Ўзбекистон: Шунча бойлигимиз бўла туриб, электр ва газ йўқ - Мирзиёев, O'zbekiston

Prezident Matbuot Xizmati

Сурат манбаси, Prezident Matbuot Xizmati

Сурат тагсўзи, Бу Мирзиёевнинг парламентга тўртинчи мурожаати бўлган
Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат олдига аҳолининг газ ва электр муаммосини ечиш масаласини қўйган.

"Шунча бойлигимиз бўлиб, одамларимизга салгина совуқ бўлса электр ўчишлари, газ етишмовчиликлари ҳозирги оддий ҳолатга айланиб бўлган, лекин бу мени жуда катта ташвишга соляпти", дея Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг биринчи қўшма мажлисидаги нутқидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz нашри.

"Мана, газ-нефть бўйича нечта раҳбар ўзгариб кетаётганини ўзингизлар кўряпсизлар. Нефть-газ бўйича биронта билимли, салоҳиятли одам йўқ, десак тўғри бўлади. Йўқ, кадрлар масаласи бўйича ҳеч ким шуғулланмаган.

Шунинг учун ер ости бойликларимиз, халқимиз биздан кутган натижаларни... шунча бойлигимиз бўлиб, одамларимизга салгина совуқ бўлса электр ўчишлари, газ етишмовчиликлари ҳозирги оддий ҳолатга айланиб бўлган, лекин бу мени жуда катта ташвишга соляпти ва агар шу масалаларни жой-жойига қўймас эканмиз, эртага иқтисодий барқарорликка эришиш жуда қийин бўлади. Негаки, ёқилғи-энергетика соҳасисиз саноатни ривожлантириш мумкин эмас.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мана, камида 4,5 млрд кВт/с электр энергияни импорт қиляпмиз. Бу йил жуда катта марра олдик - Ўзбекистон шароитида биринчи марта 73 млрд кВт/с электр энергияни таъминлаш бўйича. Бу жуда катта марра, бундай маррани бирон марта амалга ошира олмаганмиз", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг сўзлари жойларда электр таъминотида узилишлар яна кучайган вақт янграмоқда.

Мирзиёев ўзининг 2016 йил декабридаги илк президент сайловолди чиқишларида ҳам аҳолининг газ ва электр муаммоларини ҳал қилишга ваъда берганди, аммо ўтган вақт мобайнида вазият яхши томонга сезиларли даражада ўзгармаган.

Жойлардан келаётган хабарларга кўра, 22 декабрдаги парламент сайловлари ўтиб бўлгач, электр таъминотидаги узилишлар яна кўпайган.

Собиқ мулозим ва тадбиркор Абдулла Абдуқодировнинг Би-би-сига айтишича, ўз вақтида минтақада электр энергиясининг экспортери бўлган Ўзбекистоннинг ўзи ўтган йилларда саноат ва қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиши ҳисобига ҳозирда энергия тақчиллигини бошдан кечирмоқда.

"Электр энергияси ишлаб чиқариш, асосан, газни ёқиш билан боғлиқ бўлгани учун бу соҳада янги технологияларни жорий этиш жуда катта аҳамиятга эга", дейди тадбиркор.

Унинг сўзларига кўра, Президентнинг келаётган 5 йилда мамлакат Ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажмини қарийб икки баробарга ошириб, 100 миллиард долларга етказиш борасида ҳукумат олдига қўйган режаси "реал ва бунга эришишнинг бир нечта омиллари бор:

- қишлоқ хўжалиги инфраструктурасини тиклаш ва ривожлантириш: автомобил ва темир-йўллари, суғориш каналлари, ирригация тизимларини тиклаш;

- энергетикага катта эътибор бериш ва уни катта шаҳарларда узлуксиз бўлишини таъминлаш;

- озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш материаллари, электроника, текстил соҳаларига алоҳида эътибор бериш;

- қишлоқ хўжалиги ва шаҳарлар ўртасидаги айирбошлашни ҳисоблаш методикасини қайта кўриб чиқиш, яъни натурал айирбошлашни ҳисобга олиш;

-табиий газ эспортини қисқартириб, уни кўпроқ маҳаллий корхоналар истеъмолига қаратиш".

Аввалроқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов мамлакатнинг ўсиб бораётган ташқи қарзини инфратузилма лойиҳалари, жумладан, газ ва электр таъминотига йўналтиришни таклиф қилганди.

"Агар ташқи қарзни биринчи навбатда инфратузилмага: йўллар, сув билан таъминлаш, канализация тизимлари, газ ва электр билан таъминлаш йўналишларига йўналтирадиган бўлсак, бу албатта келгусидаги инвестициявий жозибадорлигимизга тўғридан тўғри ижобий таъсир қилади", - деган Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Kun.uz нашри билан суҳбатда.

Айни пайтда у жамоатчиликда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ўсиб бораётганидан пайдо бўлган хавотирларни аритишга уринган.

Унинг сўзларига кўра, ташқи қарз олиш хавотирли нарса эмас.

Сардор Умурзоқовнинг айтишича, ўтган йилнинг октябр ойи ҳолатига мамлакатнинг ташқи қарзи миқдори 21 миллиард доллардан ошган.

Вазирнинг таъкидлашича, хорижий инвестициялар миқдори 2018 йилга нисбатан деярли уч баробардан кўпроққа ўсган.

Ўтган ой Лондондондаги анжуман чоғида унинг ўринбосари Лазиз Қудратов Би-би-си билан суҳбатда ҳукумат қишлоқ жойларидаги аҳолининг газ ва электр муаммосини ечиш устида ишлаётганини айтганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek