Ўзбекистон: Вазир ўсиб бораётган ташқи қарзни газ ва электрга йўналтиришни таклиф қилди

Сурат манбаси, Kun.uz
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов мамлакатнинг ўсиб бораётган ташқи қарзини инфратузилма лойиҳалари, жумладан, газ ва электр таъминотига йўналтиришни таклиф қилган.
Бу ҳақда у Kun.uz нашри билан суҳбатда айтган.
"Агар ташқи қарзни биринчи навбатда инфратузилмага: йўллар, сув билан таъминлаш, канализация тизимлари, газ ва электр билан таъминлаш йўналишларига йўналтирадиган бўлсак, бу албатта келгусидаги инвестициявий жозибадорлигимизга тўғридан тўғри ижобий таъсир қилади", - деган Инвестициялар ва ташқи савдо вазири.
Айни пайтда у жамоатчиликда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ўсиб бораётганидан пайдо бўлган хавотирларни аритишга уринган.
Унинг сўзларига кўра, ташқи қарз олиш хавотирли нарса эмас.
"Агар бу қарз нотўғри сарфланса ёки шаффоф бўлмаган жараёнлар орқали ўзлаштирилса, ана шунда бу хавотирли бўлади", деб айтган вазир.
У ташқи қарзга олинган маблағларни шаффоф йўл билан ишлатишнинг муҳимлигини таъкидлаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Яъни пудратчиларни аниқлаш, ишни бажариб берадиган хоҳ хорижий, хоҳ ички ширкатларни аниқлаш жараёнларининг шаффофлигини ва нархларнинг тўғрилигини назорат қила олсак, қолаверса тўғри йўналишларга ишлатилса, бу маблағлар - иқтисодиётнинг келгусида ўсиши учун энг ижобий, энг катта омил бўлиб хизмат қилади", дея вазирнинг сўзларини келтиради Kun.uz нашри.
Мулозимга кўра, бу борада Ўзбекистон ҳукуматида "хавотирли жой йўқ".
Ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 7 миллиард долларга ошган, аммо аҳолининг газ ва электр муаммоси ҳал этилмаган.
Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг жорий ташқи қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажмига нисбатан "жуда ҳам паст даражада".

Сурат манбаси, RFE/RL
Қарз ўсмоқда, муаммолар ўша-ўша
Сардор Умурзоқовнинг айтишича, ўтган йилнинг октябр ойи ҳолатига мамлакатнинг ташқи қарзи миқдори 21 миллиард доллардан ошган.
Вазирнинг таъкидлашича, хорижий инвестициялар миқдори 2018 йилга нисбатан деярли уч баробардан кўпроққа ўсган.
Аввалроқ унинг ўринбосари Лазиз Қудратов Би-би-си билан суҳбатда ҳукумат қишлоқ жойларидаги аҳолининг газ ва электр муаммосини ечиш устида ишлаётганини айтганди.
У шунингдек, биринчи марта Tashkent City лойиҳасини амалга оширишда "қандайдир хатоларга йўл қўйилган бўлиши мумкин"лигини эътироф этган.
"Биз халқаро молия институтлари қўллаб-қувватловида йирик маблағларни йўллар, электр таъминоти ва сув канализацияси тизимларига йўналтираяпмиз. Бу йил сиз айтаётган инфратузилма лойиҳаларига маблағлар йўналтириш икки ҳиссадан кўпроққа ортди. Биз "Обод қишлоқ" , Обод маҳалла" сингари лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Уларнинг асосий мақсади қишлоқ жойларидаги аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашдан иборат. Ўзбекистоннинг истаган ҳудуди, шаҳри ёки қишлоғида яшаётган ватандош бирдек яхши шароитларга эга бўлиши керак. Ҳукуматнинг саъйи-ҳаракатлари шунга қаратилган. Ҳеч ким одамга ўхшаб яшаш учун қишлоқдан шаҳарга кўчиб келишга мажбур бўлмасин. Бу ҳукумат сиёсати, биз шу масала устида ишлаяпмиз", - деб айтган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Лазиз Қудратов Би-би-сига.
Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг 2016 йил декабридаги президент сайловолди чиқишларида аҳолининг газ ва электр муаммоларини ҳал қилишга ваъда берганди.
Жойлардан келаётган хабарларга кўра, 22 декабрдаги парламент сайловлари ўтиб бўлгач, электр таъминотидаги узилишлар яна кўпайган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























