Ўзбекистон: Ортиқхўжаевнинг таҳдидларидан сўнг матбуотга нима бўлди?

Сурат манбаси, kun.uz
Президент Шавкат Мирзиёев Конституция кунига бағишланган нутқида амалдорларни оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилмаслик ҳақида яна бир бор огоҳлантирган.
Аввалроқ Лондондаги Uzinvest Forum га ташриф буюрган Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ҳам матбуот эркинлиги борасида ортга қадам қўйилмаслигини таъкидлашганди.
Президент ва ҳукумат мулозимларининг сўз ва матбуот эркинлиги ҳақидаги баёнотлари Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдиди манзарасида янграмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
16 ноябр куни ижтимоий тармоқларга сиздирилган аудиода ҳоким журналистларни "шес секундда" йўқ қилиб юбориш ёки "гейга чиқариш" билан таҳдид қилган.
Бунинг ортидан Президент Мирзиёев ҳукумат мажлисида зўравон ҳокимларни қоралаган ва журналистларни ҳимоя қилган, аммо шахсан Жаҳонгир Ортиқхўжаев номини тилга олмаган.
Лондонда ўтган Uzinvest Forum анжумани чоғида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ҳам Би-би-сининг бу ҳақдаги саволига жавобан Президент ва Бош прокуратуранинг баёнотини эслатди.
Аммо Тошкент шаҳар ҳокими ва сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдидини шахсан қоралашдан бош тортди.
Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева ва Қонунчилик палатаси инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсман эса Би-би-сининг бу ҳақдаги сўровини жавобсиз қолдирди.

Сурат манбаси, Kun.uz
Бош прокуратура "Ж.Ортиқхўжаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас", деган хулосага келган.
27 ноябр кунги расмий баёнотда айтилишича, "Ж.Ортиқхўжаев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахси бўла туриб, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмасдан, ҳақоратли ва қўпол сўзларни ишлатган. Бироқ, унинг ножўя сўзлари умумий тарзда айтилган, муайян шахсга қаратилмаган, реал таҳдид йўқ".
Бош прокуратура шу боис ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этган.
16 ноябр кунги аудиода Тошкент шаҳар ҳокими мажбурий меҳнатни ҳам оқлашга уринганди.
У "ўзи миллий қадрият" деб атаган ҳашарнинг йўқолиб кетаётганида ҳам мажбурий меҳнат ҳақида бонг ураётган журналистларни айблаган.
"Қадриятдан айрилиб қолдик-ку", дея таассуф билдирган Ортиқхўжаев.
Би-би-си 27 ноябр куни Лондондаги Форумда иштирок этган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Йонас Аструпдан ҳоким ва сенатор Ортиқхўжаевнинг мажбурий меҳнат ҳақидаги баёнотига муносабатини сўради.
Би-би-си: Яқинда интернетга сиздирилган аудиода Тошкент шаҳар ҳокими журналистларга таҳдид қилиш баробарида мажбури меҳнатни ҳам оқлашга уринган. Ортиқхўжаевнинг назарида мажбурий меҳнат деган нарса йўқ, балки «ҳашар» бор. Сиз бунга нима дейсиз?
Йонас Аструп: Авваламбор, бизнинг назаримизда эркин матбуот фақат мажбурий меҳнатга қарши кураш ва ислоҳотлар учун, балки умумиятла, Ўзбекистоннинг келажаги учун муҳим. Бунга тескари бўлган ҳеч қандай баёнотга қўшилмаймиз. Иккинчи масала, ҳашар. Бу жуда қизиқ мавзу. Агар Халқаро Меҳнат Ташкилотининг конвенцияларига қарасангиз, уларда жамоаларнинг бир-бирига ёрдамлашиши ҳақидаги истисно бор. Ихтиёрий, жамоавий меҳнат тушунчаси мавжуд. Мен ишонаманки, ҳашар бу Ўзбекистонда жамоа, маҳалла аҳлининг ихтиёрий равишда бир-бирига ёрдам бериши. Тўй-маърака бўладими, ариқ-зовур тозалаш ёки ер чопишга ўхшаган. Буни жамоат ташкил қилади ва бу ихтиёрий. Мажбурий меҳнат нуқтаи назаридан бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо кўпроқ ташкиллаштирилган ҳашарлар бўлади. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг конвенциялари уларга тааллуқли эмас. Бу ерда мажбурий меҳнатга доир одатдаги қоидалар ишлайди. Яъни одамлар мажбурланган ишни "ҳашар" деёлмайсиз. Ҳашар бўлиши учун одамлар ихтиёрий асосда уюшган ва қатнашмаганлари тақдирда салбий оқибатлардан қўрқмасликлари керак. Ўзбекистонда ҳашар мавзуси жиддий муҳокама қилиниши керак, деб ўйлайман. Чунки ҳашарларнинг қандай ташкил этилиши масаласида ҳамма нарса ҳам унчалик аниқ эмас. Ва биз келаси йил бошида ҳукумат билан бу масалани муҳокама қилмоқчимиз. ..

Би-би-си: Тошкент шаҳар ҳокими билан ҳам муҳокама қиласизми?
Йонас Аструп: Умид қиламанки, ҳа. Бажонидил...
Би-би-си: Сиз унинг таҳдидини қоралайсизми?
Йонас Аструп: Назаримда, "қоралаш" қаттиқроқ ибора. Айтганимдек, сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигига путур етказадиган ҳеч нарса билан биз келишмаймиз ва қоралаймиз.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























