексалар эса касалхона жонлантириш бўлимига ҳам тушадилар.
Британия бир неча йил олдин болаларни гриппга қарши эмлашни бошлаганди.
Бу эса болалардан ҳам кўра, уларнинг катта ёшли оила аъзоларини ҳимоя қилишга қаратилган чорадир.
6. Касалланиш болалар ёшига боғлиқми?
Шунга ўхшайди.
Хитойдаги маълумотларга биноан, жуда ёш чақалоқлар вирус олдида ожизлар.
Ҳар ўнтадан битта чақалоқда касаллик жиддий тус олган.
Лекин ёши каттароқ болаларда анча енгил кечган.
Масалан, 5 ёшдан ошган болалар вирусни юқтирганда, уларнинг ҳар юзтадан фақат 3-4 нафарининг аҳволи жиддийлашган.

Сурат манбаси, Getty Images
7. Ўсмирлар ҳам ҳимояланганми?
"Ўсмирларнинг иммун тизими катта ёшлиларникига яқинлашаётган бўлади" - дейди Робертс.
"Яъни ўспиринларнинг иммун тизими вирусни назорат қилишда болаларникидан фарқли тарзда самарали эмас".
Доктор Роберт шу ҳолатда бу вирус ҳали янги ҳодиса эканини, кўп фаразлар фақат кўриниб турган ҳолатларга қараб ўртага ташланаётганини ҳам урғулайди.
Хитойдаги тадқиқотлардан маълум бўлишича, 9 ёшга тўлмаган болаларда биронта ҳам ўлим ҳолати кузатилмаган.
19 ёшга тўлмаганлар орасида фақат бир бемор - 14 яшар ўспирин нобуд бўлган.
Британияда эса 23 март куни бошқа касали бор 18 яшар ўсмир ва кейинроқ, 1 апрель куни 13 яшар бола вафот этишди.

Сурат манбаси, Getty Images
8. Вирус чақалоқларга хавф соладими?
Ҳа.
Ухан ва Лондонда янги туғилган икки чақалоқ вирусни юқтиргани тасдиқланган.
Аммо улар она қорнида касалланганми ёки туғилгандан кейин - аниқ эмас.
Чунки иккала ҳолатда ҳам уларнинг оналари коронавирусга чалинган эди.
Ҳали туғилмаган ҳомилага коронавируслар таъсир қилиши борасида эса маълумотлар кўп эмас.
САРС ва МЕРС каби коронавируслар таъсирида ё ҳомила чала туғилган, ё она қорнида ривожланиши секинлашган.
Аммо Covid-19 ҳолатида ҳали бу учрамади.
9. Бола билан вирус ҳақида гаплашиш керакми?

Сурат манбаси, Getty/Nurphoto
"Ота-оналар болаларига коронавирусдан нобуд бўлмайсан, деб тушунтиришлари лозим. Болалар буни англашсин" - дейди Санжай Пател.
"Педиатрлар жуда яхши биламиз: Болалар энг ёмон оқибатлардан жуда қўрқишади, аммо буни очиқ тан олишмайди".
Доктор Полларднинг айтишича ҳам, барча ота-оналар фарзандларини тинчлантиришлари ва ҳар қанақа ҳолатда ҳам коронавирус уларга катта хавф солмаслигини тушунтиришлари муҳим.
"Болалар ва ўспиринлар ўз оила аъзолари ҳақида жуда қайғурадилар" - дейди Финландия Турку университети профессори Леннеа Карлссон.
"Биз уларга ҳозир мисли кўрилмаган давр эканлигини, биз нафақат ўзимиз ва оиламиз, балки ҳар бир инсон ҳақида қайғуришимиз зарурлигини тушунтиришимиз даркор".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek





























