Ўзбекистон: Автомобиллар учун янги йиғимлардан одамлар нега норози?

Янги йилдан бошлаб Ўзбекистонда автомобиллар учун янги йиғим ва тўловлар жорий қилинмоқда. Энди ҳокимлар ҳар бир литр бензин, дизель ва газ учун 25 сўмгача махсус йиғим жорий қила олади. Янги йиғимлар ижтимоий тармоқлардагиларнинг ғазабига сабаб бўлди.
Ҳокимлар яна молия вазирлиги билан келишган ҳолда транспорти бўлган ҳар бир шахсга ҳар йили олинадиган махсус йиғим жорий қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Шунингдек, энди вилоят ва туман йўл бўйларида парковка, яъни автотураргоҳлар пуллик бўлади бўлади.
Ҳукумат тушган пулларнинг барчасини йўлларнинг сифатини яхшилашга сарфлашини айтмоқда.
Бироқ ижтимоий тармоқдагиларни ушбу тушунтиришлар қаноатлантирмаяпти.
Одамлар бир вақтлар бекор қилинган солиқ ва йиғимларнинг яна қайтаётганидан норози.
Норозиликка сабаб бўлаётган фармон 9 декабр куни имзоланди.

Сурат манбаси, Screenshot
Facebookда Баҳриддин Арабиддинов йўл жамғармаси Ўзбекистонда энг катта икки жамғармадан бири эканлигини айтади.
"Халқ бензин билан газ нархида йўл учун керагидан ортиғи билан солиқ тўлаётганини раҳбарлар унутиб қўйдими, энди буниси ортиқча", - дейди у.
Dilmurod Mamarizoyev эса ҳозирда йўл фонди учун тўланаётган маблағлар қаерга сарфланаётгани ҳақида очиқ ҳисобот берилишини талаб қилган.
Кўпчилик ўз норозилигини киноя билан билдирган.
"Тутун солиғини ҳам, машинадан чиқадиган шовқин солиғини жорий қилиш керак", дейди Элёр Маткурбонов
"Нафас олгани учун ҳаво солиғи, пиёда юрадиганларга қадам солиғи, уйдан чиқмайдиганларга ўтириш солиғи, хуллас ҳамма нарса пуллик бўсин. Бешикдан қабргача пул тўла", дейди Jonibek Fayzullayev
Фикр билдирганлар орасида бу каби йиғимлар халқнинг сабрини тўлдираётгани ва одамлар кўчага чиқиши мумкинлигини айтганлар ҳам бор.
Ҳукумат нима учун одамларнинг ғазабини келтираётган фармонни чиқаришга мажбур бўлди?

Айни дамда Ўзбекистонда автомобил бошқарувчилари янги машинани сотиб олганда Йўл жамғармаси учун машина мотори кучидан келиб чиқиб пул тўлайди.
Масалан, янги Ласетти олган одам йўл жамғармасига ўртача 1,5 миллион сўм қўшимча равишда тўлайди.
Махсус йиғим дея қайтадан жорий қилинаётган транспортга эгалик учун тўлов олдин ҳам бор эди.
Бироқ бу йиғим автомобилдан фойдаланмайдиган машина соҳиблари учун адолатсизлик, дея бекор қилиниб, унинг ўрнига ёнилғи солиғи жорий қилинди.
2019 йилнинг январ ойида эса ушбу солиқ акциз солиғи дея ўзгартирилди. Ҳайдовчилар бир литр бензин пулининг 20 фоизини қўшимча акциз солиғи сифатида тўлаб келмоқда.
Ушбу акциз солиғининг маълум қисми Молия вазирлиги томонидан йўл фондига ажратилиб келинмоқда.
Бундан ташқари юридик корхоналар бажарилган ишлар ҳажмидан 1,4 фоиз Йўл жамғармаси учун солиқ тўларди.
Ушбу солиқ тури 2019 йилнинг январидан бекор қилинди.
Корхоналарнинг йўл солиғи бекор қилинган бўлса-да, Президент фармонида айтилишича, охирги йилларда йўл қурилиш ва таъмирлаш ишлари деярли 3 баробарга ўсди.
"Обод қишлоқ" дастури остида пайдо бўлганидан бери асфальт кўрмаган ёки капитал таъмирланмай келаётган йўллар таъмирланди.
Уларнинг сифати бошқа мавзу бўлса-да, ушбу ишлар қилингани ва бунинг учун олдингидан кўпроқ пул сарфлангани айтилади.
Лекин ушбу харажатлар асосан давлат бюджети зиммасига тушган.
Ҳукумат давлат бюджетига тушаётган юкни камайтириш учун ҳам йўлга кетаётган маблағни автомобилчилар зиммасига кўпроқ юклашни мақсад қилгани айтилмоқда.
Бу суръатда давом этадиган бўлса, Ўзбекистонда машина олиш эмас, балки кўплаб ривожланган давлатлардаги каби уни сақлаш ва фойдаланиш қимматлашиб бораверади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























